Давлат солиқ қўмитасини собиқ Меҳнат вазири Шерзод Қудбиев бошқаради

Шерзод Қудбиев . Ўзбекистон халқаро пресс-клуб фотосурати

Ўзбекистон парламенти депутатлари президент маслаҳатчиси Шерзод Қудбиевнинг Давлат солиқ қўмитаси раислигига тайинланишини маъқулладилар. Бу ҳақда Uzdaily.uz хабар беради.

Шунингдек, сессияда Қонунчилик палатаси депутатлари ДСҚ раҳбари Беҳзод Мусаевни Бош вазирнинг ижтимоий ривожланиш масалалари бўйича ўринбосар лавозимига лойиқ топдилар. Энди парламент қарорини мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев тасдиқлаши лозим.

2018 йили парламентга мурожаат қилган президент Қонунчилик палатаси ҳукумат вазирлари номзодларини тасдиқлашда иштирок этишлари кераклигини айтиб ўтганди. «Бўлажак вазир у ёки бу соҳадаги ривожланиш дастурини ёқлаб чиқсин, парламент олдида уни амалга ошириш йўлларини кўрсатиб берсин. Бир сўз билан айтганда бу лавозимга лойиқ эканини исботласин. Кейин мен имзоимни қўяман. Бу адолатдан бўлади», — деганди Мирзиёев.

Шерзод Қудбиев Фарғона политехника институтининг «молия ва кредит» факультетини тамомлаган. 2007 йилдан у Меҳнат вазирлигида ишлаган. У 2012 йили Республика аҳоли бандлиги, меҳнат муҳофазаси ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш марказини бошқарди. 2016-2018 йиллари Қудбиев пойтахтнинг Мирзо-Улугбек тумани ҳокими, 2018-2019 йиллари — Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг раҳбари лавозимида ишлади. 2019 йил август ойидан Қудбиев Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат хизмати ва ҳокимият вакиллик органлари билан ҳамкорлик қилиш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлади.

Бехзод Мусаев Тошкент давлат иқтисодиёт университетини «иқтисодчи» мутахассислиги бўйича тамомлаган, Давлат ва жамият қурилиши академияси ҳузуридаги Олий бизнес мактабини тугатган. У 2018 йилдан бери Давлат солиқ қўмитасини бошқариб келган. Мусаев 2010−2011 йиллари солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, бунга қадар Ҳисоб палатаси раиси лавозимида ишлаган.

2018 йил мартида Мусаев Ички ишлар вазирлигининг қидирувдагилар рўйхатида бўлган. Унга нисбатан республика Жиноят кодексининг иқтисодий жиноятлар билан боғлиқ олтита моддаси илгари сурилган. Норасмий маълумотларга кўра, Мусаев аввали АҚШда сиёсий бошпана олган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ