Ўзбекистон Тожикистонга шифохона қурилиши учун контейнерлар жўнатди

Тожикистонга етиб келган контейнерлар. Зафар Худойқуловнинг Facebookдаги саҳифаси фотосурати

Ўзбекистон Тожикистонга 144 дона мобил тиббиёт контейнерларини юборди. Улар коронавирусга чалинган одамлар учун вақтинча госпитал бунёд этилишида фойдаланилади. Бу ҳақда «Азия-Плюс» нашри хабар беради.

Контейнерлар 8 май куни темир йўл билан Душанбе шаҳрига етиб келди. Энди улар «Бофанд» стадионида қурилажак вақтинча госпиталга юборилади. Контейнерларда чойшабли ётиш жойи, душхона, санузел ва кондиционер мавжуд. «Улар жой масаласи тиғиз бўлаётган касалхоналар масалани ҳал этишда ёрдам беради», — дейди нашрга Тожикистондаги Ўзбекистон элчихонаси ходимлари.

Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Мудофаа вазирлигига қарашли ҳарбий-транспорт самолёти орқали Тожикистонга инсонпарварлик ёрдами юборишга топшириқ берган. Самолёт ўн дона ўпкани сунъий шамоллатиш аппарати, медикаментлар, тиббий ҳимоя халатлари, қўлқоп ва респираторларни етказиб боради. Шу рейс билан Душанбега коронавирусни даъволашда катта тажрибага эга саккизта ўзбек вирусолог ва эпидемиолог врачлари учиб борадилар. «Улар Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлиги кўрсатган шифохонада дарҳол иш бошлашга тайёрдирлар», — дейди нашрга Душанбе ҳокимиятининг вакили.

Апрель ойида Ўзбекистон қўшни республикага инсонпарварлик ёрдамини жўнатган эди. Ўшанда Сурхондарёдан Душанбега 18 вагондан иборат поезд етиб борганди. Вагонларга минг тонна ун, антисептик ва дезинфекция воситалари, тиббий халатлар, қўлқоплар, кўзойнаклар, бахиллар, респираторлар, пирометрлар юкланган эди.

Тожикистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 7 май ҳолати бўйича мамлакатда коронавирусга чалинган 461 нафар одам қайд этилган, инфекциядан 12 киши ўлган. Шифохоналарда 4205 та одам врачлар назоратида, кейинги кунларда 345 та бемор тузалган ва уларнинг уйига кетишига рухсат берилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ