Тожикистонда 5,5 млн долларлик қўшиб ёзишлар сабабли 89 нафар энергетикка нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Asia-Plus сайтидан олинган сурат

Тожикистонда 2026 йилнинг тўққиз ойида истеъмолчиларга 51,3 млн сомонилик (тахминан 5,57 млн доллар) 168,8 млн киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ноқонуний равишда қўшиб ёзилгани аниқланди. Қонунбузарликлар учун «Тақсимловчи электр тармоқлари» компаниясининг 400 нафар ходими маъмурий жавобгарликка тортилди, яна 89 нафарига нисбатан жиноят иши қўзғатилди, дея «Азия-Плюс» республика президенти ҳузуридаги Давлат энергетика назорати агентлигига таянган ҳолда хабар бермоқда.

Маъмурий жарималарнинг умумий суммаси 259 минг сомонини (тахминан 28 минг доллар) ташкил этган. Жиноят ишлари қайси босқичда экани ва улар бўйича суд ҳукмлари чиқарилган-чиқарилмаганига маҳкама томонидан аниқлик киритилмаган.

Қўшиб ёзишларнинг энг катта ҳажми Хатлон вилоятида қайд этилган. Электр тармоқларининг Кўлоб филиалида истеъмолчиларга 29,2 млн сомонилик (тахминан 3,17 млн доллар) деярли 78,8 млн киловатт-соат, Бохтар филиалида эса 12,1 млн сомонийлик (тахминан 1,31 млн доллар) яна 55,9 млн киловатт-соат асоссиз ҳисобланган. Шу тариқа, аниқланган жами қўшиб ёзишлар суммасининг 80 фоиздан зиёди ушбу икки филиал ҳиссасига тўғри келган.

Сўғд вилоятида бу каби қонунбузарликлар Гулистонда — 3,3 млн сомони (тахминан 358 минг доллар) ва Истаравшанда — 2,6 млн сомони (тахминан 282 минг доллар) миқдорида қайд этилган. Республикага бўйсунувчи шаҳар ва туманларда ноқонуний ҳисоб-китоблар ҳажми 3 млн сомонига етган (тахминан 326 минг доллар), Душанбеда эса 986 минг сомонини (тахминан 107 минг доллар) ташкил қилган.

Агентлик маълумотларига кўра, 2025 йилнинг шу даврига нисбатан қўшиб ёзишлар миқдори 44,8 фоизга ёки 41,5 млн сомонига (тахминан 4,51 млн доллар) камайган.

Бундан ташқари, тўққиз ой давомида умумий ҳажми 31,1 млн киловатт-соат бўлган 2729 та ноқонуний электр энергиясидан фойдаланиш ҳолати фош этилган. Етказилган зарар 38,7 млн сомонига (тахминан 4,2 млн доллар) баҳоланган. Электр истеъмоли қоидаларини бузганлик учун 2798 нафар шахс маъмурий жавобгарликка тортилиб, уларга умумий ҳисобда 1,5 млн сомоний (тахминан 163 минг доллар) жарима белгиланган. Агентлик вакилининг сўзларига кўра, қоидабузарликларнинг аксарияти корхона ва ташкилотларда аниқланган.

2025 йилда қўшиб ёзишлар кўлами янада салмоқли бўлган: электр тармоқлари ходимлари истеъмолчилар ҳисобига 106,4 млн сомонилик (тахминан 11,55 млн доллар) 321,5 млн киловатт-соатни асоссиз ёзиб қўйган. Тожикистон ҳукумати электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ва тўловлардан бўйин товлаш учун жавобгарликни янада кучайтирди. Ҳолатга қараб айбдорларга жарима ёки ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиши мумкин.

Шу билан бирга, Тожикистон узоқ йиллардан бери йилнинг совуқ даврида электр танқислиги муаммосига дуч келмоқда. «Фарғона» аввалроқ ёзганидек, 2017 йилда чекловлар расман бекор қилинганига қарамай, республика аҳолиси чироқ тез-тез ўчирилишидан шикоят қилишда давом этмоқда. 2025–2026 йиллар қишида вазият янада мураккаблашган: айрим ҳудудларга электр энергияси суткасига атиги икки-тўрт соатдан узатилган. Ҳукумат чекловларни сув танқислиги ва гидроэлектр станцияларида энергия ишлаб чиқариш ҳажмининг қисқаргани билан изоҳлаган. 2026 йил июлида «Барқи Тожик» холдинги раҳбари Маҳмадумар Асозода бўлажак қишда ҳам танқислик сақланиб қолиши мумкинлигидан огоҳлантириб, янги чекловларни истисно этмади. Расмийлар мазкур муаммони Роғун ГЭСнинг қўшимча қувватлари ишга туширилиши ҳисобига бартараф этишни режалаштирмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ