Сардоба сув тошқини қурбонларини суратга олган журналистларнинг камераларидаги видеоёзувлар ўчиртирилган

Сирдарё вилоятидаги журналистларнинг қўлга олиниши. Human.Uz сайти фотосурати

Ўзбекистоннинг Сирдарё вилоятида ИИО ходимлари 3 май куни Гулистон шаҳар Олимпия захиралари коллежига жойлаштирилган одамлар билан гаплашиб, шароитлари ҳақида репортаж тайёрлаётган Human.Uz ахборот агентлигининг журналистларини қўлга олиб, уларнинг камераларидаги видеоёзувларини мусодара қилдилар. Бу ҳақда нашрнинг Telegram-каналида хабар берилмоқда.

Журналист Мавжуда Мирзаева тасвирчи гуруҳи билан коллежга келиб, Сардоба тўғони ўпирилиши туфайли юзага келган сув тошқинидан жабрланган одамлар билан суҳбатлашмоқчи бўлган, бироқ форма кийган ИИО ходими уларнинг ишига тўсқинлик қилган.

Репортёрнинг ўзи BBC O`zbek нашрига айтиб беришича, интервью олиш жараёнида ички ишлар органи ходимларидан бири келиб, Мавжуда Мирзаевани ташқарида Гулистон шаҳар прокурори чақираётганини айтган. Журналист чиқиши билан, формасиз ва формали ички ишлар ходимлари операторни ушлаб ИИБга олиб кетишган. Операторни мажбурлаб машинага ўтиргизаётганда камеранинг чироғи тушиб кетган. Мирзаева чироқ дарз кетган бўлиши мумкинлигини айтмоқда. Ички ишлар бўлимида операторнинг барча тасвирларини ўчириб ташлашган.

Ўша ерда турган масъуллардан бири журналистга тасвирларни ўчириб ташлаш буйруғи ҳокимнинг топшириғи билан бўлганини айтган. Бироқ ушбу маълумотни тасдиқлатишнинг имкони бўлмаган.

Human.uz агентлиги Telegram-каналида жойлаштирилган видеода ИИО ходими журналист аёлнинг “қанақа қонунчилик талаблари бузилган?” деган саволига жавоб бермай, қўл остидаги ходимига “обор, записларини кўрасан, ҳаммасини ўчириб ташлайсан” деб буйруқ бераётгани қайд этилган, холос.

Мазкур ҳолат юзасидан Ички ишлар вазирлиги текширув ўтказиб, ходимларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини маълум қилинди. Қизиғи шундаки, бу ҳодиса кеча нишонланган “Жаҳон матбуоти эркинлиги куни”да ҳамда Халқаро “Чегара билмас репортёрлар” нодавлат ташкилотининг матбуот эркинилиги рейтингида Ўзбекистон илк бор Қозоғистонни ортда қолдириб, тўрт поғонага кўтарилгани эълон қилинганидан икки ҳафта ўтганидан сўнг содир бўлди.

Шу кунларда Тошкент вилояти ички ишлар бошқармаси ходимлари Human.uz журналистларига нисбатан қўпол муносабатда бўлгани қайд этилган видеоролик эълон қилинган эди. 2019 йил охирида сайт муассиси Хуршид Далиев Андижон вилояти ички ишларига ҳокимиятнинг Telegram-каналида чиқиш қилиб, унинг Muxbir Daliyev каналига кирмасликка чақирган ҳамда уни “хоин ва фитначи” ва тақиқланган “Ҳизбут-Таҳрир” ташкилотининг аъзоси, дея ҳақорат қилган Гулшаной Қўчқарова устидан шикоят қилган эди. Андижон суди январда бу аёлни журналистга нисбатан туҳмат ва ҳақоратда айбдор деб топиб, жаримага тортиш тўғрисида қарор чиқарганди.

Шу йилнинг апрель ойи охирида карантин пайтида ташкил этилган озиқ-овқат ярмаркаси фаолиятини видеотасвирга олаётгани учун “Маърифат” газетасининг махсус мухбири Фарғона вилояти Учкўприк тумани ички ишлар бўлимида бир неча соат давомида ушлаб турилган. У видоёзувни амалга ошираётган пайтда туман ҳокимининг котиби Шоҳжаҳон Мўйдинов унинг қўлидан телефонини юлиб олишга уринган эди. Мухбир туман ички ишлар органи бошлиғига шикоят аризасини ёзишни бошлаганида уни қўйиб юбордилар. Бундан олдин эса унинг телефонини олиб қўйиб, видеоёзувларни ўчириб ташладилар. Журналист аёлнинг фаолиятига тўсқинлик қилган мулозим бироз ўтиб давлат органларида амал қилаётган профессионал ахлоқ меъёрларини бузгани учун ишдан ҳайдалди.