Сардоба сув омборига яқин жойлашган йигирмата маҳалла аҳолиси бошқа жойга кўчирилди

Сардоба сув омборига яқин аҳоли пунктининг вертолёддан кўриниши. Ўзбекистон ФВВ матбуот хизмати фотосурати

Сирдарё вилоётидаги Сардоба сув омбори дамбасида ёриқ пайдо бўлиши оқибати сув тошқини юзага келгани боис мазкур вилоятнинг учта туманидаги 20 та маҳалла аҳолиси бошқа жойга кўчирилди. Бу ҳақда республика Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг матбуот хизмати хабар беради.

Мирзаобод туманининг «Навбаҳор», «Ҳақиқат» ва «Баҳористон» маҳалларига қисман сув босган. Кўчирилган одамлар коллеж, ҳарбий қисм ва шифохона биноларига жойлаштирилган. Шунингдек, «Беруний», «Пахтаобод», «Балиқчи», «Ҳақиқат», «Янгиовул» ва «Дўнгариқ» маҳалла аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Сардоба туманидан кўчирилган одамлар Жиззах вилоятининг Гагарин шаҳарчасига жойлаштирилган. Сирдарё вилояти Оқолтин туманидаги «Аҳиллик», «Шодлик», «Саҳоват», «Навоий», «Дўстлик», «Кўркамдиёр», «Тошкент», «Янгиҳаёт», «Обод» ва «Мустаҳкам» МФЙ аҳолиси ҳам шу ерга кўчирилган. Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар одамларни маҳаллий коллеж, мактаб, хусусий корхоналар биноларига жойлаштиришга ҳозирлик кўрмоқда. Сув тошқини оқибатида ўн минглаб фуқаро ўз уйини тарк этишга мажбур бўлган.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган. Ҳозирда дамбадан сув чиқиши камайган.

Сардоба сув омбори дамбасидан сув чиқиш 1 май куни эрта саҳарда юз берган ва тошқин Сардоба тумани Қўрғонтепа қишлоғини босиб кетган. ФВВ хабарига кўра, шикастланган ва ҳалок бўлган одамлар қайд этилмаган. Ҳодиса содир бўлган жойга ФВВ раҳбарияти, Бош вазир, кейинчалик вертолётда давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев етиб келган. Президент матбуот хизмати «вазият назоратга олингани, ваҳимага ўрин йўқ» эканини таъкидлайди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ