Ал-Фаробий номидаги Қозоғистон миллий университетида ижтимоий барқарор ривожланиш бўйича проректор ҳамда география ва табиатдан фойдаланиш факультети декани эгаллаб турган лавозимидан озод этилди. Ушбу қарор талаба вафотидан сўнг қабул қилинди, деб хабар беради олийгоҳ матбуот хизмати.
Университетда маълум қилинишича, кадрлар бўйича бундай қарорга ўз вазифаларини, жумладан, ётоқхонада хавфсизлик ва тартибни таъминлаш бўйича мажбуриятларни лозим даражада бажармаслик сабаб бўлган. Бундан ташқари, ҳодиса юз берган куни навбатчиликда бўлган ходимлар ҳам ишдан четлатилди. Уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.
ҚазМУда марҳумнинг яқинларига ҳамдардлик билдирилди, унинг оиласи билан алоқа сақланиб тургани ва зарур ёрдам кўрсатишга тайёр эканликлари маълум қилинди.
Ҳодисадан сўнг университетнинг барча ётоқхоналарида кечки назорат кучайтирилди, қўшимча хавфсизлик чоралари кўрилди ва талабаларга профессионал психологик ёрдам кўрсатиш йўлга қўйилди.
Олийгоҳда, шунингдек, тергов органларига ҳар томонлама кўмак берилаётгани ҳамда холис ва шаффоф тергов ўтказилишидан манфаатдор эканликлари таъкидланди.
Ўз навбатида, Фан ва олий таълим вазирлиги университетда комплекс текширув ўтказилишини маълум қилди. У ерга «хавфсизликни таъминлаш, талабалар ҳаёти ва соғлиғини муҳофаза қилиш бўйича қонунчилик ҳамда ички ҳужжатлар талабларига риоя этилишини ўрганадиган, шунингдек, тарбиявий, ижтимоий-психологик ва профилактик ишлар самарадорлигини баҳолайдиган» мониторинг гуруҳи юборилади. Вазирлик низоларни аниқлаш ва олдини олиш, талабалар мурожаатларига ўз вақтида муносабат билдириш ҳамда уларга психологик ёрдам кўрсатиш механизмларига алоҳида эътибор қаратилишини қайд этди.
ҚазМУ география ва табиатдан фойдаланиш факультети талабасининг вафоти ҳақида бир кун аввал маълум бўлган эди. Университет унинг ўлимини тасдиқлади, полиция эса жиноят иши қўзғатилгани ва гумонланувчи қўлга олингани ҳақида хабар берди.
Журналист Михаил Козачковнинг маълумотига кўра, кечқурун иккинчи курс талабалари биринчи курс талабаларини «гаплашиб олиш» учун чақирган. Тахминлардан бирига кўра, катта курс талабалари кичик курсдагилардан пул талаб қилган бўлиши мумкин. Ёшлар ўртасида жанжал келиб чиққан.
Козачковнинг ёзишича, муштлашув пайтида иккинчи курс талабаси биринчи курс талабасининг қуёш чигали соҳасига уч марта мушт туширган. Шундан сўнг йигит йиқилиб, қайта кўзини очмаган. Етиб келган шифокорлар унинг ўлимини қайд этишган.
Журналист, шунингдек, қўлга олинган шахс тан жароҳати етказганини тан олганини билдирди. Бу маълумотлар ҳозирча расман тасдиқланмади.
Шу билан бирга, Newtimes.kz нашри ҳалок бўлган талабанинг онаси билан суҳбатни эълон қилди. Унда аёл гувоҳга таянган ҳолда ўғлини калтаклашда саккиз нафар иккинчи курс талабаси иштирок этганини ва ётоқхонада талабалар орасида «система» деб аталган норасмий иерархия бўлганини айтган. Унинг сўзларига кўра, иккинчи курс талабалари биринчи курс талабаларидан пул йиғиб, ўзларига алоҳида муносабатда бўлишни талаб қилган. Бу маълумот ҳам ҳали тасдиқлангани йўқ.
Таъкидлаш жоиз, бу сўнгги 10 кун ичида ҚазМУ ҳудудида талаба ҳалок бўлиши билан боғлиқ иккинчи ҳолатдир.
6 ноябрь куни оқшомда талабалар шаҳарчасида биринчи курс талабаси (тахминларга кўра, журналистика факультети талабаси) вафот этган эди.
Олмаота полицияси жиноят иши қўзғатди ва «ҳодисанинг барча тафсилотлари аниқланаётганини» билдирди.
Департамент судгача бўлган тергов маълумотларини ошкор қилишни тақиқловчи Жиноят-процессуал кодексининг 201-моддасига таянган ҳолда тафсилотларни очиқламади.



