Нефть нархининг қулаши рубль қадрини тушириб юборди

Pixabay.com сайти фотосурати

9 март куни нефтнинг Brent маркаси нархи учдан бирга қисмга тушиб, бир баррель $31,43 ташкил этди ва бу валюта бозорида бир АҚШ доллари нархининг 72,5 рубль, бир евронинг — 82,2 рублга ортишига сабаб бўлди.

Долларга нисбатан рублнинг тушиб кетиши 2016 йил март ойидан бери максимум, еврога нисбатан 2016 йил февралидан максимум даражасига етган. Ҳозирда бир доллар 72,04 рубль, евро — 82,1 рублга сотилмоқда. Ҳозирча Москва биржаси ўз савдоларини бошламаган.

Москва вақти билан соат 01:02 да Brent баррели $14 га арзонлашиб кетган ва 31% нархини йўқотган, деб хабар беради «РИА Новости». Охирги марта Brent 2016 йили январда $31,5 га тушганди, бунга қадар 2004 йил баҳорда. Нефтнинг WTI маркаси нархи 27 фоизга тушиб, бир баррель $30,27 дан сотила бошланди (охирги марта у $30,3 даражасига 2016 ва 2003 йиллари тушиб кетганди).

Жаҳон бозорида нефть нархининг тушиб кетишига Венеда ўтказилган ОПЕК+ аъзо давлатлари музокараларининг натижасиз якунлангани сабаб бўлган. Саудия Арабистони нефть қазиб олишни камайтиришни талаб қилган ва бу мавжуд нархни ушлаб туришга, ҳаттоки кўтарилишига сабаб бўлиши мумкин эди. 5 мартда ОПЕК иккинчи кварталда бир кунда 1,5 млн баррель қазиб олишга қарор қилди: ОПЕКнинг 14 аъзо давлатига бир кунда 1 млн баррель қазиб олиш тавсия этилди, ташкилотга аъзо бўлмаган ўнта ташкилотга кунига 500 минг баррель нефть қазишга рухсат берилди.

Россия ва Қозоғистон бундай келишувга қарши чиқди. Натижада янги параметрлар келишиб олинмади, мавжуд шартномалар муддатини узайтириш ишлари завол кўрди, 1 апрелдан ёнилғи қазиб олишдаги чеклаш чоралари бекор қилинади.

Саудия Арабистони нарх борасида жангга кирди. Мамлакатнинг энг йирик Saudi Aramco давлат компанияси Осиё, Европа мамлакатлари ва АҚШ учун нефть нархини кейинги 30 йил ичида максимал даражада пасайтирди, деб ёзади Bloomberg. Мамлакат ҳозирда кунига 9,7 млн баррель нефть қазиб олиш суръатини апрелда 10-11 млн баррелга етказиши мумкин.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ