Соғлиқни сақлаш вазири Хитой билан чегарани ёпишни маслаҳат берди

Алишер Шодмонов. Gtn.uzсайти фотосурати

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов 170 нафар инсон ҳаётига зомин бўлган коронавирус туфайли хитойликларга вақтинча виза берилишини тўхтатишни таклиф қилди. Шодмонов вазирликнинг Telegram каналида Ўзбекистон нега Хитой билан чегарасини беркитмаётганига доир ўз фикрини билдирган.

«Шахсан ўзим юртимиз фуқароларининг Хитойга боришини чеклаш билан бир қаторда, хитойликлар ва бошқа хорижий давлатлар фуқароларининг ушбу мамлакатдан юртимизга кириб келишини вақтинчалик чеклаш тарафдориман», — деган. Шодмонов ўзининг шахсий фикрини айтганини, вазирликнинг бунга ваколати йўқлигига урғу берган.

Ўзбекистон юқумли касалликлар шифохоналарида махсус жойлар тайёрланган, керакли дори-дармонлар захираси яратилган. Чегара постларида тепловизор ёрдамида ҳарорати баланд йўловчилар аниқланмоқда, нафақат Хитойдан, балки бошқа мамлакатлардан келган одамлар ҳам текширувдан ўтказилмоқда.

Ҳозирча Ўзбекистонда мазкур касалликка чалинган инсон аниқланмаган, лекин вазирнинг фикрига кўра, ҳатто тиббиёти ривожланган АҚШ, қатор Европа давлатлари, Осиёнинг тараққий этган мамлакатларида ҳам ушбу касаллик кузатилаётганлиги вазиятнинг нақадар жиддийлигини кўрсатади.

Шуни қўшимча қиламиз, АҚШнинг Касаллик назорати ва уни даволаш маркази илк бор вируснинг одамдан-одамга юқишини қайд этган. Чикагода коронавирусдан касалланган аёл уни шу уйда яшайдиган бошқа бир инсонга юқтирган.

1 январдан қайтиш авиачиптасига эга Хитой фуқаролари Ўзбекистонда етти кунгача визасиз туриши мумкин.

Марказий Осиё мамлакатларидан Қозоғистон эпидемияга карши курашда кескин чораларни қўллаган. Бу ерда 54 нафар фуқаро вирусдан касалланганлик шубҳаси билан шифохонага ётқизилган. Улардан 16 нафарида ташхис тасдиқланмаган, 38 та одам юқумли касалликлар шифохонасида кескин назорат остида. Қозоғистон Хитой билан чегарасини ёпган, ушбу давлат билан авиапарвозларини тўхтатган, коронавирусга қарши ниқоб ва бошқа ҳимоя воситалари учун 1,5 млрд тенге ($3,9 млн) ажратган. Шунингдек, Россия, Қирғизистон ва Монголия Хитой билан чегарасини ёпган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Тожикистон қонунчилик ҳокимияти эндиликда ижроя ҳокимияти билан қоришиб кетган

  • Ўзбекистоннинг биринчи мухолифатдаги партияси фаоллари Адлия вазири билан нималар тўғрисида суҳбатлашгани тўғрисида

  • Хитойнинг «ёшартирувчи» дори воситаси учун дунё бўйлаб эшаклар қирилиб кетмоқда

  • Алия Назарбоеванинг рейдерлик билан боғлиқ можаро марказида қолгани ва нега бу ишни ҳеч ким тергов қилишни хоҳламаётгани ҳақида