Марказий Осиёда коронавирусга чалинишнинг илк ҳолатлари пайдо бўлиши билан минтақа мамлакатлари инфекциянинг тобора тарқалишининг олдини олиш учун қатъий чоралар кўра бошладилар. Натижада бутун-бутун шаҳарлар ёпиб қўйилди, уларнинг аҳолисига эса уйларидан чиқиш тақиқлаб қўйилди. Одамлар хавотир, ноаниқлик ва безовталик шароитида оила аъзолари билан тўрт девор ичида қолиб кетдилар. Карантин оиладаги муносабатларга қандай таҳликалар келтириши ва киши ўзининг руҳий саломатлигини қандай қилиб асраб қолиши мумкинлиги ҳақида “Фарғона” Бухородаги Инсон ривожланиши тадқиқоти марказининг директори, психотерапевт Азизбек Болтабаев билан суҳбатлашди.
— Карантин ёки ўзини яккалатиш тартиби инсоннинг руҳий ҳолатига қандай таъсир кўрсатиши мумкин? Унинг авҳоли қандай кечади?
— Шунақанги эпидемиялар пайтида ҳар қандай бошқача ностандарт вазиятларида каби универсал механизмлар ишга тушади. Жуда кўп ҳолатларда мия вазиятни қабул қилишдан бош тортади. Агар одам бунақа ҳолатга тайёр бўлмаса, у содир бўлган ишларга ишонмайди. Буни ҳимоя механизми дейилади. Бундай одам таҳдид мавжудлигини инкор этади, унга ҳимоя воситаларидан фойдаланиш, ўзини яккалатиш ва ҳоказо чоралар ҳақида гапирилганда, расмий тавсияларга қулоқ солмайди. Бу каби манзарани барча мамлакатларда учратиш мумкин.
Ўзбекистон ҳам бу ишда бошқалардан ҳеч қандай фарқ қилмайди. Одамларнинг бир қисми саросимага тушиб қолади, негаки қиёмат бошланиб кетиши ҳақида ваъда қиладиганлар доим топилади. Ваҳимага мойил одамлар ўз-ўзидан руҳий тушкунликка тушиб қоладилар. Руҳиятида неврозликка мойиллик бор одамларда ваҳима парокандалиги ривожлана бошлайди, хаёлидан доим қўлини ювиш зарурлиги ҳақидаги фикрлар кетмай олади. Ҳолбуки бу нарса, яъни қўлни тез-тез ювиб туриш тавсия қилиб турилибди ҳам. Бироқ невроз ҳолатига тушиб қолган одамда бу ўтиб кетмай, қайтарилаверади. Инсон ўзининг қўллари, юзи, бадани қандай аҳволда эканлигидан қониқмай қолади. Бу икки томонлама ҳаддан ошишнинг ўзгинасидир.
Мен бизда ундай ҳам бундай ҳам олдамларни тенг миқдорда деб айтган бўлардим. Балки улар ҳам булар ҳам беш-ўн фоизини ташкил этади, аммо аҳолининг асосий қисми расмий ахборотга ишонадилар ва ҳукуматнинг талаб ва тавсияларига амал қиладилар. Одамларнинг аксарияти ўзларини яккалатиш (самоизоляция) тартибига амал қилади, мутлақ кўпчилиги кўчаларда тиббий ниқобларни тақиб юрибдилар, ўзбекларнинг севимли бўлган машғулоти – меҳмондорчиликлар ҳам тўхтатиб қўйилди.
— Ўзбеклар чиндан ҳам меҳмондорчиликни яхши кўрадилар ва ўз ҳаётларни турли тантаналар, шу жумлардан тўйларсиз тасаввур қила олмайдилар. Мана энди улар буларнинг ҳаммасидан маҳрум бўлиб қолдилар. Ушбу чеклов одамларга нечоғлик салбий таъсир кўрсатиш мумкин?
— Шундай, юртимизда тўй ўтказиш индустрияси деярли турғунликка кириб қолди, оммавий байрам ва тантаналар тақиқланди. Баъзи одамлар тақиқ киритилган сана кириб келгунига қадар бир неча кун олдин тўйларини ўтказиб олишга уриндилар. Кимдир эплаб ўтказиб олди, бошқалари эса йўқ. Каттагина ажиотаж кўтарилди ўшанда.
Маданиятимизнинг ўзига хос хусусияти шундаки, уйингизда тўй бўлиб ўтганини, қизингизни турмушга узатганингизни ёки ўғлингизни уйлатганингизни қўшнилар ҳам, қариндош-уруғ ҳам билиши жуда муҳим. Бунинг аҳамияти жуда катта. Тўйнинг бекор қилиниши жуда катта мусибат сифатида қабул қилинади. Ва биринчи навбатда бу ҳолат кекса авлод вакилларига қаттиқ таъсир кўрсатади. Мен ҳозирча шу важдан кимдадир қандайдир муаммо чиққанини эшитмаган бўлсам ҳам, назарий жиҳатдан шундай ҳолат содир бўлиши мумкинлигини истисно этмайман.
— Тўй бекор қилинганидан қаттиқ ранжиган ва уни кечиктиришни истамайдиган қариндошлар ва яқинларни қандай қилиб кўндириш мумкин? Юзага чиқиши мумкин бўлган жанжалнинг олдини қандай олиш мумкин?
— Биргаликда ўтириб, нима қилиш кераклиги ҳақида ўйлаб кўриш керак. “Келинг, бу ишни қилсак, унинг оқибатлари фарзандларимизнинг ҳаётига салбий таъсир кўрсатмайдиган йўлларини топиш ҳақида ўйлаб кўрайлик”, деб таклиф қилиш мумкин. Негаки, бу каби тадбирларни ўтказган шахсларни бугунги кунда мавжуд қонунчиликка асосан жаримага тортишлари ва ҳатто уларга нисбатан жиноят иши қўғатишлари мумкин. Бундан ташқари, тўйни ўтказа туриб, сиз бошқа одамларнинг соғлиғини таҳлика остига қўйишингиз муқаррар. Агар иккала томон ҳам ушбу далил ва дастакларни мақбул дея қабул қилсалар, айни фурсатда тўйни кечиктириш ҳам мумкин бўлади.
Бу муаммонинг бошқача ечими ҳам бор – тўйни мусулмонлар одатига кўра, тор доирада ўтказилса, яъни мулла иштирокида никоҳ ўқитилади, ФҲДЁда рўйхатдан ўтиб келинади ва келин-куёв биргаликда яшайверади. Тўй тантаналарини эса карантиндан сўнг, кенг ва кўнгилдагидек қилиб ўтказилаверади. Энг асосийси – ҳаммаларингиз тенг шароитда, бир хил вазиятда қолганингизни кўрсатиб қўйиш. Ҳеч қайси томонни қаршилик кўрсатиш ёки тушунмовчиликда айблашга шошилмаслик керак.
— Марказий Осиё мамлакатларида катта-катта оилалар – яъни бобо-бувилари ва набиралари билан яшайдилар. Бу карантинда бўлиш ҳолатини қийинлаштирадими?
— Жуда кўпчилик учун оилавий муносабатлар афсуски, унчалик яхши эмас. одамларнинг эрталаб ўқишгами ёки ишгами кетиши ёки яна қандайдир ташвишлар билан чиқиб кетишлари кўп ҳолларда уларга уйда содир бўлаётган ишлардан дам олиш имкониятини бериб турар эди. Агар оилавий муносабатлар таранг ёки очиқдан-очиқ тотувликдан мосуво бўлса – киши уйига қайтгиси келмай қолади, кечгача уйда қолиш ҳақида эса асло гапирманг.
Бундай аҳволда мен ҳар бир томонни содир бўлаётган ишларга ҳикмат назари билан қарашни маслаҳат қилган бўлардим. Балки, бунга ҳам фалсафий ва ҳам биз учун яқин бўлган диний нуқтаи назардан ёндашиб, шундай фикр қилиш керакки, балки бу бизнинг бирга бўлишимиз учун сўнгги имконият бўлиши мумкин, деган тасаввурни хаёлимизга келтириб кўришимиз керак бўлади. Ҳеч ким бу ишларнинг нималар билан тугашини билмайди, бироқ ҳаммаси яхши бўлиб кетишига умид қилиш керак, бироқ мен ҳаётни тарк этганимдан кейин у дунёда ўғлимни, қизимни қучоғимга олмадим, отамдан, онамдан кечирим сўрамадим, уларнинг розилигимни ололмадим дея афсус ва надоматларда қолишни истамас эдим. Ҳаётни алам ва негатив билан давом этишга арзийдими ўзи, деган саволни бериш керак инсон. Албатта кечириш керак ва буни ўрганиш лозим. Бу ҳар доим ҳам осон кечавермайди, бу балки оғриқли бўлиши мумкин, лекин албатта фойдаси бўлади.
Ҳатто оила иноқ бўлса ҳам, барибир кечаю-кундуз 24 соат давомида бирга бўлиш осон эмас, айниқса, бу кичкина квартира бўлса. Албатта қандайдир низо ва ихтилофлар чиқиши мумкин. Аввали бошидан туриб ўзаро муносабатларда муҳаббат ва меҳрибонлик асосида бир бирингиз билан суҳбатлаша туриб бу сизнинг янги воқелигингиз эканлиги ҳақида гаплашиб олишингиз керак. Воқелик шунақа, карантин икки, тўрт ва балки кўпроқ ҳафталар давом этиши мумкин. Буни ҳеч ким истамаган, бироқ ундан ҳамма биргаликда ўтиб олиши керак ва бу ҳолат сизларни жипслаштириши ва ўртага ҳафагарчилик тушишига асло баҳона бўлмаслиги керак. Шеригингиз билан агар асабийлашиб қоладиган бўлсангиз, у ёнингизга келиб сизни қучоқлаб олиши ва сизни қанчалик севишини айтиб эслатиши ҳақида келишиб олишингиз мумкин. Бу сизнинг тинчланишингизга ҳамда келишиб олган нарсаларингиз ҳақида эслашингизга ёрдам беради. Биз кайфиятимиз тушиб кетмаслиги учун бир-биримизга ёрдам беришимиз керак ва бу жуда ҳам муҳим.
Тағин мунтазам тарзда, белгиланган вақтда ҳамма тўпланиб, биргаликда бирор ўйин ўйнашга ёки бирорта кинофильм кўришга келишиб олиш керак. Бу оилани янада жипслаштиради ҳамда муносабатларга, одамларнинг руҳий кайфиятига ижобий таъсир кўрсатади.
— Карантин киритилганидан кейин турли мамлакатлардаги мутахассислар оилада зўравонлик кўпайиб кетганини қайд этмоқдалар. Россияда ҳуқуқ ҳимоячилар оилавий зўравонлик қурбонларига маслаҳат бериш учун махсус телефон линиясини ишга туширдилар. Буюк Британияда эса расмийлар киши таҳдид остида қолса, унда карантин қоидасини бузишга ҳақли деган қарорни чиқариб қўйдилар. Марказий Осиёда ҳам зўравонлик даражасининг ўсиши мумкинлиги истисно этилмаяпти. Мисол учун, биз Ўзбекистонда аёллар учун инқироз марказлари пайдо бўлганини биламиз. Ушбу вазиятда расмийлар яна бирорта қўшимча чора-тадбирлари қўллашлари мумкинми?
— Инқироз марказлари – бу ахир одамлар тўпланадиган жой, улар ҳозир ишлаяптими ёки йўқми, мен аниқ билмайман. Бироқ ушбу марказларни ишга шай ҳолатда сақлаб турилиши ва аҳолига у ерга бориш мумкинлигини билдириб қўйиш жуда муҳим деб ўйлайман. Зўравонликка дуч келган аёл карантин ҳолатига қарамай бу ерга ўзининг боласи билан келиб бошпана топа олишини билиши керак.
— Баъзи ҳолатларда, айниқса одамлар ўзини ёлғиз ва тарк этилган деб ҳис этганларида стрессдан кейинги дилсиёҳлик ёки тушкунликнинг аломатлари пайдо бўла бошлайди. Бу ҳолатни қандай қилиб билиб олиш мумкин?
— Биринчи навбатда ўзингизнинг кайфиятингизга эътибор бериш лозим. Бунақанги ҳолатларда кайфият анча узоқ вақт давомида ёмонлигича қолади, хаёлида тунд, мисол учун “мен ҳеч кимга керак бўлмай қолдим”, “ҳаётимда маъно қолмади” каби фикрлар айланишдан тўхтамайди, инсон кимнидир ёки ўзини ўтмиши учун айблайди ва энди булар учун умрини ёлғизликда ўтказишга тўғри келади деган фикрлар айланаверади. Ҳаммаси шундай салбий фикрлардан бошланади. Депрессия бошланмай туриб бу фикрларни кузатув остига олиш, улардан ўзини чалғитиш, қандайдир ёқимли машғулот билан шуғулланиш, масофадан туриб бўлса ҳам социализация учун имкониятларни излаш зарур. Ҳар биримизнинг биз анчадан бери хабарлашмаган ва ҳатто унинг ҳозир қаерда яшаётганини билмайдиган яқин одамларимиз бор. Эҳтимол у ҳам кимлардир билан суҳбатлашиш ва дардлашишга муҳтож бўлиб ўтиргандир, агар унга қўнғироқ қилинса, қандай яхши бўларди. Ҳар доим имконият излаш керак.
Шунингдек, сизда ҳам шундай фикрлар пайдо бўлиб қолиш эҳтимоли мавжудлигини тушуниб етиш керак. Карантин, ўзини яккалатиш (изоляция) биз одатланган нарсалардан эмас. Бу одамнинг руҳий аҳволида акс этиши мумкин. Бунинг олдини олиш, бунга тайёр туриш учун одам ўзининг ҳаракатлари режасини тузиб олиши керак. Мисол учун, мен буни, буни ва яна бу ишни қилишим керак дегандек. Айтишадику, қишнинг ғамини ёзда егин, деб.
—Қайси ҳолатларда ўзига-ўзи ёрдам муолажалари самара бермай, мутахассисларга мурожаат қилиш керак бўладиган ҳолат юзага келади?
— Депрессия учун, бундай ҳолатнинг икки ҳафтадан кўпроқ вақт давом этса. Ўшанда ёрдам сўраб мурожаат қилиш зарур бўлади. Лекин баъзан ҳаммаси тезроқ кечади. Гоҳида депрессия эмас, балки стрессдан кейинги руҳий тушкунлик юз беради, хаёлда ўз жонига суиқасд қилиш ҳақида фикрлар пайдо бўлиб қолиши ҳам мумкин. Ноаниқлик руҳиятни синдиради. Шунақанги фикрлар пайдо бўлиши билан киши ёрдам излашга тушиши зарур. Таниш психолог ёки психотерапевт бўлмаса ҳам, дўстингизга, ўзингиз ишонадиган ҳамкасбингизга қўнғироқ қилинг, қўшнингиз эшигини тақиллатинг, содир бўлаётган ҳолат ҳақида сўзлаб беринг ва ёрдам сўранг. Бу сизнинг ўзингизни ўзингиз нечоғлик қадрлашингизни ва яхши кўришингизни кўрсатади.
Лекин яна бир бор қайтараман, бунга аввалдан тайёргарчилик қилиб қўйиш керак. Инсон бундай ҳолатга тушиб қолганида, унинг бировга ёрдам сўраб мурожаат қилиши қийин кечади, шунинг учун ҳам психотерапевтлар танишлар ва яқинлар билан аввалдан келишиб олишни ва бир-бирининг аҳволини кузатиб боришни маслаҳат қиладилар. Кекса ёшдаги кўпчилик қариялар одатда шундай қиладилар. Улар подъездда кимлар биландир келишиб оладиларда, бир-бирларини кузатиб, бир-бирларига кўмак бериб юрадилар ва уларнинг бу ҳаракатлари тўғри. Ёшроқ одамлар ҳам худди шундай қилишлари мумкин. Агар сизнинг ёлғиз қариндошингиз, танишингиз ёки ҳамкасбингиз бўлса, мен инсонпарварчилик нуқтаи назаридан унга қўнғироқ қилишни ҳамда истаган пайтида сизга ёрдам сўраб мурожаат қилиши мумкинлигини айтиб қўйишни тавсия қилган бўлардим. Унга вақти-вақти билан қўнғироқ қилиб туришингиз жуда катта ёрдам бўлади, гарчи сиз унинг уйига бора олмайдиган бўлсангиз ҳам. Масофадан туриб битта қўнғироқ, икки оғиз сўз кимгадир ёрдам бериши ва кимнингдир ҳаётини сақлаб қолиши мумкинлигини билиб қўйган яхши.
— Ўзбекистонда хорижий мамлакатлардан қайтаётган фуқароларни карантинга жойлаштираётганда уяли алоқа воситаларини олиб қўйишяпти. Демак, уларда ҳатто масофадан туриб ҳам яқинлари билан мулоқот қилиш имкониятлари йўқ бўлиб чиқмоқда. Бу каби амалиёт психологик нуқтаи назаридан ортиқча эмасми?
— Аслида карантинга жойлаштираётган одамларнинг ҳаммасидан ҳам уяли алоқа воситаларини олиб қўйилаётгани йўқ. Ҳатто менинг дўстларимдан баъзилари инфекция юқтириб олган беморлар ҳамда хорижий мамлакатлардан келган одамлар билан мулоқотда бўлганлари учун карантинга жойлаштирилган. Уларнинг ҳаммалари ижтимоий тармоқларда ўзларининг аҳволлари ҳақида маълумот етказмоқдалар. Бироқ ваҳимачиликка мойил одамлардан телефонларни олиб қўйилган ҳолатлар бўлган. Одамлар ваҳиманинг уясига айланиб қолган пайтда улардан асосли равишда телефонлар олиб қўйилган.
Инсон учун қариндошлари, яқинлари билан алоқада бўлиш, маънавий кўмак олиш ва бунга жавобан маънан қўллаш, карантинда уларни парвариш қилишаётганини, бу турма эмаслигини айтиш жуда муҳим.
У ердаги шароитлар етарли даражада қулайлигини биламан, кўпчилик одамлар учун карантиндаги шароитлар ҳатто уларнинг уйларида ҳам йўқ. Шу жумладан, овқатланиш масаласида ҳам. Одамлар қандай қулай шароитларда яшаётганларини хотиржамлик билан кўрсатганларида, аҳоли ҳам тинчланади ҳамда мажбурий карантинга нисбатан енгилроқ муносабатда бўлиб, COVID-19 коронавирус инфекциясининг аломатлари намоён бўлганда, яширинмайдиган бўладилар.
— Мажбурий карантинга тушиб қолган одамлар стигмага тўқнаш келмоқдалар. Ўзбекистонда биринчи бўлиб коронавирус юқтириб олган аёлнинг боши ғалвадан чиқмай қолди, уни деярли таъқиб остига олдилар. Ушбу агрессияни нима деб таърифласа бўлади, бу билан қандай ишлаш мумкин?
— Бундай агрессия ортида доим қўрқув туради. Ностандарт вазият, ҳеч ким унинг келишини кутиб тайёргарлик кўрмаган, нима қилиш кераклигини билмайди. Биз нима қилишни билмаган ҳолатларнинг аксариятида эса ғайри шуурий қўрқув пайдо бўлади. Биз ғижинишни бошлаймиз, “тишлаб узиб олишга” уринамиз. Ушбу агрессия биринчи беморларимиз эшитишга мажбур бўлаётган сўзларимизда, ҳақоратларимизда, лаънатларимизда намоён бўлади. Бу жиҳатдан Ўзбекистон ягона эмас, бундай ҳолатларни бошқа мамлакатларда ҳам учратасиз. Кеча ўқиб қолдим, Россияда бир кишини квартирасидан карантинга олиб кетишган экан, унга таниш бўлган аёл хонадонда ёлғиз қолган мушукни овқатлантириш учун келганида, эшигига қўшнилари қолдириб кетган “Ўлиб кет, махлуқ” деган ёзувни кўриб қолади.
Одамларга бу касалликнинг нима эканлигини тушунтириш лозим. Уни ҳар қандай инсон ҳар қандай фурсатда юқтириб олиши мумкин. Шундай беморлар қаторига отангиз, қизингиз, ўғлингиз кириб қолиши мумкин. Сизга яқин бўлган инсон дардга чалиниб қолсаю, унга нисбатан ҳамма ёвқараш қиладиган бўлса, нима қилган бўлардингиз? Ҳеч ким касал бўлишни ҳавас қилмаган, ҳеч ким ҳеч кимга коронавирусни юқтиришни истамаган, бироқ шундай бўлиб қолди, нима қилиш керак?
Жуда кенг миқёсда маърифий ишлар олиб бориш керак. Одамлардаги қўрқувни йўқотиш керак, уларда касалланиб қолган ва шу билан бирга эҳтимол касалини бировга юқтириб олган одамга нисбатан тўғри муносабатда бўлиш тушунчасини шакллантириш керак. Одамларнинг раҳм-шавқатга эҳтиёжи бор.
Агар кимдир карантинга риоя қилмаётган, тиббий ниқобини тақмаётган ва ижтимоий масофага риоя қилмай ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам хавф-хатарга қўяётган одамни кўрсангиз, бундай масъулиятсизликка фаол қаршилик кўрсатиш лозим. Улардан ниқобни тақиб олишни ва ижтимоий масофага риоя қилишни талаб қилиш, нега бу одам карантин қоидаларини бузаётганини сўраш керак. Одамлар касаллик тарқалишининг олдини олиш учун айнан шу тарзда ўз позицияларини намоён этишлари керак. Касалликни юқтириб олган одамларни тергашдан ҳеч қандай фойда йўқ. Ким айбдорлигини аниқлаш, ва қонун талаб қилаётган бўлса, унга нисбатан санкцияларни қўллаш – давлатнинг вазифаси. Одамлар бутун эътиборини профилактикага қаратсалар, ана ўшанда фойда бўлади.
Егор Петров
-
09 Февраль09.02Ҳар қадамда ОМОН, вайрона уйлар ва чегарадаги гавжум одамларҚозоғистонда юз берган воқеалардан кейинги вазият тўғрисида
-
22 Ноябрь22.11Хайрия ишларининг Остап БендериВолонтёр Перизат Қайратни қозоғистонликларнинг миллионлаб долларларини ўзлаштирганликда айблашмоқда
-
15 Ноябрь15.11Туркийлар алифбосиНега Эрдўғон Марказий Осиё давлатларидан тезроқ лотин алифбосига ўтишни талаб қилмоқда?
-
03 Октябрь03.10Мослашув имтиҳониРоссияга бораётган мигрантлар ва уларнинг оилаларига қўйилаётган талабларнинг кучайтирилиши нималарга олиб келиши ҳақида
-
11 Сентябрь11.09Ўзингиз шундай қарорга келдингизНима учун Қозоғистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилиши ёмон ғоя экани ҳақида
-
03 Сентябрь03.09Улкан мусибатлар давриҚозоқларнинг сўнгги кўчманчи империя дастидан қандай омон қолгани ҳақида