«Биз пўстин, қалпоқ, қўлқопда ухлаймиз»

Совуқ тушиши билан Ўзбекистонда бирин-кетин электр узилиши ҳолатлари кузатилмоқда
IXABAY.COM САЙТИ ФОТОСУРАТИ

Кескин континентал иқлимга мансуб Ўзбекистонда ноябрь охирида об-ҳаво бирдан пасайиб кетди. Одатга кўра, ҳар галгидек коммунал хўжалиги хизматчилари бундай табиат инжиқлигига тайёр эмасдилар. Шу сабаб мамлакат бўйлаб ҳар йили ўтказиладиган «Иложини қилиб тирик қолиш» реалити-шоуси доирасида аҳолини газсиз, светсиз қолдириш «ҳайрия ишлари»га старт берилди. Шунинг учун баҳорга осон-омон чиқиб олган, ташқарида офтобда исиниб турган одамларни «осмонни қўлида ушлаб турадиган ва хоҳлаган пайт уни ташлаб юбориш қудратига эга» инспекторларнинг кўрсатилган коммунал хизматлар учун ҳақ талаб қилишлари ҳайрон қолдирмайди ва бундай ҳолатга дуч келмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган.

Бироқ, «осмон узоқ, ер қаттиқ» деганларидек баҳорга амаллаб чиқиб олиш керак. Шу сабаб одамлар уйларидаги иссиқликни сақлаш қолиш учун супер қаҳрамонлар қудратини намойиш қила бошлайдилар, – қоронғида кўриб, оловсиз овқат пиширадилар. Зеро, электр мунтазам берилмаслиги, унинг тез-тез узилиши бутун мамлакат бўйлаб кузатилади. Бирин-кетин газ, светнинг узилиши Тошкентдек тараққий этган мегаполисга ҳам етиб келди. Аҳвол шу даражага етдики, ТВда тўғридан-тўғри эфирга узатилаётган кўрсатув пайти ҳам свет учиб қолди. Бу «электрчи» деган мавжудод учун муқаддас тушунчалар бўлмаса керак-ов!

Бироқ, бу масалага ҳукуматнинг аралашишига тўғри келди. Навбатдаги видеоселектор йиғилишида республика Бош вазири Абдулла Арипов газ ва свет таъминоти соҳасидаги вазиятни «шармандали ҳолат» деб атади. У мутасадди вазирлик раҳбарларини қаттиқ койир экан, совуқ тушиш билан нима учун мамлакатда энергетика тақчиллиги юзага келгани борасида бирорта раҳбардан жўяли жавоб ололмаганини айтди. Тўғри, бирорта катта раҳбар ишдан олинмади, лекин ҳукумат кадрлар сиёсатини инобатга олганда, репрессиялар бошланишини билиш учун фолбинга учрашнинг кераги йўқ.

Бундан бироз аввал энергетика вазирлиги ўзини оқламоқчи ҳам бўлди. Вазирликнинг Telegram-каналида техника фанлари номзоди Исо Саъдуллаевнинг мақоласи чоп этилди. Унинг қисқача мазмуни шундай бўлди: улкан иқтисодий зарар келтириши ва миллионлаб одамларни светсиз қолдириши мумкин бўлган йирик аварияларни олдини олиш учун истеъмолчиларга берилаётган токни ўчириб туриш керак. Эксперт электр соҳасида таназзуллик юз берганини умуман тилга олмаган, зеро кўплаб ўзбекистонликлар шундоқ ҳам электр энергиясисиз яшамоқдалар, уларга озгина дозада, кунига бир неча соатгина ток берилади. Лекин, бу забардаст олим барчани бундан ҳам камроқ свет ишлатишга чақирди. «Халқпарвар» бу олимнинг чақириғини янгилик демасаям бўлади. Ёз палласидаям мулозимлар аҳолини кўп электр энергияси сарфлаётганликда айблаган эдилар. Ўшанда «ҳудудий электр тармоқлари» мутасаддилари мамлакатда катта миқдорда электр энергияси ишлаб чиқарилаётгани, бу соҳада тақчиллик бўлмаслигини башорат қилгандилар. Лекин экспертларнинг гаплари ҳавойи эди, кузнинг изғирин шамоли мазкур «ваъдалар»ни бир зумда учириб кетди.

Ўзбекистон, XXI аср

Бу йилги ноябрь ойи айниқса тошкентликлар учун сезиларли бўлди. Ижтимоий тармоқлар свет, газ ва маиший шароит йўқлиги тўғрисидаги хабарларга тўлиб кетди. «Тошкент, Миробод тумани, Байналминал маҳалласи. Газ ҳам, свет ҳам йўқ. Қайтараман, бу бутун маҳаллада эмас, айрим кўчалардаги аксарият уйларда йўқ. Болалар қалин кийинтирилган. Улар инжиқлик қилишяпти. Овқат пишириш муаммо. Газ қатори свет ҳам ўчирилган хонадонларда овқат пиширишнинг мутлоқ имкони йўқ. Бу даҳшат!» деб ёзади Ирина Пшеничникова Facebookда. Изоҳларда ёзилишича, шу куни кечқурун маҳаллага райгаз раиси келиши керак бўлган. Одамлар уни совуқда соатлаб кутишган, лекин мутасадди раҳбар учрашувга келмаган. «Бугун 29 ноябрь, аҳвол жуда оғир. Кўпчилик хонадонларда липпиллаб амал-тақал ёниб турган газ ҳам ўчиб қолган. Одамлар пўстин, қолпоқ, қўлқопда ухлашяпти! Бу даҳшат! Ҳанузгача нималар содир бўлаётганига жавоб беришмади. Свет ҳам қисман ўчирилган», – дея ҳолатга изоҳ беради Ольга Белицкая. Ҳовлиси бор одамлар ташқарида овқат пишираётганликларини ёзишган. Майда болалари бор оилалар эса ўз уйини ташлаб ижарага бошқа туманда иситилаётган, свет ва газ бор хонадонларга кетишган.

Иссиқлик манбаисиз қолган қишлоқ аҳли. Ozodlik.orgсайти фотосурати

Facebookдаги жамоалар, масалан, «ТЧСЖ и как с ним жить?», «Потребитель.уз» ва бошқаларда одамларнинг электрнинг ўчирилиши ва хонадонлар иситилмаслиги борасида кимларга мурожаат қилиш кераклиги изоҳларига қалашиб кетган. Бундай постларни умумлаштирадиган яна бир ҳолат мавжуд, бу ҳам бўлса маҳаллий ЖЭК ва ҳокимятга қўнғироқ қилиб тушишнинг имконсизлиги. Чироқни ўчирган мулозимлар телефонларини ҳам ўчириб қўядилар чоғи. Вилоятларда ҳам аҳвол оғир, бироқ улар қиш пайти пайдо бўладиган свет ва газ билан боғлиқ муаммоларга кўникиб кетган кўринадилар. Самарқанддаги газ ва свет узилиш ҳолатларини олиб кўрайлик. Мамлакатда салмоғи жиҳатидан иккинчи ўринни эгаллаган қадим шаҳарга ташриф буюрган «Фарғона» манбаси шундай дейди: «Мен Самарқандга бир неча кунга келиб, Суғдиёна массивидаги қариндошларим уйида турдим. Бу ердагилар «бир кун ҳам свет узилишисиз яшамаймиз» шиори остида яшаётганга ўхшайди. Баъзида свет йигирма дақиқага, баъзида эса бир неча соатга узилади. Кунларнинг бирида кун бўйи светсиз ўтирдик. Электр тармоғига қўнғироқ қилдик. У ердагилар қайсидир кабель узилганини важ қилдилар. Бир соатдан сўнг умуман телефон гўшагини олмай қўйдилар. Анча вақт ўтгандан кейин свет беришди. Токнинг тез-тез узилиб, ёниши оқибатида одамларнинг маиший техникалари ишдан чиқяпти, квартираларда кўчадек совуқ, зеро марказлашган иссиқлик манбаи аллақачон ишламай қўйган».

Ўзбекистон олийгоҳларидан бирининг талабалари иссиқ кийимда ўқишга мажбурлар. Uznews.uz сайти фотосурати

«Samarkand & Самарканд» ёпиқ гуруҳининг иштирокчиси буюк Британиядан келган дўстини қандай кутиб олганини ёзади: «Меҳмонимизга Самарқанд яхши таасурот қолдириши учун қўлимиздан келганча ҳаракат қилдик. Лекин свет, газ ўчиб, хонадон совуй бошлаганда унга бу аҳволни қандай тушинтиришни билмай қолдик! Йўлларимиз сифатини кўриб дастлаб у ёқа ушлади, энди эса кулиб қўяди! Меҳмон олдида уятга қолганинг роса алам қиларкан… P. S. Мана, яна светсиз ўтирибмиз...» – дейди самарқандлик йигит.

«Мен – Самарқандликман» гуруҳининг бир аъзоси давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевга очиқ хат йўллайди: «Ҳурматли Ўзбекистон президенти, сизга мурожаат қиламан... свет ва газ билан боғлиқ муаммони ҳал қилишга ёрдам беринг!!! Бизлар 21 асрда яшаганимиз билан аҳволимиз Ўрта асрларга хос!!! Нега менинг севимли Самарқандим аҳли свет ва газсиз қийналяпти!!! Уларнинг айби нимада?...» – дейилади мурожаатда. Унинг саволи жавобсиз қолишига ишонч кўпроқ.

Фарғона водийсида одамлар баъзида уйдаги совуқдан тунлари ухлолмай чиқишади. «Ноябрь ойи биз учун имтиҳон бўлди. 10 кундан бери светнинг мазаси йўқ. У кунда 10-20 марталаб ўчирилади. Кимдир свет билан ўйнашаётганга ўхшайди. Бундан одамларнинг уйлари совиб, техникалари икки пулли бўлмоқда. Бугун эрталаб эса ЭРТАК бошланди. Чунки кечаси газни ўчиришганди…» – дейди наманганлик Асел Арзиева. Шаҳарда энг нуфузли саналган №2 мактаб ҳам иситилмаяпти. Свет мунтазам узилиб тургани боис у ерни электр иситгичлар билан иситишнинг фойдаси йўқ.

Халқ норозилиги интернет сарҳадига сиғмай, атрофга тоша бошлади. Нукусга яқин жойлашган қишлоқ аҳли ўз норозилигини билдириб кўчага чиқди, ҳукумат диққатини жалб қилиш учун машина шиналарини ёқишди. Маҳаллий ҳокимият ва орган ходимлари совқотган одамларга кўмир, ўтин тарқатиб, келгусида газ билан таъминлашни ваъда қилиб зўрға уларнинг ҳовурини босишди..

***

Ҳукумат мулозимлари Ўзбекистондаги энергия танқислигини «Росатом» копрорацияси кўмагида қурилажак Атом электр станцияси ёрдамида ҳал қилиш мумкин, дея халқни ишонтиришга ҳаракат қилишмоқда. Бу лойиҳани ҳатто республика Экология партияси ҳам ёқлаб чиқди. Бу хавфли объект қурилишини ёқлаган дунёдаги ягона «яшиллилар» партияси ҳисобланади. АЭС қурилишига ҳали анча бор. Бугунги аҳвол шундай – ўзбекистонликлар эҳтиёжини қоплаш учун электр энергияси етмаяпти. Шунча ишлаб чиқарилаётган электр манбаси қаёққа кетяпти? Давлат статистика кўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи уч кварталида Ўзбекистон $63 млн миқдорда электр энергиясини экспорт қилган. Бу пуллар мамлакат аҳолисини свет билан таъминлайдиган гидро ва иссиқлик электр станцияларни модернизация қилиш ишларига сарфландими ёки бошқа мақсадларга ишлатилдими? Иссиқ хоналарда ўтирувчи мулозимларнинг бу борадаги ишлари бировга номаълум.

Бироқ, валюта электр тармоқларини модернизация қилиш ишларига сарфланганида Энергетика вазирлиги техника фанлари номзоди орқали истеъмол ортиши электр тармоқларига ортиқча юк бўлаётгани ҳақида гап сотмаган бўларди. Табиий газ борасида ҳам аҳвол шундай – у катта хажмда хорижга сотилмоқда. Шу йилнинг январь ойидан сентябрига қадар республика $2 млрд миқдорида зангори ёнилғини четга сотган. Манфаати энг сўнггида қондириладиган маҳаллий аҳолига келсак, ҳечқиси йўқ, у ўтин ва кўмир билан бир амаллаб тирикчилигини ўтказади.