Сайғоқларни оммавий равишда отиб ташлаётган Қозоғистон ҳукумати ушбу ҳайвонлар популяциясини тиклаш бўйича Ўзбекистон билан келишиб олди. Бу ҳақда Қозоғистон Экология ва табиий ресурслар вазирлиги хабар бермоқда.
Меморандумни Қозоғистон Экология вазири Алибек Қуантиров ва Ўзбекистон Экология ва иқлим ўзгариши бўйича миллий қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов имзолади.
Ҳужжат сайғоқлар сони, миграцияси ва саломатлиги ҳолатини биргаликда мониторинг қилиш, илмий маълумотлар алмашиш, сунъий йўлдош орқали кузатиш ҳамда ветеринария назоратини назарда тутади. Шунингдек, томонлар табиий яйловлар, сув ҳавзалари ва трансчегаравий миграция йўлакларини тиклаш, браконьерлик ҳамда ҳайвонларнинг ноқонуний савдосига қарши курашиш ниятида.
Ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сайғоқлар реинтродукцияси — ҳайвонларни кўчириш орқали уларни тарихий яшаш жойларига қайтариш бўлади.
Ушбу режалар бир неча йилдан бери муҳокама қилинмоқда. 2025 йилнинг июль ойида Ўзбекистон Қозоғистон билан меморандум тайёрланаётганини эълон қилган эди. Ўшанда Азиз Абдуҳакимов мамлакатга 500 га яқин ёш сайғоқни кўчириб олиб келиш режаси ҳақида сўзлаб берган эди. Бунда икки давлатнинг ҳайвонларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳамкорлиги анча олдин бошланган: тегишли ҳукуматлараро битим 2010 йилнинг мартида имзоланган.
Ўзбекистонда сайғоқлар популяциясини қайта тиклаш зарурати ҳайвонлар сонидаги кескин фарқлар билан изоҳланади. 2026 йилги баҳорги ҳисоб-китобларга кўра, Қозоғистонда сайғоқлар сони 4,689 миллион бошни ташкил этган бўлиб, бу бир йил олдинги кўрсаткичдан 17,9 фоизга кўпдир. Улардан қарийб 2,7 миллиони Урал популяциясига, 1,87 миллиони Бетпакдала популяциясига ва атиги 119 мингтаси қўшни давлатлар ўртасида тарихан кўчиб юрган Устюрт популяциясига тўғри келган.
Ўзбекистонда эса вазият анча мураккаброқ. Республика экология идорасининг 2025 йил апрелида эълон қилинган маълумотларига қараганда, Оролбўйида ва Орол денгизининг қуриган тубида доимий яшовчи сайғоқлар сони тахминан 200 бошга баҳоланган. 1990 йилдан бери мамлакат ҳудудида ушбу ҳайвонлар сони 99,5 фоизга қисқариб кетган.
Миграция йўналишларининг бузилиши асосий сабаблардан бирига айланди. Қозоғистонда 2015 йилда қуриб битказилган Шалқар — Бейнеу темир йўли ҳамда чегара тўсиқлари сайғоқларнинг давлатлар ўртасида ҳаракатланишини қийинлаштириб қўйди. БМТнинг Кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар турларини сақлаш бўйича конвенцияси мутахассислари маълумотига кўра, Устюрт популяцияси Ўзбекистондаги анъанавий қишки яйловларга бориш имкониятидан деярли маҳрум бўлган.
Сайғоқларни Ўзбекистонга қайтариш масаласини томонлар 2026 йилнинг октябрь ойида Ереванда ўтган БМТнинг биологик хилма-хиллик бўйича конференциясида яна кўриб чиқишди. Ўшанда икки давлат вакиллари ҳайвонларни кўчиришнинг амалий жиҳатларини ишлаб чиқишга келишиб олганди.
Ноябрь ойида имзоланган меморандумда кўчиришнинг аниқ муддатлари ва ҳайвонлар сони келтирилмаган. Шунингдек, миграция йўлларидаги тўсиқларни бартараф этиш учун қандай чоралар кўрилиши ва дастурни амалга оширишга қанча маблағ талаб этилиши ҳам аниқлаштирилмаган.
ℹ️ Қозоғистон қишлоқ хўжалиги ерларини ҳимоя қилиш зарурати баҳонасида бир неча йилдан буён сайғоқларнинг энг йирик популяцияларини сунъий равишда камайтириб келмоқда. Бундан олдин «Фарғона» ёзганидек, 2025 йилнинг июлидан ноябригача ёввойи табиатдан қарийб 196 минг бош ҳайвон тутилиб, уларнинг гўшти қайта ишлаш корхоналарига топширилган эди. Бундай ов 2026 йилда ҳам давом эттирилди: республика Ўрмон хўжалиги ва ҳайвонот дунёси қўмитаси маълумотларига кўра, 28 сентябрга қадар яна 47 мингга яқин сайғоқ нобуд қилинган.



