Қозоғистон Россия нефтини ўзининг нефтни қайта ишлаш заводларида қайта ишлаш имконияти бўйича Россия билан муҳокамалар олиб бормоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Энергетика вазирлиги Reuters агентлиги сўровига йўллаган ёзма жавобида маълум қилди.
«Россия нефтини қайта ишлаш ва кейинчалик ишлаб чиқарилган нефть маҳсулотларини Қозоғистон Республикасининг ички бозорида сотиш ҳамда маҳсулотларнинг бир қисмини Россия Федерациясига экспорт қилиш масаласи бўйича музокаралар олиб борилмоқда», — дейилади Энергетика вазирлиги жавобида.
Вазирлик маълум қилишича, музокаралар Қозоғистон нефтни қайта ишлаш заводларининг барқарор юкланишини таъминлаш, иш ўринларини сақлаб қолиш ҳамда ички бозорни нефть маҳсулотлари билан узлуксиз таъминлашга қаратилган. Вазирлик қўшимча қилишича, эҳтимолий келишувнинг асосий шарти Қозоғистон ички бозори эҳтиёжларини тўлиқ қондиришдан иборат бўлади.
Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги лойиҳада айнан қайси нефтни қайта ишлаш заводлари иштирок этиши мумкинлиги, шунингдек, етказиб бериш ҳажмлари ва қайта ишлаш шартларини очиқламаган.
Вазирлик маълумотларига кўра, шартномаларнинг тижорий параметрлари, жумладан, етказиб бериш йўналишлари ва маҳсулот ҳажмлари амалдаги қонунчилик доирасида бозор иштирокчиларининг ўзи томонидан белгиланади.
Шунингдек, Энергетика вазирлиги Россиядан Қозоғистонга авиация ёқилғиси етказиб берилиши Қозоғистон бензинини Россияга экспорт қилиш учун шарт эмаслигини таъкидлади.
Ҳозирда Қозоғистонда Россия нефтини «Конденсат» нефтни қайта ишлаш заводи қайта ишламоқда. Ушбу завод июль ойида биринчи марта Россияга автомобиль бензинини экспорт қилган.
Сўнгги ойларда Россия ёқилғи бозорида бензин ва дизель ёқилғиси тақчиллиги кузатилмоқда. Бу ҳолат нефтни қайта ишлаш заводларида режадан ташқари таъмирлаш ишлари олиб борилаётгани билан боғлиқ бўлиб, уларнинг кўпчилиги дронлар ҳужумига учраган. Сўнгги нишонлардан бири Рязань нефтни қайта ишлаш заводи бўлди. 29 июль куни дронлар ҳужумидан сўнг корхона хом нефтини қайта ишлашни тўхтатишга мажбур бўлди.
Юзага келган вазият анъанавий равишда Россия импорт таъминотига боғлиқ бўлган Марказий Осиё мамлакатларига ёқилғи етказиб бериш ҳажмини қисқаришига олиб келди.
Ҳар йили Қозоғистон ва Россия юқори мавсумий талаб ҳамда нефтни қайта ишлаш заводларидаги таъмирлаш даврларида ички бозорни таъминлаш мақсадида нефть маҳсулотларини божхона тўловларисиз етказиб бериш бўйича индикатив балансларни келишиб олади. 2026 йил учун Россиядан Қозоғистонга 285 минг тонна автомобиль бензини, 450 минг тонна дизель ёқилғиси ва 300 минг тонна авиация керосини етказиб бериш кўзда тутилган.



