Тожикистон президенти ҳарбий комиссариатлар ва куч тузилмалари раҳбарларини кенг кўламда алмаштирди

Тожикистон президенти матбуот хизмати фотосурати

Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон 20 та ҳарбий комиссариат раҳбарини алмаштирди, шунингдек, Миллий гвардия, Чегара қўшинлари ва Мудофаа вазирлиги бўлинмаларига янги раҳбарларни тайинлади. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

Миллий гвардияда раҳбарлик лавозимларига тажрибали офицерлар тайинланди. Саноат ва янги технологиялар вазирлиги, Озиқ-овқат хавфсизлиги қўмитаси ҳамда Ҳукумат ҳузуридаги Ижро хизматида рақамлаштириш ва замонавий технологиялар йўналишларига масъул бўлган янги раҳбар ўринбосарлари иш бошлади.

Мудофаа вазирлигида эса бошқармалар раҳбарлари ва ҳарбий қисмлар қўмондонлиги лавозимларига Тожикистонда ҳамда хориждаги икки ёки ундан ортиқ олий ҳарбий таълим муассасаларини тамомлаган мутахассислар тайинланди.

Кадрлар бўйича қарорларнинг асосий қисми ҳарбий комиссариатлар (военкоматлар)га тўғри келди. Уларнинг фаолияти текширилганидан сўнг ва президент розилиги билан Тоғли Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ), Спитамен, Кўҳистони Мастчоҳ, Айни ва Шаҳристон туманлари, Суғд вилоятининг Истаравшан, Конибодом ва Гулистон шаҳарлари, Хатлон вилоятининг Восе, Қўшониён, Хуросон, Темурмалик ва Қубодиён туманлари, Кўлоб, Бохтар ва Левакант шаҳарлари, шунингдек, Рашт, Лахш, Файзобод туманлари ҳамда Ваҳдат шаҳри ҳарбий комиссарлари алмаштирилди.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) Чегара қўшинларида ТБАВдаги Чегара қўшинлари бошқармаси бошлиғи, бир қатор чегара отрядлари раҳбарлари ва марказий аппарат бошқармалари раҳбарлари лавозимларига янги тайинловлар амалга оширилди.

Раҳмон тайинланган раҳбарлар билан учрашувда мамлакат хавфсизлиги ва унинг ривожланиши ҳар бир амалдор ҳамда ҳарбий хизматчининг ўз вазифасига қанчалик масъулият билан ёндашишига бевосита боғлиқлигини таъкидлади. Шунингдек, у ҳукумат жаҳондаги беқарор ва олдиндан айтиб бўлмайдиган вазиятни инобатга олган ҳолда ҳарбий хизмат шароитларини доимий равишда яхшилаб, армияни зарур воситалар билан таъминлаб келаётганини қайд этди.

Якунда президент масъул шахслардан тартиб ва интизомни мустаҳкамлаш чораларини кўришни, низом талабларига қатъий риоя этишни ва қўшинларни доимий жанговар тайёргарлик ҳолатида сақлашни талаб қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ