Толиблар амалдор ўлдирилиши ва исёнчилар ҳужумларидан сўнг Афғонистон шимоли-шарқига қўшинларни жойлаштира бошлашди

Афғонистонда ҳокимиятни эгаллаб турган «Толибон» ҳаракати қуролли мухолифат фаолияти кескин кучайгани ортидан Бадахшон вилоятида кенг кўламли ҳарбий операция тайёрламоқда. Бу ҳақда Afghanistan International вилоятдаги ўз манбаларига таяниб хабар берди.

Нашр маълумотларига кўра, Зебак туманига қўшимча кучлар жойлаштирилган. Шунингдек, у ерда «Толибон»нинг юқори лавозимли қўмондонлари — Ҳилманд вилояти губернатори Амануддин Мансур ва ҳаракат бош штаби раҳбари Қори Фасиҳуддин Фитрат ҳам бор. Вилоятнинг бир нечта ҳудудларида, жумладан, Яфтал туманида янги назорат-ўтказиш пунктлари ўрнатилган, тунги патруллар ва хавфсизлик чоралари кучайтирилган. Манбалар вазиятни «беқарор» деб баҳолашмоқда.

Бунга сабаб Бадахшон вилоятидаги «Толибон»нинг ахборот ва маданият бошқармаси раҳбари, губернатор Мансурнинг жияни Забихулла Амирининг ўлдирилиши бўлди. 28 июль куни икки нафар қуролланган шахс мотоциклда Баҳорак — Файзобод йўлида унинг машинасига қарата ўқ узган. Ҳужум қилганлардан бири қўриқчилар томонидан ўлдирилган, иккинчиси эса қўлга олинган.

Толибларнинг айбдорларни тезда аниқлай олмагани ҳаракат раҳбариятида хавотир уйғотган. Вазиятни Афғонистондаги «Ислом давлати» — Хуросон вилояти (ИШИД-Хуросон) бўлими баёноти янада мураккаблаштирган. Гуруҳ Амирининг ўлдирилиши учун жавобгарликни ўз зиммасига олиб, «Толибон» қўмондонини ўз жангарилари автоматлардан ўқ узиб ўлдирганини маълум қилган.

23 июльдан бери Зебак туманида «Толибон» ва Афғонистон Озодлик Фронти (АОФ) ўртасида жанглар давом этмоқда. Бу гуруҳ «республикачи» қуролли мухолифатининг икки асосий ҳаракатидан бири бўлиб, унга Афғонистон армияси собиқ бош штаби раҳбари генерал Ёсин Зиё бошчилик қилади.

Фронт маълум қилишича, унинг кучлари 20 дан ортиқ «Толибон» аъзосини йўқ қилган, Зебакда чегара батальони устидан назорат қилувчи позицияларни эгаллаган ва толибларнинг икки дронини йўқ қилган.

Шу билан бирга, Бадахшон вилоятида Аҳмад Масъуд бошчилигидаги «Миллий қаршилик фронти» (МҚФ) ҳам фаолият юритмоқда. У 10, 27 ва 29 июль кунлари Роғ ҳамда Кўрон-ва-Мунжон туманларида «Толибон» постларига ҳужумлар уюштирилганини маълум қилди. Фронтнинг таъкидлашича, сўнгги ҳолатда «маҳаллий бўлмаган», яъни бошқа вилоятлардан олиб келинган ва Дарвоз аҳолисини босиш учун юборилган «Толибон» бўлинмалари таркибидаги икки нафар жангари ҳалок бўлган, уч нафари яраланган.

Ўзини илк бор маълум қилган яна бир гуруҳ — республика армиясининг собиқ махсус кучлари аъзоси, 25 ёшли Абдулқайюм Маланг қўмондонлигидаги «Сепаҳиён-е Миҳан» («Ватан жангчилари») ҳаракатидир. 17 июль кунига ўтар кечаси унинг жангарилари деярли қаршиликсиз Яфтали-Паён тумани маъмурияти, полиция ва разведка биноларини эгаллаб, бир неча соат давомида у ерда ўз байроғини кўтарган. Бу 2021 йилдан сўнг антитолиб кучлари томонидан туман марказининг илк бор эгалланиши бўлди.

Барча воқеалар ортида «Толибон» раҳбарияти ва таъсирли маҳаллий қўмондон Жумахон Фотеҳ ўртасида бир неча ойдан бери давом этаётган зиддият туради. «Толибон» етакчиси мулла Ҳайбатулла Охундзода аввал Фотеҳни Забул вилояти губернатори ўринбосари лавозимидан олган ва унга янги вазифа бермаган, кейин эса амалда уни «исёнчи» деб эълон қилган. Низо Бадахшондаги олтин конлари устидан назорат ва Фотеҳга содиқ бўлган қуролли кучларни қуролсизлантириш масалалари атрофида юзага келган.

Ҳозирча «Толибон» расмий равишда Бадахшондаги жангларни «тарғибот» деб атаб, мухолифат гуруҳлари «фақат қоғозда мавжуд» эканини таъкидламоқда. Бироқ амалдаги вазият — Зебакда қўшинларнинг тўпланиши, юқори лавозимли амалдорнинг ўлдирилиши (у исёнчилар ёки ИШИД-Хуросон томонидан нишонга олингани номаълум), исёнчи қўмондон билан давом этаётган музокаралар ва бир вақтнинг ўзида учта турли қуролли гуруҳ томонидан содир этилаётган ҳужумлар — Тожикистон, Покистон ва Хитой билан чегарадош ушбу вилоятда беқарорлик кучайиб бораётганини кўрсатмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ