Санкт-Петербург «Ислом давлати» (ИШИД)* террорчилик ташкилотига ёллашга уринишлар бўлаётгани ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар бермаган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди. Мигрантга нисбатан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, унга бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин. Бу ҳақда ТАСС ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга таяниб хабар берди.
Жиноят иши бўйича гумонланувчи 1999 йилда туғилган Ўзбекистон фуқароси ҳисобланади. Тергов давомида аниқланишича, ўтган йил кузида у Telegram мессенжери орқали халқаро қидирувда бўлган ИШИД аъзоси билан танишган. Шунингдек, мигрант ярим йил давомида террорчилик ташкилоти аъзоси билан мунтазам алоқада бўлган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ёзишмаларда суҳбатдош Санкт-Петербургда яшаётган ўзбекистонликни «Ислом давлати» (ИШИД) террорчилик ташкилоти сафига қўшилишга ва жанговар ҳаракатларда иштирок этиш учун Сурияга боришга ундаган. Экстремистик гуруҳ аъзоси, шунингдек, ундан террорчилик фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун маблағ ўтказишни ҳам сўраган.
Ўзбекистонлик йигит ўзини ёллашга уриниш бўлаётгани ҳақида полицияга хабар бермагани сабабли, унга нисбатан РФ Жиноят кодексининг 205.6-моддаси («Жиноят ҳақида хабар бермаслик») бўйича жиноят иши қўзғатилган. Унга бир йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланиши мумкин.
Агар орган ходимлари мигрант ҳақиқатан ҳам ИШИДга маблағ ўтказганини аниқлашса, тергов жиноят ишини террорчилик ташкилотига кўмаклашиш моддаси бўйича қайта малакалаши мумкин. Россия қонунчилигига кўра, бундай қилмиш учун 15 йилгача қамоқ жазоси назарда тутилган.
*РФ ва кўпгина давлатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот



