«Порла, Тошкент!»

Ўзбекистон пойтахтида кинофестиваль совет даври эстрада қўшиғи билан очилди

Кеча Тошкентда очилган халқаро кинофестиваль XIII тартиб рақамига эга. Фестиваль ташкилотчилари сайтида таъкидланганидек, бугунги кино байрами Ўзбекистон пойтахтида 1968 йилдан 1997 йилгача ўтказиб келинган машҳур Осиё, Африка ва Лотин Америкаси кинофестивалининг давоми ҳисобланади.

Реконструкция қилинган «Панорама» (бугун «Киночилар уйи» деб номланади) кинотеатрида бошланган кинофестивалнинг тантанали очилиш маросими совет даври фестивали соғинчига қоришган эди. Маросимнинг бошланиши ва унинг якунида Тошкент кинофестивалини ёдга солувчи— «Салом, фестиваль!» ва «Сияй, Ташкент! («Порла, Тошкент!»)» қўшиқлари янгради. Иккинчи композицияни «Ялла» гуруҳининг асосчиси, устоз санъаткор Фарруҳ Зокиров ижро этди.

Совет даврида Тошкент фестивали конкурсли фестивал ҳисобланган ва «А» категориясига эга бўлган. Бугунги фестиваль бадиий фильмлар ўртасида танлов ўтказмайди, бироқ ўндан ортиқ мамлакатлардан ташриф буюрган ёш кинематографлар орасида конкурс ўтказишга қарор қилинди. Ижодкорлар беш кун ичида фильмни тасвирга олишлари керак.

XIII Тошкент кинофестивали атиги бир неча ой ичида тайёрланди. Томошабинларни яқин кунларда кинокўрсатувлар, малакали режиссёр ва актёрлар иштирокида маҳорат дарслари, киноюлдузлар ҳамроҳлигида матбуот анжуманлари кутмоқда.

Бугун қайта жонланган Тошкент кинофестивали ўзининг дастлабки қадамларини босмоқда. Бироқ, дунёнинг ўнлаб мамлакатларидан ташриф буюрган меҳмонлар кино санъати байрамининг ёрқин келажагига ишонадилар. Биз ҳам Тошкент фестивали яқин келажакда дунёдаги энг нуфузли анжуманлардан бири бўлиб қолишига умид билдирамиз.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ