Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қошида фаолият юритаётган Халқаро хаттотлик мактабига 1700 нафардан ортиқ киши мурожаат қилди. Унда таълим бепул бўлиб, машғулотларга 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган кишилар қатнашмоқда, деб хабар беради Марказ матбуот хизмати.
Халқаро хаттотлик мактаби Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2025 йил 29 январда Ислом цивилизацияси марказига ташрифи чоғида хаттотлик санъатини қайта тиклаш, ривожлантириш ва келажак авлодларга етказиш юзасидан берган топшириқлари асосида ташкил этилган. Мактабнинг асосий мақсади асрлар давомида шаклланган миллий китобат анъаналарини сақлаш, қадимий хат турларини ўргатиш ҳамда соҳада малакали мутахассисларни тайёрлашдан иборат.
Мактаб ўқитувчиси Муҳаммад Солиевнинг сўзларига кўра, тингловчилар уч гуруҳга бўлинган: мактаб ўқувчилари, талабалар ва турли касб вакиллари. Учинчи тоифага нафақахўрлар ҳам киради. Машғулотлар ҳафтасига икки марта, бир соатдан ўтказилади.
Таълим анъанавий «устоз-шогирд» тизими асосида ташкил этилган. Дастур олти ойдан уч йилгача бўлган муддатга мўлжалланган. Ўқувчилар насх, настаълиқ, сулс, риқо, девоний ва куфий услубларини ўрганиш, шунингдек, бадиий композициялар тузиш қоидаларини ўзлаштириш билан шуғулланади.
Фақат «Насхи Бухорий» услубини ўрганиш учун ўртача тўрт ойдан олти ойгача вақт талаб этилади. Олти-етти ойдан бери таҳсил олаётган айрим ўқувчилар таълимнинг дастлабки босқичларини якунлаб, ўз композицияларини яратишга киришган.
Ислом цивилизацияси маркази маълумотларига кўра, юз нафардан ортиқ ёшлар хаттотлик бўйича амалий кўникмаларга эга бўлди. Уларнинг ижодий ишлари асосида кўргазмалар ва маҳорат дарслари ҳам ташкил этилган.
Келгусида энг яхши тайёргарликка эга ўқувчиларни Марказ кутубхонасидаги ноёб қўлёзмаларнинг хаттотлик нусхаларини яратишга жалб этиш режалаштирилган. Улар орасида Алишер Навоий ва бошқа тарихий шахслар мероси билан боғлиқ қўлёзмалар ҳам бор.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



