Хакерлар 27 миллиондан ортиқ ўзбекистонликнинг шахсий маълумотлари сақланадиган базани бузиб кирганини маълум қилишди

Butterfly хакерлар гуруҳи ижтимоий тармоқларда Ўзбекистоннинг 27 миллиондан ортиқ фуқароси ҳақида шахсий маълумотлар сақланадиган маълумотлар базасини бузиб кирганини маълум қилди. Бузиб киришга далил сифатида кибержиноятчилар республика Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматовнинг шахсий маълумотларини ошкор қилишган, деб хабар беради Podrobno.uz нашри.

Кибержиноятчиларнинг айтишича, улар ўзбекистонликлар ҳақида қуйидаги маълумотлар сақланадиган базага кириш имконига эга бўлган: фамилияси, исми ва отасининг исми, мобиль телефон рақами, ЖШШИР (жисмоний шахснинг шахсий идентификация рақами), яшаш манзили, паспорт маълумотлари ва биометрик фотосуратлар.

Butterfly вакиллари республика ҳукуматига ультиматум қўйган: агар хакерларнинг талаблари 2 ноябрь тонгига қадар бажарилмаса, маълумотлар базаси даркнет орқали очиқ савдога қўйилади. Даркнет — интернетнинг оддий қидирув тизимлари орқали топиб бўлмайдиган ва стандарт браузерлар ёрдамида очилмайдиган яширин қисми.

Ҳозирча кибержиноятчилар айнан нимани талаб қилаётгани ва ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари даркнетда сотувга қўйилган-қўйилмагани номаълум. Мамлакатнинг ваколатли органлари ҳозирча вазиятга ҳеч қандай изоҳ бермаган.

Шуни ҳам қўшимча қилиш лозим, бир неча кун аввал оммавий ахборот воситаларида Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати Safe Road платформасида рўйхатдан ўтган ўзбекистонликларнинг шахсий маълумотлари тарқалиб кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Айрим блогерлар, жумладан, Kurbanoff.net Telegram-канали муаллифи Шухрат Қурбонов хабарнинг ишончлилигини текшириб, ўз шахсий маълумотларини ҳақиқатан ҳам очиқ манбалардан топган. Сервисни ишлаб чиққан AUTODOC компанияси маълумотлар тарқалиб кетганини рад этганига қарамай, ИИВ ва республика Давлат хавфсизлик хизмати ҳузуридаги Киберхавфсизлик маркази текширув бошлади.

1 ноябрь куни Troll.uz Telegram-каналида Ўзбекистон вазирликларидан бирининг сайтида жиддий заифликни аниқлаган дастурчи ҳақидаги ҳикоя эълон қилинди. Бу заифлик туфайли 40 миллион фуқаронинг шахсий маълумотлари интернетга тарқалиб кетиши мумкин эди.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, у дастлаб бу ҳақда тегишли идорага хабар бера олмаган, чунки унга «ҳаммаси жойида» деб жавоб беришган. Фақат бошқа дастурчи идорага таклиф қилинганидан кейингина давлат веб-ресурси маъмурлари муаммо борлигини тан олиб, уни бартараф этишга ваъда беришган.

Қарийб бир ҳафта ўтганига қарамай, заифлик бартараф этилмаган ва фаол мутахассис Киберхавфсизлик марказига мурожаат қилган. Шундан кейингина идора унинг мурожаатига эътибор қаратган ва саккиз кун давомида камчиликларни бартараф этган. Киберхавфсизлик экспертлари мурожаат муаллифига амалга оширилган иш натижаларини текширишни таклиф қилган. Шу билан бирга, заифликни аниқлаган дастурчидан ушбу воқеа ҳақида гапирмаслик сўралган.

Таъкидлаш жоиз, агар маълумотлар очиқ фойдаланишга чиқиб кетганида, оқибатлари фожиали бўлиши мумкин эди. Мутахассиснинг баҳолашича, хакерлар кредит расмийлаштириш ёки бошқа қонунга хилоф ҳаракатларни амалга оширишда фойдаланиши мумкин бўлган ҳар бир шахсий аккаунт бузиб кирилиши натижасида тахминан 50 доллар иқтисодий зарар етказилади. Яъни республика миқёсида бу зарар 2 миллиард долларга етиши мумкин.

Энг муҳими, мақола муаллифлари таъкидлашича, Ўзбекистонда муаммолар ҳақида хабар бериш тизими пухта ишлаб чиқилмаган: мурожаатларнинг махфийлигини таъминлаш механизми, жавоб беришнинг аниқ муддатлари ва иш натижаларини очиқ эълон қилиш тартиби мавжуд эмас. Муаммони аниқлаган шахслар учун мукофот ҳам кўзда тутилмаган. Энг кўпи билан улар ўзлари сўров берган тақдирдагина миннатдорлик хати олишлари мумкин.

Butterfly — корпоратив жосуслик билан шуғулланадиган профессионал хакерлар гуруҳи. Ушбу гуруҳ ҳақидаги илк маълумотлар 2013 йилда пайдо бўлгани айтилади. Кибержиноятчилар ҳужумлари натижасида Apple, Facebook ва Microsoft каби бир нечта йирик технологик корпорациялар жабр кўргани маълум.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Ўзбекистон мактаб ислоҳотини хорижий тажрибалар асосида қандай шакллантираётгани ҳақида

  • Толибларга қарши мухолифат етакчилари мамлакат келажаги борасида турлича фикр билдирди

  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?