Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази БРИКС+ илмий-технологик музейлар aльянсига қабул қилинди. Бу ҳақда Марказ матбуот хизмати хабар берди.
Октябрь ойи ўрталарида Уфада «Ислом идеаллари ва қадриятлари» мавзусидаги XVII халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. У доирасида «Евроосиё маконида ислом таълимини ривожлантириш» мавзусидаги II халқаро давра суҳбати ҳам ўтказилди.
Иштирокчилар ислом таълими, маънавий қадриятлар ва халқаро илмий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар. Марказ ўзининг илмий-маърифий лойиҳаларини, тарихий-маданий меросни ўрганиш ҳамда таълим ва музей фаолиятида замонавий технологиялардан фойдаланиш борасидаги ишларини тақдим этди. Марказда жами 800 га яқин илмий лойиҳа ишлаб чиқилган.
Давра суҳбати давомида Ўзбекистон томони 2027–2030 йилларга мўлжалланган Марказий Осиё ва Россия олимлари ҳамда теологлари ҳамкорлигининг ягона стратегиясини ишлаб чиқишни ҳам таклиф қилди. Ушбу стратегия доимий илмий мулоқотни йўлга қўйиш, тажриба алмашиш ва қўшма таълим ҳамда маърифий тадбирларни ўтказишни назарда тутиши лозим.
Шундан сўнг Марказ вакиллари Москвадаги «АТОМ» музейида бўлиб ўтган Discover ATOM III халқаро туризм форумида иштирок этдилар.
Форумнинг асосий воқеаларидан бири БРИКС+ илмий-технологик музейлар альянсининг кенгайтирилиши бўлди. Бирлашмага 12 та янги ташкилот, жумладан, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам қабул қилинди. Форум иштирокчилари, шунингдек, 2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик йўл харитасини муҳокама қилдилар. Унда мутахассислар алмашинуви, қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга ошириш ва халқаро илмий туризмни ривожлантириш масалалари қамраб олинган.
«Бу йил биз томондан ташкил этилган БРИКС мамлакатлари Илмий-технологик музейлар альянсига Россия ва бошқа давлатлардан янги иштирокчилар қўшилади. Бу ташаббусга талаб юқори эканини ҳамда музейлар ва туризм соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтириш салоҳияти мавжудлигини тасдиқлайди», — деди «АТОМ» музейи бош директори Елена Мироненко.
ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилган. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 550 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.



