Айни кунларда Самарқандда Жаҳон шахмат олимпиадаси бўлиб ўтмоқда. Шу билан бирга, Халқаро шахмат федерацияси янги президент сайловига тайёргарлик кўрмоқда. Овоз бериш 26 сентябрь куни бўлиб ўтади. «Фарғона» нашри ўзбек шахматининг феномени, Жавоҳир Синдаров ва Кирсан Илюмжинов даври ҳақида Европа шахмат иттифоқи (ECU) президенти, грузин гроссмейстери Зураб Азмайпарашвили билан суҳбатлашди.
— Самарқанд сизда қандай таассурот қолдирди? Шаҳарни кўришга улгурдингизми?
— Мен Самарқандни томоша қилишни жуда хоҳлардим, аммо ҳозирча бунинг имкони бўлмади. Жадвал жуда тиғиз. Бу дунёдаги энг қадимий шаҳарлардан бири ва шу билан бирга, келажаги жуда порлоқ шаҳар. Бу ердан кетгунимизга қадар ҳеч бўлмаса кичик бир экскурсияга чиқишни жуда истайман. Афсуски, ҳозирча бунинг уддасидан чиқа олмадим. Ҳатто рафиқам ҳам: «Қачон борамиз?» деб сўраяпти.
— Сўнгги йилларда Ўзбекистон шахматда жуда катта ўсишга эришди. Бирданига шунча юқори даражадаги ёш шахматчилар қаердан пайдо бўлди?
— Менимча, буларнинг барчасига анча олдин асос солинган. 1992 йилги Олимпиадани жуда яхши эслайман. Ўша пайтда деярли ҳеч кимга таниш бўлмаган Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўринни эгаллаган эди. Агар ўша пойдевор бўлмаганида, бугунги натижа ҳам бўлмасди. Бу пойдеворни мураббийлар, шахмат дастурлари яратди, кейин эса давлат томонидан шахматга катта эътибор қаратилди. Ўзбекистон ҳукумати шахматга кўрсатаётган эътиборни жуда қадрлайман. Албатта, шахмат соҳасидаги инсонларнинг — мураббийлар, устозлар, айниқса болалар билан ишлайдиган мутахассисларнинг ҳам меҳнати жуда катта.
— Ўзингиз ҳозирги ўзбек шахматчилари авлодини анчадан бери кузатиб келасизми?
— Масалан, Синдаровда мен жуда олдин деярли бўлажак жаҳон чемпионини кўрганман. Кейин уни доимо кузатиб бордим. У кичиклигида мен билан блиц ўйнаганини эслайман, ўшанда тахминан 11 ёшларда эди. Дебютда у менга фигурасини анча тез бой берди, мен хотиржамлашдим — «тамом, фигурани ютдим», деб ўйладим. Кейин эса уни енгиш учун жиддий курашишимга тўғри келди. Партиядан кейин қарасам, бола чиндан ҳам йиғлаяпти. «Вой, у ким билан ўйнаётганини тушунади-ку», деб ўйладим. Аммо менинг ёдимда айнан шу ҳолат қолди: агар бола мағлубиятни шунчалик оғир қабул қилса, демак, унинг ичида улкан энергия, мустаҳкам ирода бор.
— 23 йил давомида FIDEга раҳбарлик қилган Кирсан Илюмжинов ўзбек ва жаҳон шахматининг ривожида қанчалик катта роль ўйнади?
— Жуда катта. Кирсан Николаевич FIDEни амалда жуда оғир аҳволда қабул қилиб олди: шахмат олами бўлиниб кетган, параллел жаҳон чемпионатлари мавжуд эди, доимий баҳслар давом этарди. Унга амалда ишламаётган механизм мерос бўлиб қолди, шунга қарамай, у ташкилот фаолиятини жонлантиришга, шахматга катта маблағ жалб қилишга, жумладан, ўз маблағларини сарфлашга муваффақ бўлди. Президентни умуман у қандай ҳолатда ташкилотни қабул қилиб олгани ва ўзидан кейин нимани қолдиргани билан баҳолаш керак.
— Сиз асосий ютуқлардан бири сифатида жаҳон чемпиони унвонининг бирлаштирилишини ҳисоблайсизми?
— Албатта. Бирор нарсани беш дақиқада бўлиб ташлаш мумкин, аммо кейин уни бирлаштириш учун йиллар керак бўлади. Жаҳон чемпионатларининг параллел йўналишларини ҳамма эслайди. Кирсан Топалов — Крамник бирлаштирувчи матчигача бўлган жараённи охирига етказишга муваффақ бўлди. Шундан сўнг яна ягона жаҳон чемпиони унвони пайдо бўлди. Бу улкан меҳнат. Албатта, 23 йил давомида хатолар ҳам бўлган — ким хато қилмайди дейсиз? Аммо умуман олганда, унинг ҳиссасини жуда юқори баҳолайман.
Илюмжиновга нисбатан санкциялар жорий этилганидан сўнг унинг ўзи учун ҳам, барчамиз учун ҳам жуда оғир давр бошланди. Менинг эслашимча, у деярли дарҳол ваколатларини чеклади. Бундан ташқари, шахсан мен шундан кейин уни бирорта йирик шахмат тадбирида кўрмадим. Менимча, у ўзининг пайдо бўлиши турли институтлар томонидан нотўғри қабул қилиниши мумкинлигини, бунинг оқибатида шахмат зарар кўриши мумкинлигини тушунган. Яъни ўша пайтда у шахматни асраган.
— Сиз шахмат оламини бирлаштириш қанчалик қийинлиги ҳақида гапиряпсиз. Магнус Карлсен билан боғлиқ воқеа эса тескари йўналишдаги ҳаракатмиди?
— Йўқ, бу мутлақо бошқа масала. Менимча, Магнус деярли барча нарсага эришди ва мотивациясини йўқотди. Жуда узоқ вақт давомида мусобақаларда қатнашиб, деярли ҳеч ким сени мағлуб эта олмаса, бу инсонга таъсир қила бошлайди. Бу Каспаров — Карпов ҳолати эмас, ўшанда бир-бирини доимо олдинга ундаб турган икки буюк шахматчи бор эди. Магнусда бундай рақиб пайдо бўлмади. Балки у шунчаки чарчагандир. Охир-оқибат, инсон баъзан ўз ҳаёти билан ҳам яшагиси келади.
— Агар FIDEга ҳануз Илюмжинов раҳбарлик қилганида, у Карлсенни жаҳон чемпионлиги циклида қолдиришга муваффақ бўлармиди?
— Мураккаб ва қизиқ савол, бу ҳақда аввал ўйлаб кўрмаган эканман. Уддалай олармиди ёки йўқми — айтиш қийин, чунки Магнус ўзига хос инсон: агар у қарор қабул қилса, уни фикридан қайтариш қийин. Аммо менимча, Кирсан Карлсен чемпионлик циклида қолиши учун жуда қаттиқ ҳаракат қилган ва барча имкониятларни ишга солган бўларди.
Зураб Азмайпарашвили — 1988 йилдан буён халқаро гроссмейстер, 2003 йил Европа чемпиони. У Гарри Каспаровнинг мураббийи ва секунданти бўлиб ишлаган, Жудит Полгар, Этьен Бакро ва Теймур Ражабов билан ҳам ҳамкорлик қилган. FIDE вице-президенти бўлган, Грузия спорт ва ёшлар ишлари вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган. 2014 йилдан буён Европа шахмат иттифоқига раҳбарлик қилади.



