Афғонистон — Покистон чегарасида 27 сентябрь куни янги оғир тўқнашувлар содир бўлди. Артиллерия, миномётлар ва бошқа оғир қуроллар қўлланган отишмалар чегаранинг бир нечта ҳудудида — Афғонистоннинг Пактия ва Нангарҳар вилоятлари ҳамда Покистоннинг Курам туманида бир вақтнинг ўзида давом этди. Маҳаллий аҳоли бир неча соат давом этган отишмалар ҳақида хабар берди. 27 сентябрь тонгига келиб вазият вақтинча тинчиди, деб хабар беради Khaama Press.
Тўқнашувлар сабабларини томонлар турлича изоҳламоқда. Покистон манбаларига кўра, ҳарбий позициялар ва аҳоли яшаш ҳудудларига ўқ узишни Толибон кучлари бошлаган, шундан сўнг Покистон армияси жавоб зарбаларини берган. Исломобод, шунингдек, аввалроқ Афғонистоннинг Қандаҳор, Пактия ва Хост вилоятларидаги ўнта объектга зарба берилганини маълум қилди. Унинг версиясига кўра, ушбу объектлар дронларни учириш ва сақлаш учун ишлатилган.
Қобул бу айбловларни рад этди ва Покистон зарбалари оқибатида тўрт нафар тинч аҳоли ҳалок бўлганини маълум қилди.
Зўравонликнинг янги тўлқини икки давлат ўртасидаги муносабатлар тез ёмонлашаётган бир пайтда содир бўлди. Покистон Афғонистон ҳукуматини Афғонистон ҳудудидан қуролли гуруҳлар, хусусан, «Теҳрик-и Толибон Покистон» (TTP) фаолият юритаётганида айбламоқда. Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шариф 26 сентябрь куни БМТ Бош ассамблеясида бу ҳақда баёнот бериб, Қобул ҳукуматини Афғонистон ҳудудидан Покистонга ҳужумлар уюштириш учун фойдаланилишининг олдини олиш бўйича «текшириш мумкин бўлган ва қатъий чоралар» кўришга чақирди, деб ёзади Amu TV.
Шу фонда Нуристон вилоятида алоҳида воқеалар содир бўлган ва у ердаги жанглар ҳақидаги хабарлар бир-биринидан фарқ қилади.
27 сентябрь куни Толибоннинг Мудофаа вазирлиги Камдеш туманида Покистон томонидан Дюранд чизиғини кесиб ўтишга уринган қуролли гуруҳ тор-мор этилганини маълум қилди. Вазирлик версиясига кўра, гуруҳ таркибида «Ислом давлати» билан алоқадор жангарилар, шунингдек, Афғонистон армиясининг собиқ ҳарбий хизматчилари бўлган. Қобул улар Покистон кўмагида ҳаракат қилганини таъкидлайди.
Дастлаб Нуристон полицияси 21 киши ҳалок бўлгани ва 32 киши қўлга олингани ҳақида хабар берди. Бир неча соатдан сўнг Мудофаа вазирлиги ҳалок бўлганлар сонини 28 нафарга оширди, асирга олинганлар сонини эса 32 нафар ҳолича қолдирди, деб хабар беради Pajhwok Afghan News.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги версиясига кўра, гуруҳ аъзолари аввалроқ Покистон махсус хизматлари томонидан бошпана олиш ва хорижда юқори маошли иш топишда ёрдам бериш ваъдаси билан Покистонга таклиф қилинган. Шундан сўнг, Қобул таъкидлашича, улар Покистон армияси ва разведка хизмати — ISI лагерларига олиб борилган, у ерда ҳарбий тайёргарликдан ўтказилиб, кейин Нуристонга юборилган.
Афғонистон идораси, шунингдек, гуруҳ билан бирга Покистон ҳарбий хизматчилари, Покистон билан боғлиқ қуролли тузилмалар ва «Ислом давлати» жангарилари ҳам бўлганини таъкидлайди. Аммо улар тўқнашув бошланганидан сўнг ҳудудни тарк этгани айтилмоқда.
Ўз навбатида, Покистон бу айбловларни рад этди. Мамлакат Ахборот вазирлиги Қобул баёнотларини асоссиз деб атаб, Покистон хавфсизлик кучлари ва разведкаси Нуристондаги жангларда иштирок этмаганини, афғонистонлик собиқ ҳарбийларни ёлламагани ва тайёрламаганини, «Ислом давлати» ёки бошқа қуролли гуруҳларга ёрдам кўрсатмаганини таъкидлади. Шу билан бирга, Исломобод яна Афғонистон ҳокимиятидан, Покистоннинг таъкидлашича, Афғонистон ҳудудидан фаолият юритаётган қуролли гуруҳларга қарши чоралар кўришни талаб қилди, деб хабар беради Al Jazeera.
Бироқ, Афғонистон Мудофаа вазирлигининг версияси ҳам мамлакатнинг ўзидаги ягона талқин эмас.
Қуролли толибонларга қарши ташкилот — Афғонистон Озодлик фронти (Afghanistan Freedom Front, AFF) Amu TV нашрига воқеаларни бутунлай бошқача тасвирлаб берган. Фронт версиясига кўра, тўқнашув қуролли гуруҳнинг Покистондан Афғонистонга киришга уриниши натижасида эмас, балки Толибон кучларининг Камдешдаги AFF позицияларига ҳужуми ортидан бошланган. Фронт толиблар қуруқликдаги бўлинмалар ва бир нечта дрондан фойдаланганини таъкидлайди.
AFF Толибон томонидан беш киши ҳалок бўлгани ва ўн киши яраланганини маълум қилади. Бундан ташқари, ташкилот ўз жангчилари Нуристондаги Камдеш ва қўшни Кунар вилоятидаги Нари туманида бир нечта назорат пунктларини эгаллаб, айрим ҳудудлар устидан назорат ўрнатганини даъво қилмоқда. Фронт баёнотига кўра, қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозлар ҳам қўлга киритилган, Толибонга тегишли бир нечта дрон эса йўқ қилинган ёки ишдан чиқарилган.



