Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги 1,1 миллиард евродан ортиқ қийматдаги янги лойиҳаларни режалаштирди

Ўзбекистон ҳукумати ва Франция тараққиёт агентлиги (AFD) 2027–2030 йилларда амалга оширилиши режалаштирилаётган, умумий қиймати қарийб 1,125 миллиард евро бўлган 11 та лойиҳадан иборат индикатив портфельни шакллантирди. Бу ҳақда 25 сентябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган еттинчи йиллик маслаҳатлашувлар якунлари бўйича Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги (ИССВ) матбуот хизмати хабар берди.

Индикатив портфель — умумий тахминий қиймати кўрсатилган, режалаштирилаётган лойиҳаларнинг дастлабки рўйхати. У юридик жиҳатдан мажбурий ҳужжат ҳисобланмайди, шунингдек, кўрсатилган тўлиқ сумма бўйича кредит битимлари ҳозирча имзоланмаган.

Маслаҳатлашувларда Ўзбекистон делегациясига Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Шоҳруҳ Ғуломов раҳбарлик қилди. Франция томонидан эса AFDнинг Шарқий Европа, Яқин Шарқ ва Осиё департаменти директори ўринбосари Виржини Блейтрах иштирок этди.

Янги портфель бир нечта йўналишни қамраб олади. Улар орасида энергетика ва транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, шаҳарларни ривожлантириш, ирригация ва қишлоқ хўжалиги, «яшил» иқтисодиёт, шунингдек, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш бор.

Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги алоҳида равишда иккита йирик лойиҳани таъкидлади: Тошкент — Самарқанд темирйўл линиясини реконструкция қилиш ва пойтахтда жамоат транспортини ривожлантириш. Ушбу икки лойиҳанинг қиймати, ишларининг аниқ параметрлари ва амалга ошириш муддатлари ҳозирча ошкор этилмаган.

2027–2030 йилларга мўлжалланган ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида энергетика трансформацияси ва декарбонизация, сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги, шаҳарларни барқарор ривожлантириш, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш ва давлат молиясини бошқариш белгиланди.

Маслаҳатлашувлар давомида томонлар амалдаги портфелни амалга ошириш ҳамда янги ташаббусларни тайёрлаш масалаларини ҳам кўриб чиқди. Ҳамкорликнинг амалдаги портфели умумий қиймати 1,29 миллиард евро бўлган 13 та лойиҳани ўз ичига олади. У энергетика, сув таъминоти ва санитария, чорвачилик, рақамлаштириш, молия сектори ва бошқа йўналишларни қамраб олган. Вазирлик маълумотига кўра, имзоланган келишувлар бўйича амалдаги тўловлар тахминан 1 миллиард еврога, яъни умумий қийматнинг 78 фоизига етган.

Яна 604,2 миллион евро умумий қийматга эга тўққизта лойиҳа ҳозир тайёргарлик босқичида. Улар қаторида AFD дастури доирасида Қашқадарё вилоятида ичимлик суви таъминоти тизимларини модернизация қилиш лойиҳаси ҳам бор. Дастур Тошкент ва Фарғона вилоятларини ҳам қамраб олади. Лойиҳанинг умумий бюджети 257,9 миллион еврони ташкил этади, шундан 97 миллион евро Қашқадарё учун ажратилган.

Қорақалпоғистондаги Суенли каналини реконструкция қилиш лойиҳаси 150 миллион долларга баҳоланган. Молиялаштиришни AFD ва Европа инвестиция банки таъминлайди.

Оролбўйи ҳудудида AFD ва Европа инвестиция банки Европа Иттифоқи ҳамда БМТнинг Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси кўмагида 24 минг гектардан ортиқ деградацияга учраган ерларни тиклашга ёрдам бермоқда. Техник-иқтисодий асослаш ишлари учун 500 минг евро маблағ ажратилган.

Томонлар ушбу дастурлар бўйича ишларни жадаллаштириш ва энергетика ҳамда коммунал инфратузилма лойиҳаларини тайёрлашни давом эттиришга келишиб олди. Келишувлар баённомада мустаҳкамланиб, биргаликда мониторинг қилиш учун назоратга олинди. Ўзбекистон ва AFDнинг навбатдаги, саккизинчи йиллик маслаҳатлашувларини Францияда ўтказиш режалаштирилмоқда.

Франция тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда 2015 йилдан буён фаолият юритиб келмоқда. Шу вақт ичида агентлик умумий қиймати тахминан 1,6 миллиард евро бўлган 17 та лойиҳани маъқуллаган. AFD Чорвоқ тўғонини модернизация қилиш ва Андижон вилоятида гидроэнергетикани ривожлантириш, сув таъминоти ва санитария лойиҳалари, шунингдек, «яшил» иқтисодиётга ўтиш дастурларида иштирок этмоқда. Аввалроқ агентлик Ўзбекистоннинг тақсимловчи электр тармоқларини реконструкция қилиш бўйича лойиҳа тайёрланаётганини маълум қилган эди. Лойиҳадан қишки ва ёзги юқори талаб даврида тармоқлар барқарорлигини ошириш кўзда тутилган. Уни Осиё тараққиёт банки (ОТБ) билан ҳамкорликда молиялаштириш режалаштирилмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ