«Пахтакор» 63 йил ичида илк бор Тошкентда ўз дарвозасига олтита гол ўтказиб юборди

«Пахтакор» ФК. «Пахтакор» ФК фотосурати

Тошкентнинг «Пахтакор» клуби 63 йил ичида илк бор ўз майдонидаги ўйинда дарвозасидан олтита гол ўтказиб юборди. 2 ноябрь куни ОФК Чемпионлар лигасининг элита босқичи тўртинчи турида Ўзбекистон клуби Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» жамоасига 2:6 ҳисобида мағлуб бўлди.

Бундай ҳолат аввал 1963 йил 27 октябрда содир бўлган. Ўшанда «Пахтакор» СССР чемпионати доирасида Тошкентдаги Марказий стадионда Москва ЦСКА клубига 1:6 ҳисобида мағлуб бўлган. Мезбонларнинг ягона голига Геннадий Красницкий муаллифлик қилган.

Шу билан бирга, тошкентликлар ўз майдонида тўртта тўп фарқи билан анча кейин ҳам мағлуб бўлган. 2019 йил 31 май куни «Пахтакор» Лига кубогининг биринчи турида ўз стадионида «Қўқон-1912»га 0:4 ҳисобида ютқазган.

«Ан-Наср» билан ўйинда меҳмонлар 32-дақиқадаёқ учта гол уришга улгурди. Жоау Феликс дубль қайд этди, шунингдек, Саудия клуби сафида Абдулла Ал-Ҳамдан, Абдулела Ал-Амри, Абдулраҳмон Ғариб ва Анжело ҳам гол киритди. «Пахтакор» сафида Фламарион ва Достонбек Ҳамдамов гол уришди.

Қайд этиш лозим, ўзбекистонлик мухлислар катта интиқлик билан кутаётган Криштиану Роналду «Ан-Наср» таркибида майдонга тушмади. Дунёнинг энг кучли футболчиларидан бирига дам берилди.

Тўрт турдан кейин «Пахтакор» турнирнинг асосий босқичида ҳали ғалаба қозонгани йўқ. Тошкентликлар икки очко жамғарди: «Ал-Аҳли» (1:1) ва «Ал-Қодисия» (1:1) билан дуранг ўйнади, шундан сўнг Ироқнинг «Ал-Қува Ал-Жавия» (0:1) ва «Ан-Наср» (2:6) жамоаларига мағлуб бўлди. Жамоа кейинги учрашувини 23 ноябрь куни Жиддада «Ал-Иттиҳод»га қарши ўтказади.

Ўзбекистоннинг яна бир вакили — «Нефтчи» тўртинчи турда Маскатда Эроннинг «Трактор» клуби билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнади. Фарғоналиклар икки марта ҳисобда олдинга чиқди: Стипе Перица 55-дақиқада ҳисобни очди, Владимир Йовович эса 90+4-дақиқада ҳисобни 2:1 кўринишига келтирди. Бироқ 61-дақиқадан бошлаб Фаршад Фаражи майдондан четлатилгани сабабли ўн киши бўлиб ўйнаган «Трактор» 90+9-дақиқада Масуд Заерказемайн голи эвазига ҳисобни тенглаштирди.

Тўртта ўйиндан кейин «Нефтчи» ҳисобида тўрт очко бор. Биринчи турда фарғоналиклар «Ал-Қува Ал-Жавия»ни мағлуб этди, кейин икки марта мағлубиятга учради ва энди «Трактор» билан дуранг ўйнади. Бешинчи турда, 23 ноябрь куни, «Нефтчи» Фарғонада Саудия Арабистонининг «Ал-Ҳилол» клуби билан бахслашади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ