Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси раҳбари: Жамият ҳозирча сайловларда электрон овоз беришга тайёр эмас

Тинчтиқ Шайназаров. shailoo.gov.kg сайти фотосурати

Қирғизистон жамияти ҳозирча сайловларда электрон овоз беришга тайёр эмас. Бу ҳақда республика Марказий сайлов комиссияси (МСК) раиси Тинчтиқ Шайназаров Жогорку Кенеш (парламент) йиғилишида маълум қилди, деб хабар беради 24.kg.

Баёнот депутат Махабат Мавлянова мамлакатда ҳалол ва адолатли сайловлар ўтказиш учун шароит яратилгани, бироқ жараённи такомиллаштириш зарурлиги ҳақида билдирган фикрларга жавоб тариқасида янгради. У электрон овоз бериш тизимига ўтишга интилиш кераклигини таъкидлади.

Шайназаровнинг сўзларига кўра, комиссия техник жиҳатдан бундай тизимга тайёр ва бу овоз берган сайловчилар сонини ошириши мумкин.

«Аммо битта хавф бор — сайловчиларни сотиб олиш ҳолатлари кўпайиши мумкин. Масалан, бирор номзод ресторанда 200 кишини йиғиб, шу ернинг ўзида улардан ўзи учун овоз беришни сўраши мумкин. Бундай ҳолатларни истисно қилиб бўлмайди», — деди МСК раиси.

У келажакда электрон овоз бериш тизимини жорий этишни исташини, «аммо ҳозирча халқ бунга тайёр эмаслигини» қўшимча қилди.

Шу йиғилишда депутат Дастан Бекешев ҳам сайловчиларни сотиб олиш мавзусида фикр билдирди. У 2021 йилда президент маҳаллий кенгашларга сайловларни бекор қилгани, парламент сайловлари эса барбод бўлганини эслатди.

«Буларнинг барчаси сайловчиларни сотиб олиш туфайли содир бўлди. Ҳозир, албатта, бундай ҳолатлар камайган, аммо МСК томонидан кучли кураш олиб борилмади. Сайловчиларни сотиб олиш ҳолатлари бўлган, бироқ улар сайлов пойгасидан четлатилмаган, ваҳоланки, бундай қилишлари керак эди. МСК статистикасига кўра, сайловчиларни сотиб олганлик учун жавобгарликка тортиш кўрсаткичлари ачинарли. Ҳатто олдимга очиқчасига сайловчилар келиб, фалон номзод уларга пул бергани учун сайловга бораётганини айтган ҳолатлар ҳам бўлган», — деди Бекешев.

Депутат сайловчиларни пул эвазига эмас, бошқа йўллар билан сайловга боришга рағбатлантиришни таклиф қилди. Хусусан, у сайловчиларни пора бериш ҳолатлари ҳақида хабар берган шахсларга пул тўланадиган жамғарма ташкил этиш, шунингдек, сайловчилар учун лотерея ўтказишни таклиф қилди.

МСК раҳбари сайловчиларни сотиб олиш ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш Ички ишлар вазирлигининг ваколати эканини таъкидлади.

«Биз ҳуқуқий баҳо бера олмаймиз. Жиноятнинг гувоҳи бўлган тақдиримда ҳам, шахсан мен унга баҳо бера олмайман. Жамғарма ва лотерея ташкил этилишига қарши эмасман, аммо бу билан бошқа орган шуғулланиши керак, деб ҳисоблайман. Чунки сайловчиларни рағбатлантириш пул маблағларининг ҳаракатини назарда тутади, биз эса бевосита сайловларни ташкил этиш билан шуғулланамиз», — дея тушунтирди Шайназаров.

Йиғилишда 2025 йилда бўлиб ўтган муддатидан олдинги парламент сайловларига сарфланган маблағлар ҳақида ҳам маълумотлар келтирилди. Шайназаровнинг сўзларига кўра, бюджетдан 647,7 миллион сом (7,4 миллион доллар) сарфланган. Дастлаб 757 миллион сом (8,6 миллион доллар) ажратилиши режалаштирилган, натижада 109 миллион сомдан ортиқ (1,25 миллион доллар) маблағ тежалган. МСК раҳбари маблағлар айнан қайси йўналишларда тежалганини аниқлаштирмади.

Жогорку Кенешга муддатидан олдинги сайловлар 30 ноябрь куни янги мажоритар тизим асосида бўлиб ўтди. Мамлакатда 30 та кўп мандатли сайлов округи ташкил этилди ва уларнинг ҳар биридан уч нафардан депутат сайланди. Сайлов муддатлари қисқартирилгани сабабли кампанияни тайёрлаш ва ўтказиш учун икки ой вақт берилди. Сайловчилар рўйхатига қарийб 4,3 миллион киши киритилди. Овоз беришда тахминан 1,6 миллион сайловчи иштирок этди. Сайловчилар иштироки 36,9 фоизни ташкил қилди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ