Ўзбекистонлик шахматчиларга халқаро турнирлардаги ғалабалари учун бериладиган мукофот пуллари бир неча баробар оширилди

marketsgroup.org сайти фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев шахматчиларга нуфузли халқаро мусобақалардаги ғалабалари ва совринли ўринлари учун бериладиган пул мукофотларини сезиларли даражада оширди. Истеъдодли спортчиларнинг мураббийлари учун ҳам юқорироқ тўловлар белгиланди, деб хабар беради Адлия вазирлиги давлат раҳбарининг 21 сентябрдаги тегишли қарорига таяниб.

Ҳужжатга кўра, энди шахматчиларга бериладиган мукофотлар АҚШ долларида белгиланади. Илгари давлат томонидан бериладиган тўловлар базавий ҳисоблаш миқдорига (БҲМ) боғланган эди.

Катталар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадаси ёки паралимпиадасида олтин медаль қўлга киритган спортчи 200 минг доллар мукофот олади. Илгари бу сумма 2000 БҲМ — 880 миллион сўм (74,4 минг доллар)ни ташкил этган. Шу тариқа, мукофот миқдори 2,6 баробардан кўпроқ оширилди.

Кумуш медаль учун ўзбекистонлик шахматчиларга аввалги 1000 БҲМ — 440 миллион сўм (37,2 минг доллар) ўрнига 100 минг доллар берилади. Бронза медаль учун эса 50 минг доллар тўланади. Бу ҳам аввалги 220 миллион сўм (18,6 минг доллар) ёки 500 БҲМ миқдоридаги мукофотдан 2,6 баробар юқори.

Шу билан бирга, мураббийларга бериладиган мукофот пуллари ҳам оширилди. Масалан, олимпиада ғолибининг мураббийи 50 минг долларга бойийди. Илгари мукофот миқдори 1000 БҲМ ёки 37,2 минг долларни ташкил этган.

Бундан ташқари, ёшлар ўртасидаги Жаҳон шахмат олимпиадаси иштирокчилари учун ҳам тўловлар белгиланди. Жумладан, олтин медаль учун Ўзбекистон ҳукумати спортчига 20 минг доллар, унинг мураббийига эса 5 минг доллар тўлайди. Иккинчи ва учинчи ўринларни эгаллаган совриндорларга мос равишда 10 минг ва 5 минг доллардан мукофот берилади.

Нуфузли мусобақалар қаторига Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) ҳомийлигида ўтказиладиган жаҳон ва Осиё миқёсидаги турнирлар ҳам киритилган.

Хусусан, биринчи ҳолатда Ўзбекистонлик ғолибларга 15 минг доллар берилади. Илгари бу сумма 300 БҲМ — 132 миллион сўмни (тахминан 11,2 минг доллар) ташкил этган. Чемпион мураббийига эса аввалги 150 БҲМ — 66 миллион сўм (5,5 минг доллар) ўрнига 7 минг доллар тўланади.

Қитъа миқёсидаги мусобақалар ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар белгиланган: спортчиларга аввалги 70 БҲМ — 30,8 миллион сўм (2,6 минг доллар) ўрнига 10 минг доллар, мураббийга эса 5 минг доллар (35 БҲМ — 15,4 миллион сўм ёки 1,3 минг доллар). ФИДЕ турнирларида иккинчи ва учинчи ўринлар учун ҳам мукофот пуллари назарда тутилган.

Шахматчининг халқаро гроссмейстер унвонини олиши учун бериладиган мукофот ҳам оширилди. Энди малакасини ошириб, ушбу унвонга эришган спортчига давлат 5 минг доллар беради. Илгари бу мукофот 100 БҲМ — 44 миллион сўм (3,3 минг доллар)ни ташкил этган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ