Қирғизистон ФВВ собиқ раҳбари лавозим ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланиб қўлга олинди

Бообек Ажикеев. reporter.kg сайти фотосурати

Қирғизистонда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг собиқ вазири Бообек Ажикеев қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизматига таянган ҳолда 24.kg нашри хабар берди.

Ажикеев «Байтик» метеостанцияси ҳудудида бино қурилиши жараёнида мансаб ваколатларини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда.

Ҳарбий прокуратура аниқлашича, Ала-Арча дарёсидан беш метр масофада — қурилиш қатъиян тақиқланган сувни муҳофаза қилиш ҳудудида — хизмат-маиший мақсадларга мўлжалланган объект қурилган. Аниқланишича, қурилиш ишларини Фавқулодда вазиятлар вазирлиги амалга оширган, бироқ қурувчиларда лойиҳа-смета ва тегишли рухсат берувчи ҳужжатлар бўлмаган.

«Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг масъул мансабдор шахслари томонидан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида давлатга жуда катта миқдорда зарар етказилган», — дейилади Бош прокуратура хабарномасида.

Унда қайд этилишича, Қирғизистон Жиноят кодексининг 337-моддаси 4-қисми («Масъул лавозимни эгаллаган мансабдор шахс томонидан мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш»)да назарда тутилган жиноятни содир этганликда гумон қилиниб, фавқулодда вазиятлар собиқ вазири А. Б. қўлга олинган.

Ажикеев Бишкек шаҳри Ички ишлар бош бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторига (ВСИ) жойлаштирилган.

Бобек Ажикеев Фавқулодда вазиятлар вазирлигини 2021 йил 13 октябрдан 2026 йил 16 февралга қадар бошқарган. У Камчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси ва Бош вазир ўринбосари лавозимларидан озод этилганидан сўнг ҳокимиятда амалга оширилган кадрлар алмашинувлари фонида лавозимидан четлатилган.

Шуниси эътиборлики, Ажикеевдан кейин Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимини эгаллаган Урматбек Шамирканов тайинланганидан бир ой ҳам ўтмай, вазир ўринбосари бўлиб ишлаган даврида пора олгани сабабли лавозимидан озод қилинганди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ