Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев янги Тошкент халқаро аэропорти қурилаётган ҳудудда жойлашган еттита қабристонни кўчириш тўғрисида қарор имзолади. Бу ҳақда Ўзбекистон Адлия вазирлиги хабар берди.
Қарорда қуйидаги қабристонлар кўрсатилган:
Қуйичирчиқ туманидаги «Сергели» маҳалласида:
▪️ «Сергели болалар қабристони
▪️ «Корейс” қабристони;
Ўртачирчиқ туманидаги «Янгийўл» маҳалласида:
▪️ «Сувон бағиш» ва «Қудайқул» мусулмон қабристонлари,
▪️ «Қудайқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари,
▪️ «Борис» рус христиан қабристони.
Қарорда ушбу қабристонларда дафн маросимлари кўп йиллар аввал тўхтатилгани қайд этилган. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида тушунтирилишича, агар марҳумларнинг жасадлари тупроққа айланган бўлиши эҳтимоли мавжуд бўлса, ушбу ҳудудлардан «белгиланган тартибда» фойдаланиш мумкин. Қуйичирчиқ ва Ўртачирчиқ туманлари Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари қабристонлар бўйича ижобий санитария хулосаларини берган.
Қабрларни очиш жараёнида аниқланган жасад қолдиқларини эҳтиёткорлик ва ҳурмат билан йиғиш топширилган. Улар бошқа қабристонларга қайта дафн этилади. «Сергели болалар” қабристонидан қолдиқлар «Сурум» маҳалласидаги «Шардара» қабристонига кўчирилади. «Корейс» қабристонидан эса «Сергели» маҳалласидаги рус-корейс қабристонига кўчирилади. Ҳар икки қабристон Қуйичирчиқ туманида жойлашган.
«Сувон бағиш» ва «Қудайқул» мусулмон қабристонларидан қолдиқлар «Янгийўл» маҳалласидаги «Зайнаб она» қабристонига кўчирилади. «Қудайқул» ва «Сариқтепа» корейс қабристонлари, шунингдек, «Борис» рус христиан қабристонидан қолдиқлар «Тараққиёт» маҳалласидаги корейс қабристонига қайта дафн этилади. Ушбу маҳаллалар Ўртачирчиқ туманида жойлашган.
Қабристонларни кўчириш ишлари санитария-эпидемиологик, экологик, архитектура ва жамоатчилик талабларига қатъий риоя қилган ҳолда, шунингдек, диний урф-одатларга мувофиқ амалга оширилиши лозим.
Санитария қоидаларига мувофиқ қабрларни очиш ва қолдиқларни қайта дафн этиш ишлари устидан назорат Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси зиммасига юклатилган. Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманлари ҳокимликларига қабристонларни кўчириш билан боғлиқ ташкилий тадбирларни мувофиқлаштириш топширилган. Шунингдек, улар аҳоли ва марҳумларнинг яқин қариндошлари билан тушунтириш ишларини олиб бориши керак.
Қабристонларни кўчириш, қайта дафн этиш, ҳудудларни тайёрлаш ва ободонлаштириш билан боғлиқ харажатлар «Тошкент» янги халқаро аэропортини қуриш лойиҳаси доирасидаги хусусий шерик томонидан қопланади.
Лойиҳани амалга ошириш 2025 йил октябрь ойида бошланган. Янги аэропорт қурилиши зарурати Тошкентга йўловчилар оқими 2040 йилга бориб йилига 24 миллион кишидан ошиши кутилaётгани, амалдаги аэропорт эса фақат 11 миллион йўловчига хизмат кўрсатишга мўлжаллангани билан изоҳланган.
Қурилиш учун Тошкент вилоятининг Ўртачирчиқ ва Қуйичирчиқ туманлари ҳудудидан 1300 гектар ер майдони ажратилган.
Лойиҳа учта компаниядан иборат консорциум томонидан амалга оширилмоқда: Vision Invest (Саудия Арабистони), Sojitz (Япония) ва Incheon (Жанубий Корея). Қурилишни тўрт босқичда амалга ошириш режалаштирилган. Биринчи босқичда аэровокзал мажмуаси ва аэродром қурилади. Ушбу ишлар қиймати 2,5 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Лойиҳага кўра, аэропорт фойдаланишга топширилганидан сўнг йилига 20 миллионгача йўловчи ва 129 минг тонна юкка хизмат кўрсатиши, соатига 30 тагача самолётнинг қўниши ва парвозини амалга ошириш, 14 та телескопик трапдан фойдаланиш ва бир вақтнинг ўзида 62 та авиалайнерни жойлаштириш имкониятига эга бўлади.
Экспертлар баҳосига кўра, лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистонга 27 миллиард доллардан ортиқ иқтисодий самара келтиради, хизмат кўрсатиш соҳаси, саноат ва туризм ривожига, шунингдек, минглаб янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.



