Ўзбекистон академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида илк бор олтин медални қўлга киритди

Ўзбекистонлик эшкак эшувчилар. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси фотосурати

Ўзбекистонлик спортчилар Шаҳзод Нурматов ва Собиржон Сафаролиев Амстердамда бўлиб ўтаётган академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионатида олтин медалларни қўлга киритди.

Нурматов ва Сафаролиев енгил вазнли жуфтликлар баҳсида ғолиб бўлиб, финалда 6 дақиқа 21,93 сония натижа қайд этди. Кумуш медални Германия шарафини ҳимоя қилган Навин Александр Шах ва Максимилиан Рюлинг (6:23,87), бронза медални эса америкалик Жейми Копус ва Шон Ричардсон (6:27,45) қўлга киритди.

Ўзбекистонлик эшкак эшиувчилар иккинчи 500 метрлик масофада сезиларли устунликка эришди ва немис жуфтлиги ортда қолишни қисқартиришга уринганига қарамай, финишга қадар ўз устунлигини сақлаб қолди. «Мусобақа яхши ўтди, аммо оғир бўлди. Мураббийимиз бизга стартдан финишгача тез суръатда ҳаракат қилишни айтди», — деди ғалабадан сўнг Нурматов.

Уларнинг ғалабаси Ўзбекистон тарихида ушбу спорт тури бўйича катталар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қўлга киритилган илк медаль бўлди.

Шуни таъкидлаш жоиз, Нурматов ва Сафаролиев 2024 йилда Парижда бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ҳам бирга иштирок этиб, 15-ўринни эгаллаган. 2026 йил июнь ойида улар худди шу йўналишда Пловдивда бўлиб ўтган Жаҳон кубоги босқичида ғолибликни қўлга киритган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон вакиллари эшкак эшишнинг бошқа турларида ҳам жаҳон чемпионатларида муваффақиятларга эришган. Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича Антон Ряхов 2001–2005 йилларда 200 метр масофага байдаркада яккалик баҳсларида жаҳон чемпионатларида тўрт марта совриндор бўлган. Артур Гулиев 2023 йилда 200 метр масофага каноэда яккалик баҳсида жаҳон чемпиони бўлган, 2025 йилда эса ушбу йўналишда яна жаҳон чемпиони унвонини қўлга киритган.

Академик эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпионати 24–30 август кунлари Амстердамда бўлиб ўтади. Мусобақада 64 мамлакатдан 830 нафардан зиёд спортчи иштирок этмоқда.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ