Эроннинг Қазвин шаҳридаги марказий қамоқхонада 23 ёшли Марзия Ниеригa нисбатан чиқарилган ўлим жазоси ижро этилди. Бу ҳақда Euronews хабар берди.
Iran Human Rights маълумотларига кўра, Ниери 17 ёшида оиласининг босими остида мажбуран турмушга берилган. Жиноий таъқибга сабаб бўлган воқеа 2021 йил октябрь ойида, у 18 ёшда бўлган пайтда содир бўлган.
Судда Ниери эрининг бизнес ҳамкорларидан бири маст ҳолда унга нисбатан зўравонлик қилиб, номусига тегишга уринганини айтган. Унинг сўзларига кўра, у ўзини ҳимоя қилиш мақсадида ошхона пичоғи билан унга ўлимга олиб келган жароҳат етказган. Тўқнашув вақтида унинг эри ҳам ҳалок бўлган.
Воҡеадан тўрт кун ўтиб, Ниери ўз ихтиёри билан полицияга борган. Суд унинг ўзини ҳимоя қилгани ҳақидаги версиясини қабул қилмаган ва ҳалок бўлганларнинг оилалари қасос олишни талаб қилгани сабабли уни ўлим жазосига ҳукм қилган.
Кисас (Қасос) — Эрон қонунчилигида мустаҳкамланган «қонга-қон» тамойили бўлиб, ислом ҳуқуқи нормаларига бориб тақалади. Унга кўра, ўлдирилган шахснинг оиласи маҳкумни қатл этишни талаб қилиш ёки пуллик товон — дия, яъни «хун пули»га рози бўлиш ҳуқуқига эга. Бундай ҳукм фақат жабрланувчининг яқин қариндошлари бевосита розилик берган тақдирдагина ижро этилади.
Марзия Ниери 8 август, шанба куни тонг саҳарда қатл этилган.
2026 йил бошидан буён Эронда камида 14 нафар аёл қатл этилган. АҚШ Давлат департаменти маълумотларига кўра, 2025 йилда мамлакатда камида 61 нафар аёл қатл этилган. Бу сўнгги чорак асрдаги энг юқори кўрсаткич бўлиб, бир йил аввалги кўрсаткичдан тахминан 70 фоизга кўп. Департамент таъкидлашича, аёлларни қатл этишлар сони бўйича Эрон бошқа ҳар қандай давлатдан анча олдинда.
Эронда қатл этилишини кутаётган аёллар ишларида эри ёки никоҳланмоқчи бўлган кишини ўлдириш билан боғлиқ айбловлар энг кўп учрайдиган айбловлардан бири бўлиб қолмоқда. Iran Human Rightsга кўра, 2025 йилда қатл этилган аёлларнинг камида 21 нафари шу сабабли қасос асосида ўлим жазосига ҳукм қилинган. Ҳуқуқ ҳимоячилари уларнинг кўпчилиги жиноят содир этишидан олдин оилавий зўравонликка дуч келганига эътибор қаратади. Эрта ва мажбурий никоҳлар, иқтисодий қарамлик, ажрашиш имкониятларининг чеклангани ҳамда ҳуқуқий ҳимоянинг заифлиги аёлларда хавфли муносабатлардан қонуний йўл билан чиқиб кетиш имкониятларини амалда қолдирмаяпти.
Шу билан бирга, Ниери қатл этилган куни Мозандарон вилояти суд органлари яна бир судланувчи — Колсум Акбарийга нисбатан ўнта ўлим ҳукми чиқарилганини маълум қилди. Барча ҳукмлар ўнта қотиллик бўйича қасос тамойили асосида чиқарилган.
Акбарийга қарши жиноий иш 2023 йил сентябрь ойида Маҳмудобод шаҳрида 82 ёшли эркакнинг шубҳали ўлими ортидан қўзғатилган. Нафақахўр чол Акбарий билан вақтинчалик никоҳ тузганидан бир неча ой ўтиб вафот этган. Марҳумнинг оиласи полицияга мурожаат қилгач, тергов бошланган ва жараёнда бошқа жиноятлар ҳам аниқланган.
Акбарий қўлга олинганидан сўнг вақтинчалик никоҳда бўлган бир неча кекса эркакларни ўлдирганини тан олган. Унинг барча мол мулки мусодара қилинган. Ўн биринчи жабрланувчининг оиласи эса Акбарий унинг ўлимида ҳам айбдор деб топилганига қарамай, ўлим жазосини талаб қилмаган ва молиявий товон олишга рози бўлган. Ҳокимият Акбарийнинг қурбонлари умумий сони 11 нафардан ортиқ бўлиши мумкин, дея ҳисоблпйди.
Эрон ўлим жазоси кенг кўламда қўлланадиган кам сонли давлатлардан бири бўлиб қолмоқда. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари маълумотларига кўра, 2025 йилда Эронда камида 1639 та қатл қайд этилган. Бу 1989 йилдан буён бир йиллик энг юқори кўрсаткичдир. Amnesty International маълумотларига кўра, ўтган йили атиги 17 та давлатда қатллар амалга оширилган, уларнинг сони бўйича Эрон фақат Хитойдан ортда қолган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари 2026 йилда қатллар сони ортиб боришидан огоҳлантиради. Улар ўлим жазоси қўлланилиши хавфини ошираётган омиллар қаторида 2025 йил декабридаги умуммиллий намойишлар ҳамда АҚШ ва Исроил билан урушни тилга олишмоқда.



