«Амина» иловаси Россиянинг 13 ҳудудида визасиз кирувчи чет эл фуқаролари учун мажбурий бўлади

Чет эл мигрантларининг биометрик назорати ва ҳаракатланишини кузатиш учун мўлжалланган «Амина» мобил иловаси Россиянинг яна 11 та ҳудудида хорижий фуқаролар учун мажбурий бўлади. Бундай қарор 2025 йил сентябрь ойидан бошлаб Москва шаҳри ва Москва вилоятида ўтказилган тажриба натижалари асосида қабул қилинди. Бу ҳақда Москва мэри Сергей Собянин ТАССга берган интервьюсида маълум қилди.

Шундай қилиб, Москва ва Москва вилоятини ҳисобга олганда, «Амина» жорий этиладиган ҳудудлар сони 13 тага етади.

«Амина» иловаси Россияга ишлаш учун келаётган визасиз давлатлар фуқароларини рақамли назорат қилиш ва миграция ҳисобини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган. Яъни, уни Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Арманистон, Қозоғистон, Грузия, Озарбайжон, Молдова ва Украинадан келган меҳнат мигрантлари ўрнатиши шарт бўлади.

Илова автоматик равишда геолокация маълумотларини Ички ишлар вазирлигига узатади ва яшаш жойи ҳақида масофадан туриб хабар бериш имконини беради. Шунингдек, у фойдаланувчининг ҳақиқий жойлашувини кўрсатилган манзил билан солиштиради. Агар уч иш кунидан ортиқ вақт давомида маълумот узатилмаса, мигрантга яшаш манзилини тасдиқлаш ёки уни ўзгартиргани ҳақида хабар бериш сўраладиган огоҳлантириш юборилади. Ҳисобга олиш талабларига риоя қилмаслик рўйхатдан чиқариш ва назоратдаги шахслар реестрига киритиш эҳтимолига олиб келади.

«Агар унда (мигрантда) ушбу дастур ишламаса, биз буни миграция тартибини бузган деб ҳисоблаймиз ва умамлакатдан чиқариб юборилиши керак бўлади. Шу тариқа биз унинг барча ҳаракатларини биламиз: кундузи қаерда ишлаётгани ва қаердалигини, кечаси қаерда тунаётганини ва ҳаракатланиш йўналишларини», — деди Собянин.

Москва мэрининг сўзларига кўра, тажриба доирасида Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ва Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) билан ҳамкорликда чегарада биометрик назорат тизими яратилган. Чегарадан ўтиш пайтида мигрантлар бармоқ излари ва рақамли фотосурат қолдиради, бу эса кейинчалик уларни аниқлаш имконини беради.

«Биз президентдан Москвада миграция оқимларини назорат қилиш соҳасида тажриба ўтказишга розилик олдик. У нимадан иборат? Мамлакатга киришни назорат қилиш ва ҳудуд ичидаги ҳаракатланишни кузатиш. Шунингдек, турли ҳуқуқбузарликларни содир этган жиноятчиларни қидириш», — деди Собянин.

Унинг аниқлаштиришича, тизимга Россия Федерацияси чегарасини кесиб ўтиш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки чегарадан ўтаётганда ушланиши керак бўлган ҳуқуқбузарлар ҳақидаги барча маълумотлар киритилган.

Ушбу технология барча йирик транспорт узелларида, биринчи навбатда, аэропортларда жорий этилмоқда.

Тизимни бошқа ҳудудларга ҳам кенгайтириш зарурати ҳақида гапирар экан, Собянин ҳамкорликдаги ишларнинг муҳимлигини таъкидлади.

«Биз Москва атрофини ёпиб қўйиш мумкин эмас, деб ҳисоблаймиз. <…> Москва умумий вазифалар ва умумий муаммолар тизимига жуда чуқур интеграциялашган. Бошқа ҳудудларда ушланмаган жиноятчилар эртами-кечми Москвага келади. Москвада бўлган жиноятчилар эса эртами-кечми бошқа ҳудудларга бориб қолади. Шунинг учун бундай ҳамкорликдаги муҳим иш зарур», — дея изоҳлади Собянин.

2026 йил 1 сентябрдан бошлаб «Амина» иловаси нафақат меҳнат мигрантлари, балки яна бир қатор тоифадаги хорижий фуқаролар учун ҳам Москва шаҳри ва Москва вилоятида турган жойи бўйича рўйхатдан ўтишнинг ягона усулига айланади.

Бу Россияга меҳнат фаолияти билан боғлиқ бўлмаган мақсадларда 90 календарь кундан ортиқ муддатга келадиган шахсларга тааллуқли. Улар қаторига Россия фуқароларининг ёки Россияда яшаш учун рухсатномаси (ВНЖ) бўлган хорижий фуқароларнинг оила аъзолари, ЕОИИ (Евроосиё иқтисодий иттифоқи) давлатларидан келган меҳнат қилувчи фуқароларнинг оила аъзолари, шунингдек, Россия олий ўқув юртлари ва ўрта махсус таълим муассасаларида таҳсил олаётган талабалар киради.

Шунингдек, эслатиб ўтамизки, 2026 йил 30 июндан бошлаб Россияда Ички ишлар вазирлиги тасарруфидаги «Хорижий фуқаронинг рақамли профили» давлат ахборот ресурси ишга туширилди. У хорижликларнинг ҳужжатлари, миграция ҳисоби, меҳнат фаолияти, таълими, тиббий суғуртаси, мол-мулки ва ҳуқуқбузарликлари ҳақидаги маълумотларни бирлаштиради.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ