Қозоғистон КҚК орқали етказиб беришлар тўхтатилгани ортидан нефть қазиб олишни қисқартирди

magnific.com сайти фотосурати

Қозоғистон 22 июль куни Каспий қувурлар консорциуми (КҚК) Қора денгиздаги терминали орқали экспорт учун нефть қабул қилишни тўхтатганидан сўнг нефть ва газ конденсати қазиб олиш ҳажмини қисқартирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги соҳадаги икки манбасига таяниб хабар берди.

Агентлик суҳбатдошларидан бири, тезкор статистика билан таниш манбага кўра, 22 июль куни Қозоғистонда нефть ва газ конденсатининг суткалик қазиб олиш ҳажми 215,6 минг тоннага (тахминан 1,63 миллион баррел) тушган. Бу ой бошидан буён кузатилган ўртача 274 минг тонна (2,07 миллион баррел) кўрсаткичидан анча кам.

Энг катта пасайиш мамлакатнинг энг йирик Тенгиз конида қайд этилган. Reuters манбасига кўра, у ерда суткалик нефть қазиб олиш ҳажми аввалги 925 минг баррелдан 406 минг баррелгача тушган.

Қозоғистон Энергетика вазирлиги ҳамда Тенгиз кони оператори — «Тенгизшевройл» компанияси ҳозирча Reuters тарқатган маълумотларга изоҳ бермаган.

Нефть-газ соҳаси эксперти Олжас Байдилдинов ўзининг Telegram-каналида бу суткасига қазиб олиш ҳажмининг 20 фоизга қисқариши эканини таъкидлаб, бу «нефть соҳаси ва давлат бюджети учун ҳар куни 32 миллион долларлик йўқотиш»ни англатишини қайд этди.

Каспий қувурлар консорциуми (КҚК) Қозоғистон нефти учун асосий экспорт йўналиши бўлиб қолмоқда. Ушбу қувур орқали Тенгиз, Қашаған ва Қорачиғаноқ конларидан олинган нефть ташилади. Кейинчалик хом ашё Новороссийск яқинидаги Жанубий Озереевка ҳудудида жойлашган КҚК денгиз терминали орқали танкерларга юкланади.

21 июль куни Қозоғистон нефть танкерларига қилинган қатор дрон ҳужумларидан сўнг КҚК денгиз терминали йўналишида хом ашё етказиб беришни вақтинча тўхтатди. Bloomberg маълумотига кўра, чекловлар камида жорий ҳафта охиригача амал қилади.

КҚК акциядорлари қаторига Россия (31 фоиз), Қозоғистон (20,75 фоиз), Chevron (15 фоиз) ҳамда қатор хусусий компаниялар киради.