Қирғизистон Бош вазири ўринбосари: ёнилғи-мойлаш материаллари захираси сентябргача етади, Хитой ва Беларусдан етказиб бериш бошланди

Данияр Амангелдиев. Видеодан кадр

Қирғизистонда ёнилғи-мойлаш материаллари (ЁММ) захираси камида яна бир ярим ойга, яъни сентябргача етади. Бу ҳақда республика Вазирлар Маҳкамаси раиси биринчи ўринбосари Данияр Амангелдиев 22 июль куни 24.kg нашрига берган интервьюсида маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Россиядан ЁММ етказиб бериш билан боғлиқ инқироз кучайган пайтда Қирғизистондаги ёнилғи захираси икки-уч ҳафтагагина етадиган танқидий даражагача камайган. Бироқ, ҳукумат вазиятни барқарорлаштиришга муваффақ бўлган. Айни пайтда мамлакат ҳукамти камида икки ярим ойлик ёнилғи захирасини шакллантириш вазифасини ҳал этмоқда.

Қирғизистондаги ЁММ тақчиллиги геосиёсий воқеалар ҳамда Украина томонидан Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводларига уюштирилган зарбалар билан боғлиқ. Мамлакатда бир йиллик ЁММ истеъмоли тахминан 1,6 миллион тоннани ташкил этади. Шундан 90–95 фоизи Россиядан импорт қилинади, бензин бўйича эса Россиянинг улуши деярли 100 фоизга етади.

«Ҳукумат вакиллари музокаралар ўтказиш учун бир неча бор Россияга боришди. Москва яқин бир-икки ой давомида вазият мураккаблигича қолишини маълум қилди, бироқ кейинчалик ўз зиммасига олган мажбуриятларни бажаришини тасдиқлади», — деди Бош вазирнинг биринчи ўринбосари.

Қирғизистон ҳукумати мамлакатдан ёнилғини олиб чиқишга тўлиқ тақиқ жорий этди, нефть маҳсулотларини автомобиль транспорти орқали импорт қилиш тартибини соддалаштирди ҳамда қўшимча етказиб берувчиларни излашга киришди. Бишкек Беларусь, Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистонга мурожаат йўллади. Амангелдиевнинг айтишича, Беларусь билан шартномалар имзоланган ва ушбу мамлакатдан ЁММнинг илк партиялари аллақачон Қирғизистонга етиб келган. Ўзбекистон билан музокаралар давом этмоқда, Қозоғистон билан эса мазут етказиб бериш бўйича келишувга эришилган. Шунингдек, Хитойдан ҳам дастлабки ҳажмдаги ёнилғи етказиб берилган.

«Келаси йилдан бошлаб Хитой Халқ Республикасидан ёнилғи етказиб бериш ҳажмини ошириш режалаштирилган», — деди амалдор.

Шу билан бирга, Амангелдиевнинг таъкидлашича, муқобил етказиб берувчилардан келтирилаётган ёнилғи Россияникига нисбатан қимматроққа тушмоқда. Шунга қарамай, ички бозорда тақчилликнинг олдини олиш мақсадида ҳукумат ЁММни юқорироқ нархларда ҳам сотиб олишга тайёр.

«Агар дунёда ёнилғини қаердандир харид қилиш имкони бўлса, уни нархидан қатъи назар албатта сотиб оламиз. Бозор ёнилғи-мойлаш материаллари билан таъминланади», — деди Амангелдиев.

Унинг қайд этишича, ҳозирги нефть маҳсулотлари нархи асоссиз даражада юқори. Давлат қўллаб-қувватлаш механизми ишга туширилган пайтда бир тонна бензин тахминан 860 АҚШ доллари турган бўлса, ҳозир айрим шартномалар бўйича унинг қиймати тахминан 1,4 минг АҚШ долларига етган.

Нефть трейдерлари ёнилғини юқори нархларда харид қилишни давом эттириши учун Вазирлар Маҳкамаси харажатларнинг бир қисмини республика бюджети ҳисобидан қоплаш механизмини ишлаб чиққан. Ҳукумат ҳар бир келиб тушаётган партиянинг қийматини, етказиб бериш харажатларини текширади ҳамда етказиб берувчилар учун рухсат этилган савдо устамасини белгилайди.

Давлат томонидан тартибга солиш, аввало, АИ-92 маркидаги бензин ва дизель ёнилғисига татбиқ этилади. Ҳукумат ижтимоий аҳамиятга эга товарлар қаторига киритмаган АИ-95 бензини бозор нархида сотилади, бироқ унинг қиймати ҳам монополияга қарши орган томонидан назорат қилинади.

«Дизель ёнилғиси тоғ-кон саноати, қайта ишлаш тармоғи, қишлоқ хўжалиги ва жамоат транспорти учун муҳим аҳамиятга эга. Унинг нархи кескин ошиши бошқа тармоқларда ҳам нархларнинг кўтарилишига муқаррар равишда олиб келади», — деди Амангелдиев.

Унинг тушунтиришича, агар давлат ёнилғи нархларини тўлиқ эркинлаштирса, АИ-95 бензинининг нархи тахминан 120 сом (1,37 АҚШ доллари), АИ-92 бензини 114 сом (1,3 АҚШ доллари), дизель ёнилғиси эса 148 сом (1,7 АҚШ доллари) бўлади.

Kaktus.media маълумотларига кўра, 22 июль ҳолатида республикадаги ёқилғи қуйиш шохобчаларида АИ-92 бензинининг энг юқори нархи 84,9 сом (0,97 АҚШ доллари), АИ-95ники 109,9 сом (1,25 АҚШ доллари), дизель ёнилғисиники эса 98,4 сом (1,12 АҚШ доллари)ни ташкил этган.