Қирғизистон четга ёқилғи олиб чиқишни тўлиқ тақиқлади

bpetroleum.kg сайти фотосурати

Қирғизистон автомобиль ва темир йўл транспорти орқали нефть ва нефть маҳсулотларини мамлакатдан четга олиб чиқишга вақтинчалик тақиқ жорий қилди. Тегишли қарорни 13 июль куни республика Вазирлар Маҳкамаси раиси Адилбек Қосималиев имзолади.

Чекловлар ички бозор тўлиқ таъминлангунига қадар ёки Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ)нинг ягона нефть ва нефть маҳсулотлари бозори шакллангунига қадар амал қилади. Тақиқ бензин, дизель ёқилғиси ва бошқа нефть маҳсулотларига татбиқ этилади.

Нафта, мазут ва печ ёқилғиси учун истисно назарда тутилган. Уларни Вазирлар Маҳкамаси қарорига асосан кейинчалик қайта ишланган маҳсулотларни Қирғизистонга қайтариш шарти билан мамлакат ташқарисида қайта ишлаш учун олиб чиқишга рухсат берилади. Шунингдек, транспорт воситаларининг штатдаги ёқилғи бакларидаги ёқилғи мазкур тақиқ доирасига кирмайди.

Айни пайтда ҳукумат автомобиль транспорти орқали нефть маҳсулотларини импорт қилиш тартибини соддалаштирди. 2027 йил 1 апрелга қадар бензин ташувчи машиналар орқали ёқилғи олиб киришга доир аввалги чекловлар амал қилиши тўхтатилди. Импорт қилувчилар хавфсизлик талабларига риоя этиши, солиқ органларида рўйхатдан ўтган бўлиши, товарга илова қилинадиган ҳужжатлар ҳамда мувофиқликни баҳолашга оид ҳужжатларга эга бўлиши шарт.

Шунингдек, 15 июндан 30 сентябргача Қирғизистонда бензин, дизель ёқилғиси ва автогаз учун чакана сотувнинг энг юқори нархлари амал қилади.

Ушбу чоралар ёқилғи танқислиги юзага келиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида қабул қилинди. Июль ойи бошида Қирғизистон Қозоғистон, Беларусь, Озарбайжон, Ўзбекистон ва Туркманистонга нефть маҳсулотларини барқарор етказиб беришни таъминлашда ёрдам сўраб мурожаат қилган эди. Қозоғистон ушбу мурожаатни олганини расман тасдиқлади.

Қирғизистонга ёнилғи-мойлаш материалларининг асосий етказиб берувчиси ҳали ҳам Россия бўлиб қолмоқда. Мамлакат нефть маҳсулотлари импортининг 90–95 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келади, бензин импортида эса Россиянинг улуши деярли 100 фоизга яқин. Шу билан бирга, Украина учувчисиз учиш аппаратларининг Россия нефтни қайта ишлаш заводларига берган зарбалари оқибатида нефтни қайта ишлаш ҳажми қисқарди ва Россия ички бозорида узилишлар юзага келди. Июнь ойида Россия бензинининг Марказий Осиё ва Афғонистонга етказиб берилиши май ойига нисбатан 34 фоизга камайди. Қирғизистон ҳукумати хавф омиллари сифатида Яқин Шарқдаги геосиёсий кескинлик, халқаро логистика занжирларида эҳтимолий узилишлар ҳамда жаҳон нефть нархларининг ўсишини ҳам қайд этмоқда. Шу шароитда республика ёқилғи етказиб беришнинг қўшимча манбаларини излашга киришди.