Янги «Бишкек Арена» стадионининг расмий очилиш маросими сентябрь ойи охирида бўлиб ўтади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти матбуот котиби Аскат Алагозовга таяниб, 24.kg нашри хабар берди.
Аскат Алагозовнинг сўзларига кўра, 31 август куни стадионда VI Жаҳон кўчманчилар ўйинларининг очилиш маросими ўтказилади. Унда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Қирғизистонга ташриф буюрган давлат раҳбарлари қатнашади. Шунингдек, мусобақа иштирокчилари жамоаларининг паради ва қисқа концерт дастури ҳам бўлиб ўтади. Бироқ, ушбу тадбирларни стадионнинг расмий очилиш маросими сифатида баҳоламаслик керак.
«Мамлакат раҳбарияти бундай йирик иншоотлар қурилиши ва кенг кўламли лойиҳаларни амалга оширишда ҳар бир қирғизистонликнинг ҳиссаси бор, деб билади. Шу боис, очилиш маросимини байрамона муҳитда, бутун халқ иштирокида ўтказишга самимий интилиш мавжуд. Айнан шунинг учун стадионнинг расмий очилиши сизларнинг иштирокингизда, алоҳида тантана, кенг кўлам ва юқори байрамона кайфият билан ўтади», — деди Алагозов.
Мусобақаларнинг расмий дастурига кўра, Жаҳон кўчманчилар ўйинлари Қирғизистонда 31 августдан 6 сентябргача бўлиб ўтади. Асосий спорт ва маданий тадбирлар эса Иссиқкўл вилоятида ташкил этилади.
«Бишкек Арена» 51 минг нафар томошабинга мўлжалланган бўлиб, Қирғизистондаги энг йирик футбол стадионига айланади. Лойиҳа FIFA талабларини инобатга олган ҳолда қайта ишланди ва шундан сўнг аренанинг сиғими дастлаб режалаштирилган 45 минг ўриндан 51 минг ўрингача оширилди. Стадион 2031 йилги Осиё кубогини ўтказиш мақсадида барпо этилмоқда. Мазкур мусобақани ўтказиш учун Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон биргаликда номзодлик аризасини топширган.



