Тожикистон чегарасида афғонистонлик наркокурьерлар билан етти марта тўқнашув содир бўлган, 17 киши ўлган

avesta.tj сайти фотосурати

2026 йилнинг биринчи ярмида Тожикистон — Афғонистон чегарасида афғонистонлик гиёҳвандлик моддалари контрабандачилари билан еттита қуролли тўқнашув содир бўлган. Ушбу тўқнашувлар давомида Афғонистоннинг 17 нафар фуқароси ҳалок бўлган. Бу ҳақда 13 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Тожикистон Гиёҳвандлик воситалари назорати агентлиги (ГНА) директори Зафар Самад маълум қилди, деб хабар беради Avesta.

Унинг таъкидлашича, айнан Тожикистон — Афғонистон чегараси мамлакатга гиёҳвандлик воситаларини ноқонуний олиб киришга уринишларнинг олдини олиш бўйича асосий йўналиш бўлиб қолмоқда. Олти ой давомида ушбу йўналишда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар 1513 килограмм гиёҳвандлик воситаларини мусодара қилган. Таққослаш учун, ўтган йилнинг шу даврида айнан шу чегара ҳудудида 1692 килограмм гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган эди.

Агентлик маълум қилишича, келиб тушаётган маълумотлар Афғонистонда гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқарилиши давом этаётганини, уларни тайёрлаш бўйича яширин лабораториялар фаолият кўрсатаётганини кўрсатмоқда. Шу билан бирга, Тожикистон ҳудудида кўкнори етиштириш ва гиёҳвандлик воситалари ишлаб чиқариш ҳолатлари қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ҳукумати сўнгги йилларда мамлакатда гиёҳвандлик воситалари етиштириш, ишлаб чиқариш ва ноқонуний айланмаси деярли бутунлай бартараф этилганини маълум қилганди. БМТнинг Гиёҳвандлик воситалари ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC) маълумотларига кўра, сўнгги уч йил ичида Афғонистонда кўкнор экиладиган майдонлар ҳажми 95 фоизга қисқарган.

Шу билан бирга, Тожикистон ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари гиёҳвандлик моддалари савдосига алоқадор хорижий фуқароларни ушлаш ҳолатлари уч баробар ошганини қайд этган. 2026 йилнинг биринчи ярмида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасида гумон қилиниб, 28 нафар хорижлик қўлга олинган. Ўтган йилнинг шу даврида эса бундай ҳолатлар 10 тани ташкил этган.

Қўлга олинганларнинг асосий қисмини Афғонистон фуқаролари ташкил этган — 18 нафар. Улардан жами 601 килограмм гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинган. Бундан ташқари, 65 килограмм гиёҳвандлик воситалари билан олти нафар Ўзбекистон фуқароси, 10 килограмм билан бир нафар Қозоғистон фуқароси, 5 килограмм билан икки нафар Қирғизистон фуқароси, шунингдек 11 килограмм гиёҳвандлик воситалари билан бир нафар Украина фуқароси ушланган.

Умуман олгпнда, республика бўйича 2026 йилнинг биринчи ярмида ноқонуний айланмадан 2963 килограмм гиёҳвандлик воситалари олиб қўйилган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 143 килограмм ёки 5 фоизга кам. Мусодара қилинган гиёҳвандлик воситаларининг асосий қисмини каннабис гуруҳига кирувчи моддалар ташкил этган — 1741 килограмм. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 293 килограммга ёки 14,4 фоизга кам.

Олиб қўйилган опиум ва бошка опиат гуруҳига кирувчи гиёҳвандлик ишлаб чиқариш ҳажми 696 килограмм ташкил қилган. Бу утган шу даврига нисбатан 221 килограмга ёки 24 фоизга камайган.

Шу билан бирга, психотроп моддаларни мусодара қилиш ҳажми сезиларли даражада ошган. Жорий йилнинг олти ойи давомида 526 килограмм психотроп моддалар олиб қўйилган бўлиб, бу 2025 йилнинг биринчи ярми кўрсаткичига нисбатан 3,3 баробар кўпдир.

2026 йил 1 июль ҳолатига кўра, Тожикистонда 3959 нафар гиёҳвандликка қарам шахс наркологик ҳисобда туради, улардан 111 нафари аёллардир, деб хабар беради «Ховар». Ҳар 100 минг аҳолига 39,6 нафар гиёҳвандликка қарам шахс тўғри келади. ГНА маълумотларига кўра, бу кўрсаткич бошқа давлатлар билан таққослаганда энг паст ҳисобланади.

Матбуот анжуманидан сўнг 333 килограмм гиёҳвандлик воситалари йўқ қилинди.