Ўзбекистон Суперлигаси медали соҳиби Сергей Лущан «Машъал» жамоасига бош мураббий этиб тайинланди

Сергей Лущан. «Машъал» ФК фотосурати

Ўзбекистонлик мутахассис Сергей Лущан Суперлигадан чиқиб кетиш хавфи остида турган Муборакнинг «Машъал» клубига бош мураббий этиб тайинланди. Бу ҳақда клуб матбуот хизмати хабар берди.

Жамоани сўнгги ўйинларда бошқарган Илдар Сакаев клубнинг техник директори лавозимига ўтказилди. Лущан жорий мавсум бошидан буён «Машъал» бошқарувига келган тўртинчи мутахассис бўлади. Мавсумга жамоани Игорь Суров тайёрлаган, у кетганидан сўнг эса жамоа билан Отабек Нарзуллаев ва Сакаев ишлади.

Янги мураббий жамоани Суперлиганинг сўнгги ўрнида қабул қилиб олди. «Машъал» 11 та учрашувнинг барчасида мағлубиятга учради, рақиблар дарвозасига тўртта гол урди ва ўз дарвозасидан 21 та тўп ўтказиб юборди. Жамоанинг «Сўғдиёна»дан ортда қолиши 9 очкони, «Қўқон-1912» ва самарқанднинг «Динамо» клубларидан фарқи 11 очкони, «Сурхон»дан эса 12 очкони ташкил этмоқда. Чемпионат якунига қадар яна 19 тур қолган.

Лущаннинг асосий вазифаси жамоани элита дивизионида сақлаб қолишдан иборат бўлади. Унинг раҳбарлигидаги биринчи учрашувда «Машъал» 17 июль куни ўз майдонида жадвалнинг қуйи қисмидаги рақибларидан бири бўлган «Қўқон-1912» клубини қабул қилади.

Сергей Лущан 53 ёшда, у Тошкент шаҳрида туғилган. Футболчилик фаолияти даврида ҳимоячи сифатида «Пахтакор», «Навбаҳор», Россиянинг «Крылья Советов» ва «Ростсельмаш» жамоаларида ўйнаган, Ўзбекистон миллий терма жамоасига жалб этилган ва 2000 йилги Осиё кубогида иштирок этган. Футболчилик фаолиятини якунлагач, у «Бунёдкор», «Сўғдиёна», самарқанднинг «Динамо» клубларида, шунингдек, Беларуснинг Солигорск ва Петриков шаҳарларидаги «Шахтёр» жамоаларида ишлаган.

Унинг бош мураббий сифатидаги асосий ютуқлари «Бунёдкор» ва «Навбаҳор» билан боғлиқ. 2016 йилда Лущан раҳбарлигида Тошкент клуби Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритган. 2024 йил ёзида мутахассис бешинчи ўринда бораётган «Навбаҳор»ни қабул қилиб олган ва наманганликларни Суперлигада бронза медалларига олиб келган. Ўша мавсумда жамоа Ўзбекистон Кубоги финалига ҳам етиб борган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ