Тожикистоннинг Тоғли-Бадахшон автоном вилояти (ТБАВ)дан бўлган айрим фаоллар, ҳокимиятни ағдариш мақсадида ўтказилган деб айтилаётган норозилик намойишларида иштирок этгани учун ҳукм қилинган шахслар амнистияга тушди. Жумладан, журналист Муҳаммадсултон Мавлонозаров озодликка чиқди, унинг ҳамкасби Улфатхоним Мамадшоевага эса тайинланган жазо муддати қисқартирилди. Бу ҳақда Pamir Inside нашри вазиятдан хабардор икки манбага таяниб хабар берди.
Манбалар маълумотига кўра, 2022 йилда ТБАВда бўлиб ўтган воқеалар иштирокчиларидан бир қисми 16 июнь куни Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон томонидан имзоланган амнистия тўғрисидаги қонун доирасида амнистияга тушган маҳкумлар рўйхатига киритилган.
Улфатхоним Мамадшоевага жазо муддати уч йилга қисқартирилди. 2022 йил декабрида у 21 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган эди.
Фаол Рамзи Вазирбеков ва блогер Хушом Жумаевнинг ҳар бирига жазо муддати бир йилга қисқартирилган.
Нашр шунингдек 2022 йилда Тоғли Бадахшондаги норозилик намойишлари билан боғлиқ ҳолда ҳибсга олинган шахслардан бири озодликка чиққанини ёзади. Унинг фамилияси келтирилмаган. Маълум бўлишича, унинг жазо муддатининг тугашига бир йил қолган эди.
Душанбе учун нозик ҳисобланган ушбу минтақа бўйича қолган маҳкумлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, деб хулоса қилади Pamir Inside.
Тожикистон расмий органлари амнистияга тушган шахслар бўйича батафсил маълумот бермагани ва мазкур рўйхатда ТБАВ фаоллари бор-йўқлигига аниқлик киритмагани таъкидланади.
Нашр қўшимча қилишича, 2021–2022 йилларда ҳуқуқ-тартибот органлари фикрига кўра Тоғли Бадахшондаги норозилик намойишларига алоқадор бўлган 300 га яқин киши турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган. Сўнгги бир неча йил ичида эса улардан олтитаси жазони ўташ муассасаларида вафот этган.
ТБАВ фаолларига нисбатан қўлланган репрессиялар ҳуқуқ ҳимоячилари норозилигига сабаб бўлди. Хусусан, 2024 йил июль ойида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг асоссиз ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи Тожикистон ҳукуматини журналист Улфатхоним Мамадшоева, тадбиркор Сорбон Юноеев, ҳуқуқ ҳимоячилари Фаромуз Иргашев ва Манучеҳр Холиқназаровни зудлик билан озод қилишга чақирганди. Экспертлар мазкур шахсларга нисбатан ҳибсга олиш ва ҳукмларни асоссиз ҳамда бир қатор муҳим халқаро меъёрий ҳужжатларни бузувчи деб баҳолаган. Шунингдек, БМТ вакиллари Тожикистон ҳукуматидан маҳкумларга компенсация ва етказилган зарар учун бошқа турдаги қопламаларни таъминлашни талаб қилган.
6 июнь куни Раҳмон томонидан имзоланган амнистия тўғрисидаги қонун 18 минг кишига тааллуқли бўлиб, уларнинг 11 минги озодликка чиқиши кутилмоқда, яна 6,7 минг кишининг жазо муддати қисқартирилади.
Кейинчалик маълум бўлишича, ушбу рўйхатга айрим журналистлар ва блогерлар ҳам киритилган. Жумладан, ўтган йили ҳокимиятни ағдаришга уриниш иши бўйича 8 йиллик озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилинган Рухшона Ҳакимова ҳам шу рўйхатда бўлган. Журналистнинг яқинлари маълумотига кўра, унинг жазо муддати уч йилга қисқартирилган.



