Қозоғистон ёқилғи импорти учун божларни нол даражага туширишни ва Хитой томонга «юзланиш»ни режалаштирмоқда

depositphotos.com сайти фотосурати

Қозоғистон учинчи мамлакатлардан, биринчи навбатда Хитойдан келадиган ёқилғи-мойлаш материалларига импорт божларини бекор қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz.

Унинг сўзларига кўра, тегишли қарор ҳозирда Евроосиё иқтисодий комиссиясида муҳокама қилинмоқда. Расмийлар Россиядаги ҳозирги вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ички бозорда ёқилғи тақчиллиги юзага келган тақдирда муқобил ёқилғи таъминоти каналини яратишга умид қилмоқда.

«Биз Евроосиё иқтисодий комиссияси доирасида учинчи давлатлардан, биринчи навбатда Хитойдан ёқилғи импортини рағбатлантириш учун импорт божларини камайтириш тўғрисида қарор қабул қилмоқдамиз», — дея расмийнинг сўзларидан иқтибос келтиради нашр.

Унинг аниқлик киритишича, божлар нолга туширилиши режалаштирилган, бу эса божсиз ёқилғи импортига йўл очади.

Имтиёзли режим бир йил давом этиши ва бензин, дизел ва авиация ёқилғисига нисбатан қўлланилиши кутилмоқда. Импорт ҳажмини олдиндан чеклаш режаси йўқ; ёқилғи-мойлаш материаллари ички бозор талабига қараб импорт қилинади.

Шу билан бирга, Қозоғистон ёқилғи экспортини чеклашда давом этади. Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бу чекловлар узоқ вақтдан бери амал қилмоқда ва ички эҳтиёжларни қондиришга устувор аҳамият бериш учун ҳар олти ойда узайтирилади.

Россия Қозоғистоннинг асосий ёқилғи етказиб берувчиси ҳисобланади, аммо нефтни қайта ишлаш заводларининг ёпилиши ва режадан ташқари таъмирланиши туфайли мамлакатнинг ўзи ҳам ёқилғи тақчиллигига дуч келмоқда. Бир кун олдин Reuters ўз манбаларга таяниб, Россияда бензин ишлаб чиқариш ўтган йилги кўрсаткичларга нисбатан тахминан чоракка камайганини ва бу ҳолат Москвани қўшниларидан қўшимча ёқилғи излашга мажбур қилаётганини хабар қилган эди. Агентликнинг таъкидлашича, Россия Қозоғистонга тахминан 50 минг тонна АИ-92 бензинини сўраб мурожаат қилган. Бироқ, Қозоғистон томони расман музокаралар олиб борилганини рад этди.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ