Ўзбекистон Солиқ қўмитаси банкларга жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда айрим операциялари ҳақидаги маълумотларни тақдим этиш мажбуриятини юклашни таклиф қилди. Тегишли ҳукумат қарори лойиҳаси 23 июнь куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Ҳужжатда банклар ва солиқ органлари ўртасида ахборот алмашиш учун «Банк-солиқ» автоматлаштирилган модулини яратиш назарда тутилган. Банклар юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳисобварақлари очилгани ёки ёпилгани ҳақида уч кун ичида хабар бериши керак бўлади.
Шунингдек, жисмоний шахсларнинг банк карталарига бошқа фуқаролардан келиб тушган маблағлар (P2P-транзакциялар) ҳақидаги маълумотлар ҳам тақдим этилади. Бу талаб базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 500 бараваридан ортиқ суммаларга татбиқ этилади. Ҳозирда бу миқдор 206 миллион сўмдан (17 минг доллардан ортиқ) зиёд маблағни ташкил этади, 2026 йил 1 сентябрдан эса 220 миллион сўмга тенг бўлади.
Бундан ташқари, банклар Ўзбекистон ҳудудида электрон хизматлар кўрсатувчи хорижий юридик шахслар манзилига амалга оширилган фуқаролар тўловлари ҳақида ҳам солиқ органларига маълумот тақдим этиши шарт бўлади. Бироқ, лойиҳага кўра, бундай маълумотлар жўнатувчиларнинг шахсий маълумотларини кўрсатмаган ҳолда берилади.
Солиқ органлари «Банк-солиқ» модули орқали банкларга сўров юбориш ҳуқуқига эга бўлади. Сўровда мижознинг исми, идентификация рақами ҳамда маълумот талаб қилинаётган давр кўрсатилиши лозим. Банклар эса сўровни олган пайтдан бошлаб уч кун ичида талаб қилинган маълумотларни тақдим этиши шарт.
Тақдим этиладиган барча маълумотлар солиқ сири ҳисобланади. Уларни ошкор қилиш ёки шахсий манфаатлар йўлида фойдаланиш қатъиян тақиқланади. Маълумотларнинг сақланиши ва муҳофазаси учун солиқ органлари жавобгар бўлади.
Лойиҳа муаллифлари тушунтириш хатида бундай назорат механизмлари аллақачон Қозоғистон, Россия, Беларусь ва Европа Иттифоқи давлатларида амал қилиб келаётганини таъкидлаган. Масалан, Қозоғистонда банклар кетма-кет уч ой давомида юздан ортиқ турли жўнатувчилардан маблағ келиб тушган ҳисобварақлар ҳақида солиқ органларига хабар беради. Россияда эса банклар жисмоний шахсларнинг P2P-транзакциялари ҳақидаги маълумотларни Росфинмониторинг ва солиқ органларига тақдим этади.
Ҳужжат лойиҳаси тизимни босқичма-босқич жорий этишни назарда тутади. Қарор тасдиқланганидан кейин икки ой ичида «Банк-солиқ» модули учун технологик йўриқнома ишлаб чиқилиши керак. Яна тўрт ой ичида банклар ўз ахборот тизимларини солиқ органлари тизими билан интеграция қилишни якунлаши шарт бўлади.
Лойиҳанинг жамоатчилик муҳокамаси 2026 йил 8 июлга қадар давом этади. Ушбу хабар тайёрланган вақтда лойиҳа остида 40 дан ортиқ изоҳ қолдирилган бўлиб, уларнинг барчаси салбий мазмунда бўлган.
Хусусан, изоҳ қолдирувчилар Ўзбекистон Конституциясининг 41-моддаси банк операциялари, омонатлар ва ҳисобварақлар сир сақланишини кафолатлашини эслатиб, мазкур лойиҳанинг қабул қилиниши фуқароларнинг банк тизимига бўлган ишончини сусайтириши мумкинлигини таъкидламоқда.
Кўплаб фойдаланувчиларнинг фикрича, бу янги қоида ўзбекистонликларни яна нақд пулдан кўпроқ фойдаланишга ундайди, бу эса ўз навбатида яширин иқтисодиёт улушининг ошишига олиб келиши мумкин.
ℹ️ Бу солиқ органларининг жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳисобварақлари ҳамда операциялари ҳақидаги маълумотларга қўлга киритиш бўйича биринчи уриниши эмас. Иқтисодчи Отабек Бакиров эслатишича, 2020 йили ҳам Солиқ қўмитаси банклардан жисмоний шахсларнинг барча банк карталари бўйича пул айланмаси 30 миллион сўмдан ошганда P2P-транзакциялар ҳақида маълумот олишга ҳаракат қилган. Ушбу ташаббус жамоатчилик орасида кенг муҳокамаларга сабаб бўлган ва ҳужжат лойиҳаси остида юздан ортиқ салбий фикр-мулоҳазалар қолдирилган. Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳамда Сенатнинг бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича қўмитаси солиқ органларининг мазкур лойиҳасига қарши чиққан. Бироқ идора кейинчалик ҳам шунга ўхшаш ташаббусларни илгари суришга бир неча бор уринган.
«Умид қиламанки, аввалги уринишлар каби бу сафар ҳам ташаббус муваффақият қозонмайди. Аммо бунинг учун парламентдан тортиб манфаатдор идораларгача (Адлия вазирлиги, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Марказий банк), матбуотдан тортиб жамоатчиликкача — ҳеч ким жим турмаслиги керак», — дея таъкидлайди Бакиров.
Ўзбекистон Марказий банки, Адлия вазирлиги ва Молия вазирлигининг расмий позицияси ҳозирча эълон қилинмаган.



