Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Брюсселга расмий ташрифи якунлари бўйича Қозоғистон ва Европа Иттифоқи стратегик шерикликни кенгайтириш ҳақида қўшма баёнот қабул қилди, деб хабар берди Ақўрда.
Хабарда айтилишича, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи визаларни соддалаштирилган тартибда бериш ҳамда реадмиссия тўғрисидаги битимлар бўйича экспертлар даражасидаги музокараларни якунлади.
Виза масаласидан ташқари, томонлар транспорт, энергетика, стратегик аҳамиятга эга хомашё ресурслари, рақамлаштириш ва янги технологиялар соҳаларидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олдилар. Шунингдек, Транскаспий халқаро транспорт йўлагини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилиши режалаштирилмоқда.
Қўшма баёнотда нефть ва уран қазиб чиқариш, тинч атом энергетикасини ривожлантириш, аккумуляторлар ва “яшил” водород ишлаб чиқариш соҳаларида ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлик тасдиқланди. Шунингдек, Erasmus+ ва Horizon Europe қўшма дастурларини давом эттиришга келишиб олинди.
Европа Иттифоқи Қозоғистондаги сиёсий ислоҳотларни, жумладан янги Конституция қабул қилинганини ижобий баҳолади ҳамда инсон ҳуқуқлари, қонун устуворлиги, коррупцияга қарши кураш ва санкция сиёсати масалалари бўйича мулоқотни давом эттириш ниятини билдирди.
Тўқаевнинг Брюсселга расмий ташрифи 22 июнь куни бошланган эди. Қозоғистон раҳбарининг сўзларига кўра, ташриф давомида умумий қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган битим ва меморандумлар имзоланди.
Хусусан, ташриф доирасида Air Astana ва Airbus умумий қиймати 7,145 миллиард евро бўлган 50 тагача A320neo ва A321neo русумли самолётларни етказиб бериш бўйича келишув имзолади. Бундан ташқари, Европа инвестиция банки транспорт ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш лойиҳалари учун 150 миллион евро ажратишга қарор қилди.
Тўқаев таъкидлашича, ташрифнинг иқтисодий қисми Европа бизнес доираларининг Қозоғистон иқтисодиётига ҳамда мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар йўлига бўлган ишончини намоён этди.



