Ислом цивилизацияси маркази 800 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширди ва мамлакатга мингдан ортиқ артефактларни қайтарди

Ислом цивилизацияси маркази. ИЦМ фотосурати

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга Ислом цивилизацияси маркази фаолияти ва уни янада ривожлантириш режалари юзасидан тақдимот билан танишди, деб хабар беради давлат рахбари матбуот хизмати.

Тақдимотда Марказ директори Фирдавс Абдухолиқов Марказнинг очилганидан бери эришган ютуқлари, шунингдек, тадқиқот ва нашриёт фаолиятини ривожлантириш, маданий меросни қайтариш, музей ва кутубхона коллекцияларини рақамлаштириш ва Марказни халқаро миқёсда тарғиб қилиш режалари ҳақида сўзлаб берди.

Марказ жорий йилнинг 17 март куни муҳташам бинода расман иш бошлади. 1 июнь ҳолатига кўра, марказга ярим миллион нафар маҳаллий ва хорижий ташриф буюрувчилар келган. Кунлик ташрифлар сони ўртача 6 минг нафарни ташкил этмоқда. Шу даврда муассасага 150 дан ортиқ хорижий делегация ва 2 минг нафардан зиёд хорижий меҳмонлар ташриф буюрган.

Мажмуа таркибида Болалар музейи ташкил этилди, Имом Бухорий инновацион музейининг фаолияти йўлга қўйилди. Бинода Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази жойлаштирилди. Бундан ташқари, гид-экскурсоводлар ва назоратчилар хизмати ташкил қилинди.

Тақдимотга кўра, илмий ва инновацион соҳаларда 810 та лойиҳа амалга оширилган бўлиб, уларда тахминан 2000 нафар маҳаллий ва хорижий олимлар иштирок этган. Марказ мунтазам равишда конференциялар, семинарлар, давра суҳбатлари, маҳорат дарслари ва китоб тақдимотларини ўтказади. Ушбу тадбирларда 5000 дан ортиқ киши иштирок этган.

Маданий меросни қайтариш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзбекистонга 1000 дан ортиқ артефактлар қайтарилди. Марказ кутубхона фондида 3000 дан ортиқ ноёб нашрлар мавжуд бўлиб, 762 таси имконияти чекланган шахслар учун мўлжалланган.

Муассаса фаолиятига замонавий технологиялар ва рақамли инновациялар ҳам кенг жорий этилмоқда. Меҳмонлар учун робот-гидлар харид қилинди, мультимедиа ва интерфаол қурилмалар экспозицияларга жойлаштирилди.

Марказни янада ривожлантириш доирасида унинг илмий журналини халқаро Scopus ва Web of Science базаларига киритиш, илмий марказларнинг ягона интеграциялашган платформасини яратиш, қўлёзмаларнинг рақамли каталогини тайёрлаш режалаштирилган.

Шунингдек, диний-маърифий соҳадаги магистр ва докторантлар учун «Ислом маърифати» стипендиясини жорий этиш, дунёга машҳур олим ва экспертларнинг китоблари тақдимотларини ташкил этиш режалаштирилган. Келгуси босқичда 20 минг нафар ёшлар, диний-маърифий соҳа вакиллари, жумладан, имом-хатиблар ва отинойиларни марказ фаолиятига жалб этиш кўзда тутилмоқда.

Маданий меросни қайтариш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар кўриб чиқилди. Мазкур йўналишда жаҳон аукционлари, музейлар, хусусий коллекциялар ва халқаро санъат бозорларида Ўзбекистонга мансуб нодир артефактларни излаш, аниқлаш, илмий ўрганиш, экспертизадан ўтказиш, музокаралар олиб бориш ва уларни Ватанга қайтариш бўйича доимий механизм яратиш зарурлиги қайд этилди.

Бундан ташқари, дунё бўйлаб Ўзбекистон маданий меросини доимий мониторинг қилиш, маданий мерос объектларининг ягона рақамли маълумотлар базаси ва халқаро реестрини яратиш режалаштирилган.

Шунингдек, тақдимотда таъкидланишича, Марказий Осиёда ягона бўлган замонавий илмий-тадқиқот лабораториясини ташкил этиш режалаштирилган.

Ўзбекистон маданий меросига оид коллекцияларни аниқлаш ва ўрганиш бўйича ишлар, жумладан, Хитой, АҚШ, Германия, Франция ва Буюк Британияда давом этади.

Марказнинг халқаро миқёсда тарғиботи алоҳида эътиборга лойиқ. Режаларда «Ислом цивилизацияси: тинчлик, бағрикенглик ва илм-маърифат йўли» мавзусида I халқаро Ислом форумини ўтказиш режалаштирилган. Шунингдек, БМТнинг Нью-Йорк ва Женевадаги тузилмалари ҳамда UNESCОнинг Париждаги қароргоҳида Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Мотуридий ва Имом Термизий илмий меросига бағишланган махсус тақдимотлар ўтказиш ҳам кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Марказ тақдимотларини 55 та давлатда ташкил этиш, «Исломда аёлларнинг ўрни» мавзусида халқаро конференция ва кўргазма ўтказиш, Оксфорд ислом тадқиқотлари маркази, ICESCO, IRCICA, TURKSOY ва бошқа халқаро ташкилотлар билан қўшма илмий-маърифий лойиҳаларни амалга оширишга кўрсатма берилди.

Хорижий журналистлар ва халқаро медиа тузилмалар билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида пресс-турлар, халқаро медиа клублар ва медиа анжуманлар ташкил этилади. Марказ брендини глобал миқёсда мустаҳкамлаш учун фотокўргазмалар, тематик тақдимотлар ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналарда давра суҳбатлари ўтказилади.

Шунингдек, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасига келувчи зиёратчи ва сайёҳлар учун янада қулай шароитлар яратиш, ташрифларни тартибли ва мазмунли ташкил этиш, уларга ахборот ва гид хизматларини кўрсатишни такомиллаштириш масалалари кўриб чиқилди.

Тақдимот якунида давлат раҳбари Марказга ўз фаолиятини тизимли равишда ривожлантириш, илмий-тадқиқот ва нашриёт ишларини кенгайтириш, маданий меросни қайтаришнинг доимий механизмини яратиш, музей коллекцияларини кенгайтириш, рақамли технологияларни жорий этиш ва халқаро оммавий ахборот воситаларида тарғиботни янги босқичга кўтариш бўйича кўрсатмалар берди.

ℹ️ Ислом цивилизацияси маркази Хасти-Имом мажмуаси ёнида қурилди. Иншоот қадимги меъморий обидалар шаклида бунёд этилди. Мажмуанинг тўрт томонида баландлиги 34 метрли пештоқлар, ўртада 65 метрли гумбаз қурилган. Бу ерда Қуръон зали, 460 ўринли анжуманлар зали ва музей мавжуд бўлиб, кўргазмалар Ўзбекистоннинг исломгача бўлган даврдан то ҳозирги кунгача бўлган бутун тарихини қамраб олади. ИЦМ Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ва дунёнинг ихтисослаштирилган илмий-таълим марказлари билан ҳамкорликда аждодлар меросини ўрганиш, идрок этиш борасида маърифий масканга айланиши кўзда тутилган.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ