Сеул танқидидан сўнг Ўзбекистон Миграция агентлиги Кореяда ишга жойлашиш қоидаларини ўзгартирди

cael.ca сайти фотосурати

Ўзбекистон Миграция агентлиги Жанубий Кореяда E-9 визаси (нотаълимли ишчилар учун иш визаси) асосида ишлаётган фуқаролар учун уч томонлама келишувлар шартларини ўзгартирди. Энди ўзбекистонликлар янги иш жойига ўтишда агентликнинг Сеулдаги ваколатхонаси розилигини олишлари шарт эмас. Бу ҳақда 3 сентябрь куни агентлик матбуот хизмати маълум қилди.

Эндиликда фуқаролар иш жойини ўзгартириш учун Миграция агентлигининг алоҳида розилигини олиши шарт эмас. Улар амалдаги тартиблар ва қонунчилик асосида иш берувчи билан меҳнат шартномасини бекор қилиши ва янги иш берувчи билан меҳнат муносабатларига киришиши мумкин.

Миграция агентлиги тушунтиришича, иш жойини алмаштиришни келишиш талаби аввал ўзбекистонликларнинг Кореяда ноқонуний мақомда қолиб кетиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида жорий этилган. Шунингдек, ушбу чора мигрантлар билан алоқани сақлаб туриш ҳамда уларга ҳуқуқий, ижтимоий ва моддий ёрдам кўрсатиш имконини таъминлашга қаратилган эди.

Агентлик таъкидлашича, келишувда Жанубий Кореяда ноқонуний қолиб кетиш учун жарима тўлаш ҳақидаги банд сақланиб қолинган. Мигрантлар ишдан бўшаганидан сўнг бир ой ичида иш изловчи сифатида рўйхатдан ўтиши, 90 кун ичида эса янги иш жойини топиши шарт. Агар шу муддат ичида хорижликлар янги меҳнат шартномасини тузмаса ва мамлакатдан чиқиб кетмаса, улар ноқонуний мигрантлар деб топилади. Бундай ҳолатда қонунчиликда жарима, депортация ва мамлакатга қайта киришни тақиқловчи чоралар назарда тутилган.

Келишув шартлари иш берувчилар ва нотижорат ташкилотлари билан ўтказилган музокаралар натижасида, шунингдек, меҳнат мигрантларининг ўз мурожаатлари инобатга олинган ҳолда қайта кўриб чиқилади. Асосий воқеа август ойи охирида Ульсан шаҳрида маҳаллий ҳокимият вакиллари, ҳуқуқ ҳимоячилари ҳамда Hyundai компанияси вакиллари иштирокида ўтказилган учрашув бўлди.

Шартларни янгилашдан олдин масала атрофида кескин баҳслар юзага келган эди. Август ойида одам савдосига қарши курашиш бўйича асосий орган ҳисобланган Жанубий Корея Гендер тенглиги ва оила вазирлиги Кореянинг Меҳнат ва бандлик вазирлиги ҳамда Адлия вазирлигига ўзбекистонлик мигрантларни иш билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш бўйича расмий сўров юборганди. Вазирлик амалдаги тартибда одам савдосининг олдини олиш тўғрисидаги қонун бузилиши аломатларини кўрган.

Аралашувга 2025 йилдан бошлаб ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари Кореяга боришда Ўзбекистон Миграция агентлиги билан шартнома имзолай бошлагани ҳақидаги маълумотлар сабаб бўлган. Унга кўра, иш берувчи ва агентлик ваколатхонасининг ёзма розилигисиз иш жойини алмаштирганлик учун ойига 2000 доллар миқдорида жарима белгиланган. Бунда жариманинг юқори чегараси белгиланмаган ва у мигрант ватанга қайтгунига қадар ундирилган. Ҳуқуқ ҳимоячилари ушбу амалиёт ишдан мажбуран бўшаш ҳолатларини, жумладан, штат қисқартирилиши, иш берувчининг ташаббуси билан ишдан бўшатиш ёки саломатлиги туфайли ишга чиқа олмаслик каби вазиятларни ҳисобга олмаганини таъкидлаган.

Вазият 18 июль куни Ульсандаги Hyundai Heavy Industries кемасозлик заводида содир бўлган фожиали ҳодисадан сўнг янада кескинлашди. У ерда Ўзбекистондан борган 26 ёшли ишчи ҳалок бўлган. Марҳумнинг ҳамкасблари унинг бир неча бор жароҳат олганини ва меҳнат шароитлари хавфли бўлгани сабабли бошқа корхонага ўтишни истаганини, бироқ катта миқдордаги жаримани тўлаш таҳдиди туфайли буни амалга ошира олмаганини айтишган.

Миграция агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилда Жанубий Кореяда E-9 визаси асосида ишга жойлашган ўзбекистонликлар сони 3080 нафаргача камайган. 2023 йилда бу кўрсаткич 4878 нафарни ташкил этган. Камайиш иш жойини узрли сабабларсиз ўзбошимчалик билан тарк этиш ва иш берувчиларнинг банкрот бўлиши билан боғлиқ бўлган. Бироқ, ҳуқуқ ҳимоячилари таъкидлашича, сабаблардан бири мигрантларни виждонсиз иш берувчини қонуний равишда алмаштириш имкониятидан амалда маҳрум қилаётган жарималар тизими бўлган.