Қирғизистон Бош вазири ўринбосари мэр ва губернаторларга гўшт нархларини ушлаб туришни буюрди

Бишкек магазинидаги гўшт нархлари, 2025 йил 13 ноябрь. «Фарғона» фотосурати

Қирғизистон Бош вазири ўринбосари ва Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раҳбари Камчибек Ташиев мэрлар ва губернаторлардан гўшт нархларининг кўтарилишига йўл қўймаслик чораларини кўришни талаб қилди. Бу ҳақда «Вечерний Бишкек» хабар берди.

«Регион ТВ» нашрига берган интервьюсида Ташиев гўшт нархларини тартибга солувчи ҳукумат қарори тўғри бажарилмаётганини айтди. Фуқаролар ва бизнес вакилларининг шикоятлари республика бозорларида гўштнинг чакана нархи белгиланган меъёрлардан ошиб кетаётганини кўрсатмоқда.

Бош вазир ўринбосари ҳозирда бир килограмм гўшт 700 дан 900 сомгача (8-10 доллар) сотилаётганини таъкидлади, гарчи ҳукумат қарорида максимал нарх 700 сом қилиб белгиланган бўлса ҳам.

«Айни пайтда, улгуржи етказиб берувчилар гўштни 400-500 сомга (4,60-5,70 доллар) сотмоқдалар, бу эса ҳозирги чакана нархларни асоссиз равишда кўтарилишига сабаб бўлмоқда», — деди Ташиев.

Унинг қўшимча қилишича, нарх сиёсатини амалга ошириш Монополияга қарши кураш хизмати, шунингдек, маҳаллий ҳокимият органлари — ҳокимлар, мэрлар ва президентнинг минтақалардаги ваколатли вакиллари зиммасидадир. Унинг сўзларига кўра, ушбу органлар ҳукумат қарорларига риоя қилинишини назорат қилиш ва қоидабузарликларга зудлик билан жавоб беришга мажбурдирлар.

«Ҳокимлар, мэрлар ва губернаторлар фармонни бажаришлари керак эди. Лекин улар бефарқлик қилишди. Энди, агар бирон бир бозорда нарх 680-700 сомдан юқори бўлса, маҳаллий ҳокимият раҳбарлари жавобгарликка тортилади. Офисларингизда ўтирманг — бозорларга боринг. Бу менинг қаттиқ огоҳлантиришим», — деди Ташиев.

«Гўшт мамлакатнинг асосий озиқ-овқатларидан биридир. Шунинг учун биз унинг нархини барқарор ушлаб туришимиз керак. Ҳозирда мол ва қўй гўштининг нархи бир килограмм учун 600-700 сом атрофида. Бу, айниқса, ижтимоий жиҳатдан заиф гуруҳлар учун жуда муҳим», — деб таъкидлаганди Қирғизистон Сув хўжалиги, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазирлигининг озиқ-овқат хавфсизлиги бошқармаси бошлиғи Уран Чекирбаев.

Вазирлик мамлакат мол ва қўй гўшти билан тўлиқ ўзини ўзи таъминлай олишини хабар қилди. Шу билан бирга, парранда гўшти квота бўйича импорт қилинишда давом этмоқда: 2025 йили 58 000 тонна импорт қилинган ва 2026 йили 48 000 тонна импорт қилиниши кутилмоқда. Вазирлик ички бозорни барқарорлаштириш ва танқисликнинг олдини олиш учун тирик қорамол экспорти вақтинча тўхтатилганини таъкидлади.

Шу билан бирга, Қирғизистон ҳукумати 8 августда жорий этилган суяксиз маҳсулотлардан ташқари гўшт нархларини давлат томонидан тартибга солишни 2025 йил 31 декабргача узайтирди. Қарор «нархларнинг кескин кўтарилишига йўл қўймаслик, спекулятив фаолиятнинг олдини олиш, ички бозордаги вазиятни барқарорлаштириш ва аҳолини ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулот билан таъминлаш мақсадида қабул қилинди», дейилади ҳукумат баёнотида.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ