Душанбеда «Тожи Сомон» халқаро кинофестивали очилди

tojisomon.tj сайти фотосурати

Тожикистонда 15 октябрь куни очилган «Тожи Сомон» («Сомон тожи») халқаро кинофестивали 20 октябрга қадар давом этади. Бу тадбир ҳар йили 16 октябрда нишонланадиган тожик киноси кунига бағишланган.

Бу йил «Тожик халқининг тараққиёт тарихи» шиори остида ўтказилаётган фестивалда 15 давлатдан 40 дан ортиқ фильмлар, шунингдек, унинг доирасида Эрон, Россия ва Қирғизистон кино кунлари ўтказилади.

Фестивалнинг биринчи куни, 15 октябрь куни танлов дастуридаги фильмлар ҳакамлар ҳайъати эътиборига ҳавола этилади. Ўша куни кечқурун соат 17:00да Тоҳир Собиров кинотеатрида маданий дастур ва Тожикистонда Эрон киноси кунларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.

Асосий фильм намойишлари 16 октабрдан бошланади ва 19 октябрь оқшомига қадар давом этади. Бу даврда Душанбе кинотеатрларида дунёнинг турли давлатларида суратга олинган 40 дан ортиқ фильмлар намойиш этилади.

16 октябрь куни соат 11:30 да намойишлар олдидан таниқли тожик режиссёри Бахтиёр Худойназаровнинг 60 йиллигига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтади.

Фестиваль фильмлари мамлакатнинг турли ҳудудларида ҳам намойиш этилади. Хатлон вилоятида «Ҳаёт гўзал» (Тожикистон), «Сотиладиган уй» (Қирғизистон), «Қора қалъа» (Беларусь), «Бумба йўли» (Ҳиндистон), «Олий фуқаролар» (Қозоғистон) фильмлари намойиш этилади.

Сўғд вилояти аҳолиси «Ҳаво» ва «Капитан қизи» (Россия), «Баҳор излаб» (Ўзбекистон), «Дарахт» (Туркманистон), «Қизил туш» (Тожикистон) фильмларини томоша қилишлари мумкин.

Тоғли Бадахшон автоном вилоятида «Ҳақиқат излаб» (Тожикистон), «Шаҳзода» (Молдова), «Қуриган дарё устидаги кўприк» (Эрон), «Шахсият бузилиши» (Индонезия), «Эман» (Туркия) фильмларининг намойиши режалаштирилган.

19 октябрь куни соат 17:30 да Садриддин Айний номидаги Давлат академик опера ва балет театрида «Тожи Сомон» иккинчи халқаро кинофестивалининг ёпилиш ва тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.

ℹ️ Фестивални ташкил этувчи «Тожикфильм» давлат унитар корхонаси «Тожи сомон» ҳар икки йилда бир марта ўтказилишини таъкидлади. Биринчи фестивал 2023 йил 15-19 октябрь кунлари бўлиб ўтган ва унда Россия, Ўзбекистон, Хитой, Франция, Ҳиндистон, Қозоғистон ва бошқа мамлакатлар киноижодкорлари иштирок этган. Бу йилги фестиваль иккинчиси сифатида қайд этилган. Бироқ, 2024 йили ОАВ Душанбеда худди шундай номдаги кинофестиваль бўлиб ўтгани, унда Беларусь, Эрон ва Россия киноси кунлари ўтказилгани ҳақида хабар берганди. Баъзи манбалар таъкидлашича, бу Иккинчи Миллий кино мукофоти бўлган, Биринчиси эса 2023 йил октябрь ойида бўлиб ўтган «Тожи Сомон» халқаро кинофестивали сифатида қайд этилган.

Авваллари, 2004 йилдан 2019 йилгача октябрь ойи ўрталарида Душанбеда «Дидор» кинофестивали бўлиб ўтган эди.