Афғонистонда интернет ва мобил алоқа хизматлари тикланди

rbk.ru сайти фотосурати

Афғонистонда қарийб 72 соат давом этган умуммиллий ўзилишдан сўнг интернет ва телекоммуникациялардан фойдаланиш тикланди, дея хабар беради Khaama мамлакатнинг турли минтақаларидаги манбаларига таяниб.

1 октябрь куни тушдан кейин NetBlocks халқаро веб-мониторинг хизмати қисман хизмат тиклангани ҳақида хабар берди.

«Интерфакс»нинг Associated Press агентлигига таяниб хабар беришича, толиблар интернетни атайлаб ўчириб қўйгани ҳақидаги хабарларни рад этиб, муаммони шикастланган оптик толали кабелларни таъмирлаш ишлари билан боғлашган. Бироқ, мазкур янгилик Associated Press сайтидан олиб ташланган. Америка ахборот агентлигига таянган «Толибон»* ҳаракатининг расмий вакили Забиҳуллоҳ Мужоҳид бу борада ҳеч қандай изоҳ бермаслигини таъкидлаган ва Associated Press хабарини ёлғон деб атаган.

Afghanistan International ташкилотига кўра, Афғонистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Мулла Ҳасан Охунд буйруғи билан интернетга кириш тикланган. Ўша нашр аввалроқ толиблар етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзоданинг оғзаки буйруғи билан интернет ўчирилгани ҳақида хабар берганди. Афғонистон телекоммуникация компаниялари интернетнинг бутунлай ўчирилиши мамлакат олий раҳбариятининг бевосита буйруғи билан амалга оширилганини тасдиқлаган.

Афғонистон бўйлаб интернет ва телефон хизматининг йўқлиги дарҳол ҳукумат ва тижорат операцияларига таъсир қилган. Мамлакат аҳолиси асосий хизматлардан ва ташқи дунё билан алоқадан маҳрум бўлган. Хориждаги афғонлар ватандаги қариндошларига пул жўната олмаган. Хорижда даволанмоқчи бўлганлар афғон банкларидан фойдалана олмаётгани ва тиббий хизматлар учун пул тўлай олмаётгани сабаб, касалхонага ётиш ва жарроҳлик амалиётини кейинга суришга мажбур бўлишган. Аксарият телеканаллар фаолиятини тўхтатган,30 сентябрь куни Кобул аэропортида барча рейслар бекор қилинган.

*Кўпгина мамлакатларда террорчи сифатида тан олинган ва тақиқланган ташкилот.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ