Ўзбекистон чегарачилари икки қирғизистонлик ўлими тафсилотларини маълум қилди

ЎзА сайти фотосурати

Ўзбекистон чегарачилари Қирғизистоннинг икки фуқароси ўққа тутилгани воқеа юзасидан расмий изоҳ берди.

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Чегара қўшинлари матбуот марказининг хабар беришича, 15 август куни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Угам-Чотқол қўриқхонаси яқинидаги чегара минтақасида 2 нафар номаълум шахсларнинг ҳаракатланаётгани кузатилган. Чегарачилар ўз ваколати доирасида уларга тўхташни буюрган, лекин тартиббузарлар қочишга уринган. Шу боис, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, уларни тўхтатиш учун осмонга қарата бир неча бор огоҳлантирувчи ўқ узилган. Аммо, номаълум шахслар чегара нарядининг қонуний талабларига бўйсунмай, Давлат чегараси томон ҳаракатни давом эттиришган. Шундан кейин, сўнгги чора сифатида уларга нисбатан қурол қўлланилган. Натижада, улар яраланиб, ҳарбий хизматчилар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилишига қарамай, воқеа жойида вафот этган

Ҳодиса жойи кўздан кечирилганида, 1 дона чодир, 3 та от, озиқ-овқат маҳсулотлари ҳамда яширинишга улгурган учинчи шахснинг излари ҳам топилган.

31 август куни Ўзбекистон томони марҳумларнинг шахсини аниқлаган: улар Қирғизистон фуқаролари бўлган. Шу куни уларнинг жасадлари «Баймак» назорат-ўтказиш пункти орқали яқинларига топширилган. Икки давлат чегара идоралари раҳбарлари 2-3-сентябрь кунлари содир бўлган воқеа жойини биргаликда кўздан кечиришга келишиб олганлар. Ўрганишлар натижасида чегара нарядининг хатти-ҳаракатлари Ўзбекистон қонунчилигига асосан амалга оширилганлиги, юқорида кўрсатилган Қирғизистон фуқаролари томонидан Давлат чегараси бузилганлиги тасдиқланган.

Ўзбекистон томони марҳумларнинг мол-мулки – чодир ва отларни Қирғизистонга беришга тайёрлигини маълум қилган. Чегарабўйи ҳудудлар аҳолиси билан биргаликда профилактика ишларини олиб бориш, чегарани қўриқлаш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш бўйича келишувга эришилган.

ℹ️ Воқеа 25 август куни Жалолобод вилоятининг Чотқол тумани аҳолисининг қариндошлари Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идораларига икки йигит — 28 ёшли Элдияр Асилбек уулу ва 23 ёшли Бекзат Қурманали уулунинг ғойиб бўлгани ҳақида ариза билан мурожаат қилганидан сўнг маълум бўлган. 28 август куни икки давлат чегарачилари йиғилиш ўтказган ва унда воқеа тафсилотлари маълум бўлган. 31 август куни марҳумларнинг яқинлари Ўзбекистонга келиб, уларнинг шахсини тасдиқлашган.

Жогорку Кенеш (Қирғизистон парламенти) депутати Джайлообай Нишановнинг сўзларига кўра, Асилбек уулу ва Қурманали уулу тасодифан чегарани кесиб ўтган бўлишлари мумкин, чунки «Чотқол туманининг бу ҳудуди демаркациядан ўтмаган ва ҳеч қандай белги қўйилмаган».

Унинг сўзларига кўра, 21 август куни (Ўзбекистон томонининг маълумотларига кўра, воқеа бир ҳафта олдин содир бўлган) эркаклар Қизил китобга киритилган ноёб ўсимлик — арнебия (маҳаллий тилда эндик деб аталади) қидиришга чиққан. Сўнгги йилларда, жумладан, хорижликлар орасида ушбу ўсимликка талаб юқори бўлиб, бир килограмми 300 дан 1000 сомгача (3,4 – 11,4 доллар) сотиб олинмоқда. Нишановнинг таъкидлашича, чегарадош тоғли ҳудудлар аҳолиси хавф-хатарлар ва чегара аниқ белгиланмаганлигига қарамай, кўпроқ ўсимликни сотиш учун йиғишади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ