Қирғизистонда халқаро интернет-трафикни узатиш ва маршрутлаш бўйича вақтинчалик 100% давлат монополияси жорий этилади. Тегишли фармонни республика президенти Садир Жапаров имзолади.
Қарор жорий йил 15 августидан кучга киради ва 2026 йил 14 августигача амал қилади. Ушбу муддат давомида маҳаллий «ЭлКат» компанияси Қирғизистон ҳудудида халқаро интернет-трафикни етказиб бериш ва узатиш, шунингдек, мамлакат орқали халқаро маълумотлар транзити бўйича эксклюзив ҳуқуқни қўлга киритади.
«ЭлКат» шунингдек, бошқа нарсалар қатори, мамлакат университетларининг 90 фоизини тармоққа киришини таъминлайдиган «Акнет» алоқа компаниясининг 100% акцияларини олади. Халқаро интернет-трафик билан ишлайдиган бошқа барча операторлар ва провайдерлар икки ой муддатда ўз шартномалари ва келишувларини «ЭлКат» билан ҳамкорликка ўтказишлари шарт.
Қайд этилишича, мазкур чора рақамли ва телекоммуникация инфратузилмасини бошқариш самарадорлигини ошириш, трафикни тартибга солиш ва алоқа сифатини яхшилашга қаратилган.
28 июль куни президент «Қирғизистон Республикаси интернет маконида порнографик характердаги элементларни ўз ичига олган сайтларга киришни тақиқлаш тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжатда порнография элементлари бўлган контентни тарқатиш вақти унинг Қирғизистон интернет маконида биринчи марта пайдо бўлган пайтдан ёки ваколатли давлат органи тегишли маълумотни олган пайтдан бошлаб белгиланади.
Интернет-провайдерлар, хостинг провайдерлари, сайт ва (ёки) саҳифа эгалари порнографик характердаги элементларни ўз ичига олган контентга киришни блоклашлари шарт. Қабул қилинган қонуннинг мақсади «жамиятнинг маънавий-ахлоқий қадриятларини, шунингдек, шахс маънавий-ахлоқий саломатлигини муҳофаза қилиш»дан иборат.
Аввалроқ Жапаров мобил телефонлар ва тармоққа уланадиган бошқа қурилмаларни идентификация қилиш тизимини модернизация қилиш тўғрисидаги фармонни имзолаган эди. Ҳужжат телефонларни рўйхатга олишни соддалаштириш ва аҳоли норозилигига сабаб бўлган муаммоларни бартараф этишга қаратилган.