Фирибгарлик йўли билан 276 та автомобилга эгалик қилган уюшган жиноий гуруҳ аъзолари судланди

kun.uz сайти фотосурати

Ўзбекистонда бир йил ичида фирибгарлик йўли билан 276 та автомобилга эгалик қилган жиноий гуруҳ аъзолари устидан суд бўлиб ўтди. Уюшган жиноий гуруҳ раҳбари Акмалхон Ҳошимов 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилди, унинг тўққиз нафар шериги ҳам 3 йилдан 9 йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд тафсилотлари ҳақида Kun.uz хабар берди.

Тергов материалларига кўра, Ҳошимов тузган жиноий гуруҳ кўпинча «Ихтисослашган аукцион авто-мулк маркази» МЧЖ орқали фаолият юритган. Айбланувчилар автомобилини сотмоқчи бўлган фуқароларни топиб, кейин бўлиб тўлаш шарти билан одамларни алдаган ёки «сохта кредит» схемасидан фойдаланишган. Айрим ҳолларда сохта аукцион ҳужжатлари ва сохта шартномалардан фойдаланилган. Қолаверса, автомобиллар тез орада, асосан, Ўзбекистондан ташқарида қайта сотилган.

Масалан, уюшган жиноий гуруҳ аъзолари ишонувчан фуқаролардан бирига Lacetti автомобили учун 11 минг доллар беришга ваъда беришган. Аммо охир-оқибат, сотувчи ваъда қилинган пул ўрнига атиги 2 минг доллар олган. Яна бир эпизодда фирибгарлар Captiva автомобилини сотиб олиш учун 317 миллион сўм (24,8 минг АҚШ доллари) миқдорида иккиламчи автокредит расмийлаштиришган. Аммо тез орада машина сохта ҳужжатлар ёрдамида «йўқолиб қолган» ва ваъда қилинганидек кредит тўловлари тўланмаган.

Жиноятчилар ўтган йил апрель ойида қўлга олинган. Ҳуқуқ-тартибот идоралари маълумотларига кўра, улар 276 та автомобилни, жумладан, Nexia, Malibu, Cobalt, Spark, Labo, Tracker каби русумдаги автомобилларга ноқонуний эгалик қилишга муваффақ бўлишган.

Бундан ташқари, терговчилар атиги 25 та машинани топишга муваффақ бўлишган. Шунингдек, 49 таси божхона постлари орқали Қозоғистонга олиб кетилгани, 158 таси изсиз «йўқолиб қолгани» маълум бўлган. Тахминларга кўра, ўғирланган машиналарнинг аксарияти четга чиқарилган.

Аниқланишича, фирибгарлар яширин устахонада машинанинг қатъий ҳисобдаги двигател ва кузов рақамлари жойлашган юзалари махсус техника воситалари билан қўлбола усулда чархлашган. Сўнгра рақам урувчи махсус мослама ёрдамида кузовга келиб чиқиш манбаси аниқ бўлмаган рақамни туширишган. Улар, шунингдек, сохта ҳужжатларни, жумладан, мулкчилик гувоҳномаларини тайёрлашган. Уюшган жиноий гуруҳ аъзолари имзо, муҳр ва QR кодларни қалбакилаштиришган.

Иш бўйича асосий айбланувчи Ҳошимов айбини қисман тан олган, у фақат таниши орқали ҳаракат қилганини айтиб, гуруҳ ташкил этганини рад этган. Бундан ташқари, у кредит схемаларида иштирок этмаганини таъкидлаган.

Суд ишида Акмалхон Ҳошимовга оид яна бир эпизод бўлган. Бу Акмалхон Ҳошимов ўзининг вояга етмаган ўгай қизи билан жинсий алоқа қилиб келгани ҳақида. Қиз судда ўгай отаси номусига тегиб, бир йил давомида жинсий алоқа қилиб келганини, унга лирика ва регапен каби дориларни бериб келгани боис ушбу дориларга ўрганиб қолганини айтган.

Якунда Ҳошимов 9,5 йилга озодликдан маҳрум этилган. Унинг тўққиз нафар шериги у билан бирга қамоққа равона бўлган. Суд қамоқ жазосидан ташқари, 200 га яқин жабрланувчи фойдасига маҳкумлардан 36 миллиард сўм (2,8 миллион доллар) биргаликда ундириш тўғрисида қарор чиқарган. Аниқланишича, 17 та машина уларни қонунда назарда тутилган тартибда сотиб олган ва жиноят иши бўйича жабрланувчи деб топилган шахсларга қайтарилган. Ашёвий далил сифатида олинган ва қонуний эгаси маълум бўлмаган 4 та машина эса жабрланувчиларга етказилган зарарни қоплашга қаратилган.