Афғонистон аҳолиси Қуёш тавқими — 1404 йил (2025 йил 21 мартдан 2026 йил 21 мартгача) маълумотларига кўра 36,4 миллион кишини ташкил этган. Бу ҳақда Миллий статистика ва ахборот бошқармаси (NSIA) вакили Муҳаммад Ҳалим Рафи маълум қилди, деб хабар беради ToloNews.
Рафининг айтишича, аҳолининг 51 фоизи эркаклар, 49 фоизи аёллар.
Мамлакатнинг энг гавжум вилояти Кобул бўлиб, у ерда 6,1 миллион киши истиқомат қилади. Иккинчи ўринда 2,3 миллион аҳолига эга Ҳирот.
Рафининг қўшимча қилишича, бир муддат олдин Вазирлар Кенгаши NSIAга расмий умуммиллий аҳолини рўйхатга олиш режасини тайёрлашни топширган. Режа Кенгаш томонидан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган бўлиб, аҳолини рўйхатга олиш яқин кунларда ўтказилиши кутилмоқда.
Шу билан бирга БМТ маълумотларига кўра, 2025 йили Афғонистонга 1,4 миллион афғон мажбуран қайтарилган. Бу халқаро ёрдамнинг камайиши фонида мамлакатдаги гуманитар инқирозни янада чуқурлаштиради. Қўпчилик қўшни мамлакатлардан, биринчи навбатда Эрон ва Покистондан қайтган ва бошпана, яшаш ва асосий хизматлардан фойдаланиш имконияти чекланганлиги сабабли мавҳум истиқболга дуч келишмоқда.
БМТ ҳисоботида айтилишича, репатриантларнинг кўпчилиги заиф, мажбуран кўчириш, оғир шароит, оилалардан жудолик ва шахсий нарсаларини йўқотганидан жуда абгор ҳолатда. БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги вазиятни «ўсиб бораётган гуманитар инқироз» деб атади ва уларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун халқаро ёрдамга чақирди.
Ташкилотнинг таъкидлашича, энг кўп жабр кўрган аёллар ва қизлардир ва улар толиблар томонидан ҳуқуқлари тобора чекланиб бораётган мамлакатга қайтарилмоқда. Бир неча қайтиб келганлар камситиш, таъқиб ва зўравонлик кучайиши ҳақида ташвишли маълумотлар билан бўлишди.
БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Афғонистондаги мавжуд гуманитар инфратузилма бунчалик катта оқимни сингдира олмаслигини аниқлади. Ишсизликнинг кучайиши, заиф иқтисодиёт ва сув тошқинлари ва қурғоқчилик каби табиий офатларнинг давом этаётган таъсири туфайли кўплаб репатриантлар жон сақлаб қолиш учун курашмоқда.
Жаҳон озиқ-овқат дастури (ЖООД) жорий йил ёзида халқаро ёрдамнинг кескин камайиши туфайли 10 миллиондан ортиқ афғон қаттиқ очарчиликка дучор бўлишидан огоҳлантирди. ЖООД ўзининг сўнгги баёнотида жиддий молиявий етишмовчилик туфайли фақат 1 миллион одамга кўмак бера олишини таъкидлади.