Хитой компанияси Қирғизистонда қуёш ва шамол электр станцияларини қуради

logistan.info сайти фотосурати

Хитойнинг Shenzhen Energy Group компанияси Қирғизистонда иккита электр станцияси — қуёш ва шамол электр станциясини қуради. Ҳар бир энергетика иншоотининг қуввати 300 мегаваттни ташкил қилади, деб ёзади Economist.kg Марказий Осиё республикаси президенти ҳузуридаги Миллий инвестиция агентлигига таяниб.

Агентликнинг таъкидлашича, Қирғизистон ҳукумати ва Хитой компанияси ўртасида тегишли келишувлар 4 июль куни имзоланган. Тасдиқланган режага кўра, станциялар қурилиши бўйича қурилиш ишлари жорий йил сентябрь ойида бошланади. Объектлар 2026 йили фойдаланишга топширилиши кутилмоқда, аммо сармоя миқдори номаълум.

Ушбу лойиҳа «яшил» энергетикани ривожлантириш ва мамлакат энергетика хавфсизлигини мустаҳкамлашга қаратилган, дея таъкидлайди Миллий агентлик ва электр станциялари экологик тоза энергия манбаларига ўтиш ва инфратузилмани модернизация қилиш стратегиясининг бир қисмига айланишини қўшимча қилади.

Маълумки, мазкур лойиҳа Марказий Осиё давлати раҳбари Садир Жапаровнинг 2025 йил февраль ойида Хитойга расмий ташрифи чоғида эришилган келишувлар асосида амалга оширилмоқда. Қирғизистон расмийлари таъкидлашича, мазкур объектларнинг қурилиши янги иш ўринлари яратиш ҳамда республика ва Хитой ўртасидаги барқарор ривожланиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш имконини беради.

ℹ️ Июнь ойи бошида Иссиқкўл вилоятида қурувчилар Қирғизистондаги биринчи шундай иншоот — бўлажак шамол электр станцияси (ШЭС) пойдеворини қуйгани ҳақида хабар берилган эди.

Шамол парки «Метрум ТЭК» компанияси томонидан қурилмоқда, лойиҳа Балиқчи шаҳри яқинидаги «Қоракўл» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида амалга оширилмоқда. Режага кўра, жорий йил август ойида қуввати 1 мегаватт бўлган биринчи шамол генератори ишга туширилади.

ШУНИНГДЕК ЎҚИНГ
  • Машҳур санъаткорнинг Жапаров олдида ўзини қандай тутгани Қирғизистонда ҳокимиятга сиғиниш ва сиёсий ўзгаришлар ҳақидаги баҳсларга сабаб бўлди

  • Марказий Осиёдан мингдан ортиқ спортчи Японияда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинларида иштирок этади

  • Муҳим минераллар, сунъий интеллект — «Марказий Осиё — Корея» форматидаги учрашувда яна нималар муҳокама қилинди?

  • Энди туркиялик мактаб ўқувчилари ҳеч қачон «Марказий Осиё» атамасини эшитмаслиги ҳақида